Image default
Адлия саҳифаси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ВА НАТИЖАЛАР

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланди.

Энг аввало, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, сўнгги беш йилда 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Давлат томонидан кўрсатилаётган хизматларда инсон омилини камайтириш рақамлаштирилган технологиялардан кенг фойдаланиш мақсадида 143 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш вақти 2 ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойиллари жорий этилди.
Бугунги кунда республикамизда жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциянерлар қаттиқ жазоланмоқда.
Мазкур иллатни тугатиш мақсадида давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, сўнгги йилларда иш ҳақлари сезиларли оширилди.
Тадқиқотларга кўра, мамлакатлар коррупцияга қарши курашаётган пайтда, давлат даромади тўрт баробар ошиши, бизнес уч фоиз тезроқ ўсиши мумкин экан.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!
Жамиятда шундай инсонлар борки, коррупция менга таъсир кўрсатмайди, чунки мен у билан бевосита шуғулланмайман деб ҳисоблайди. Бироқ, улар янглишади.
Коррупциянинг барчага бирдек таъсирини кўрсатади. Масалан,

  • Коррупцион тизимда бизнес муваффақиятли ривожлана олмайди унга тўсқинлик қилади, бу мамлакатнинг умумий бойлигини камайтиришга олиб келади;
  • Ҳукумат ишчиларга тўлаши ва етказиб беришга сарфлаши керак бўлган пул миқдорини камайтиришга олиб келади (китоблар, дори-дармонлар, компютерлар ва бошқалар).
  • Ҳукумат томонидан ижтимоий хизмат кўрсатиш учун ажратиладиган пул маблағларининг (мактаблар, касалхоналар, йўллар, канализация ва бошқалар) тўғри ишлатилмаслиги, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ёмонлаштиришга олиб келади.


Коррупция ривожланган жамиятларда унинг қуйидаги турлари тез-тез учрайди:
Маиший коррупция, асосан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятида фуқаролар билан муносабатларида манфаатлар тўқнашади;
Ишбилармонлик коррупцияси, бу ҳокимият вакилларининг тадбиркорлик субъект (бизнесмен)лари билан муносабатларида учрайди;
Олий ҳокимият органлари коррупцияси, бу демократик жамиятларда сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланади.
Коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса бўлганлиги боис, коррупцияга қарши аввало, маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 6 июлида “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилиниши ҳамда Давлат харидларида ҳамкорлар (контрагентлар)ни текшириш тартиби ишлаб чиқилиши, 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, 2021 йил 1 октябрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб берилди.
2021 йил 1 декабргача даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилиши шунингдек, автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган “SHAFFOF YO‛L” онлайн ахборот платформаси ишга туширилди.
2022 йил 1 январдан бошлаб “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчилари мунтазам коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилмоқда.
Фармонга мувофиқ, эндиликда “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилмоқда.
Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши тақиқланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилди.
Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу билан бирга, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисоб рақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.
Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади.
Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Ҳ.Равшанов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

АДЛИЯ БЎЛИМИ: ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ КАМАЙМОҚДА(МИ?)

admin

ОЧИҚ ВА ШАФФОФ МЕХАНИЗМ

admin

ХОРИЖГА ЧИҚИШ БИОМЕТРИК ПАСПОРТИНИ ОЛИШ ЯИДХП ВА ДХМ ОРҚАЛИ

admin

ЯНА БИР СОҲА ХОДИМЛАРИГА БОДИКАМЕРАЛАР БЕРИЛАДИ

admin