Image default
Жамият

САФОЛИ УМР ҚАҲРАМОНИ

…Кўплаб муваффақиятларга эришган одамдан сўрадим:
–Бу ютуқларга қандай эришдингиз?
–Тажриба орқали…
–Тажрибага қандай эришдингиз?
–Хатолар орқали…

Кеч куз оқшомларининг бирида суҳбатлашаётган қаҳрамоним — Ғуломали Атаев билан бўлган мулоқотимизнинг илк дақиқасидаёқ унинг катта ҳаётий тажрибага эга инсон эканлигини туяман…
…Очерк қаҳрамонларимни кузатиш-ишимнинг энг аввали, ибтидоси.Бу мен танлаган соҳанинг энг мароқли дақиқалари десам бўлади.
Қаҳрамонимнинг вазмин гапириши, ҳар бир саволга салмоқ билан жавоб бериши ортида унинг раҳбарлик лавозимида узоқ йиллар ишлаганлигини, русча айтганда “одаренный лидер” эканлигини ҳис қиламан.

Болаликни ҳамиша ўзингиз билан олиб юринг, шунда ҳеч қачон кексаймайсиз…
(Том Стоппард)
…8 декабрь куни 63 ёшни қарши олган Ғулом Юсупалиевич болалик деганда дам Пискентнинг Бўрижарида сувда чўмилаётган, дам қора кишмишлар август офтобида тобланган чанг кўчалардан югуриб кетаётган, дам қора бахмалдай тиниқ осмондан ўз юлдузини излаётган бола сиймоси гавдаланаверади…

  • Ўнта болали оилада улғайганман, отам колхозда бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Онам уй бекаси бўлса-да зиёга, илму-маърифатга интилган саводли аёл эдилар. Ота-онам ҳаммамизнинг олий маълумот олишимизга, келажакда ўз соҳамизнинг билимдони бўлишимизга сидқидилдан ҳаракат қилганларини эслайман. Мактаб таҳсилидан сўнг Тошкент Политехника институтининг Металлургия йўналишида ўқиб битирдим,-деб хотиралари билан ўртоқлашади қаҳрамоним.
    Илк фаолиятини бундан 45 йил муқаддам Олмалиқ Кимё заводининг энергоцехида электромонтёрликдан бошлаган Ғулом Юсупалиевич ўз фаолиятини кейинчалик ОКМК Рух заводининг Вельцлаш цехида, туман комсомол котибиятида, туман халқ депутатлари аппаратида референт сифатида давом эттирди. Пискент тумани ҳокимиятининг Умумий бўлимида мудир сифатида ишлаб юрган пайтларини Ғуломали Юсупалиевич “ҳаётимдаги энг яхши ва зарур сабоқларни олган йилларим” деб эслайди.
    18 йиллик раҳбарлик фаолияти, отанинг “ўз ишингни санъат даражасида бажаришга одатлан, раҳбар бўласанми, оддий ишчими, сенга юкланган вазифани меҳр билан адо қилгин” деган ўгитлари уни яна қайноқ иш муҳити — куйдириш цехига бошлади. Куйдирувчи сифатида ишлаган йиллари қаҳрамонимизнинг атрофида кўплаб шогирдлар жам бўлди дейиш мумкин. Комбинат Капитал қурилиши бошқармаси лойиҳа смета ҳужжатлари ва конкурс савдоларини ташкил этиш бўлимида 1-, 2-тоифали инженер, кейинчалик соҳанинг етакчи муҳандиси сифатидаги фаолияти эса қаҳрамонимизнинг яна бир қиррасини кашф эта олган бўлса не ажаб.
  • Ҳозирги кунга келиб бошқармамизнинг асосий иш фаолияти янги қурилиш, алоҳида технологик жараёнларни реконструкция қилиш, оғир ва кўп меҳнат қиладиган ишларни механизациялаш, муҳандислик тармоқлари ва иншоотларни реконструкция қилиш, шунингдек намунавий қурилиш майдончаларини, бинолар лойиҳаларини улаш билан боғлиқ лойиҳалаш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳалар ва смета ҳужжатлар асносида амалга оширилмоқда,-дейди Ғуломали Юсупалиевич.

Яхши мактаблар бўлишига қарамай яхши оталарсиз яхши тарбия бўлмайди…
(Карамзин)
Бугун нафақат касбий фаолиятда, балки фарзандларининг маърифатли ақли етук, хулқи зебо бўлиб шаклланишида ўзига хос ибрат мактабини ярата олган қаҳрамонимиз бугун тўрт ўғил фарзанди — Дилафрўз, Камола, Наргиза, Дилдора ва Улуғбекнинг камолидан мамнундир. Касби шифокорлик бўлган Дилфуза опа билан ОИЛА аталмиш шоҳ асарнинг сарлавҳаларини вафо ва садоқат, меҳр ва муҳаббатдан бунёд қилишга ҳаракат қилдилар.
Қизлар педагогика соҳасини танлашиб, ўқитувчи деган мақомни улуғлаб келишаётган бўлса, Улуғбек мудофаа вазирлигида ўз иш фаолиятини юритиб келмоқда.
Дарҳақиқат, “Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ” деган ҳикмат муборак 63 ёшни қарши олган Ғуломали Юсупалиевичнинг ўзи юкинган ҳаётий ақидаси, шиори бўлди. Йиллар силсиласида тобланган бу ҳақиқат бугун ҳамкасб ва шогирдлари учун УСТОЗ, фарзанду набиралари учун яхши ОТА мақомидаги қаҳрамонимизнинг сафоли умрига гултож бўлган бўлса не ажаб…

Дилафрўз
Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

МАҲАЛЛА РАИСЛИГИ САЙЛОВЛАРИ ЯКУНИГА ЕТДИ

admin

ҲАР СОҲАНИНГ ЎЗ УСТОЗИ, ЎЗ УСТАСИ БОР

admin

САБАБМИ ЁХУД ШАРОИТ

admin

Мен донорман

admin