Image default
Жамият

«ЭНГ НАМУНАЛИ ТУМАН ВА ШАҲАР» РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИДА ОЛМАЛИҚ ШАҲРИ ФАХРЛИ ЎРИН ЭГАЛЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган танловнинг мақсади мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини ошириш ва соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш орқали бу борадаги фаолиятни янги босқичга кўтариш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлиги ва барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир”.
“Энг намунали туман ва шаҳар” танловига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тавсиясига кўра, маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйган, бу борада юқори самарадорликка эришган ҳамда ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаган 14 та туман ва шаҳардан, “Энг намунали вазирлик ва идора” танловига эса 20 та вазирлик ва идорадан ариза қабул қилинди.
Танловда ғолибликка даъвогарларнинг фаолияти Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан жойларга чиқиб, низомда белгиланган мезонлар асосида ўрганилди ва баҳоланди.
“Энг намунали туман ва шаҳар” танловларининг ғолиблари бир неча мезонлар асосида баҳоланди. Жумладан, ҳудуддаги корхона, ташкилот ҳамда таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар ҳолати, китоб дўконлари, кўргазмали тарғибот воситалари, газета ва журналларга обуна сони, мактаб ва маҳаллалардаги кутубхона ҳолати, “Бир зиёли бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойилининг жорий қилинганлиги ва бошқа тамойиллар инобатга олинди.
Шу билан бирга Маънавият ва маърифат хонасининг ташкил этилганлиги, унда тарғибот материалларининг мавжудлиги, тизимда ўтказилган маънавий ва маърифий тарғибот тадбирлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича раҳбар ва масъулларнинг фаолияти таҳлили, ташкилотнинг кутубхона фонди мавжудлиги, соҳа ходимларининг юртимиздаги ислоҳотлардан хабардорлиги ва уларнинг маънавий-маърифий йўналишда билимини оширишга оид ишлардан қай даражада хабардорлигига аҳамият қаратилди.
Ўз тизимида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни намунали ташкил этган, аҳолининг ижтимоий кайфиятини яхшилаш ва ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш бўйича самарали ва таъсирчан инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиб, фаол равишда амалиётга жорий қилган иштирокчилар ғолиблар сафидан жой олди.
Натижаларга кўра, “Энг намунали туман ва шаҳар” йўналишида шаҳримиз учинчи ўринни эгаллаб, 25 миллион сўм пул ҳамда 8 миллион сўмлик китоблар тўпламига эга бўлди. Бу рағбатлар ғолибларнинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тақдирлаш маросими санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастурига уланиб кетди.

Сайёра Якупбекова,
шаҳар Маънавият ва маърифат маркази
бўлинмаси раҳбари.

МАВЗУГА ОИД

МАСЪУЛЛАР ҚАЧОН УЙҒОНАДИ?

admin

УРУШ ФАХРИЙЛАРИ ЭЪТИРОФДА

admin

“ВАТАН ТАЯНЧИ” ҲАРАКАТИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ НИМА?

admin

OʻZBEKISTONDA YASHASH UCHUN ENG QULAY SHAHARLAR REYTINGI EʼLON QILINDI

admin