Вояга етган кимса учун жамиятда ўз ўрнини топиш, касб-ҳунарли бўлиб, ишга кириш, бандлигини таъминлаш доимо олий мақсад ва долзарб масала бўлиб келган. Инсонларнинг ана шу олий мақсадларидан фойдаланиб, қийналмасдан “пул” топишни мақсад қилганлар ҳам орамизда афсуски, топилади. Мақоламизнинг бугунги қаҳрамони ҳам шулар жумласидан.
Пискент тумани Муротали қишлоғидан бўлган Илғор Боймоқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2022 йил август ойидан 2023 йил 11 апрель кунига қадар “Enter engeenering” pte LTDда бетон қуювчи бўлиб ишлаган эди. Бир куни унинг ушбу корхонада ишлашини билган маҳалладош танишлари Илғордан ўзи ишлаётган корхонага ишга киритишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Шундан сўнг Илғор ҳамкасби Ҳамза билан тил бириктириб, “мўмай” даромад топиш режасини тузди.
Илғор 2023 йил 17 март куни алдаш йўли билан таниши Ҳамза Намозов билан Ботир Умаровни “Enter Engenering” pte LTDга 300 АҚШ долларига ишга киритиб қўйишга қизиқтириб, ишонтирди ва Ботирдан сўралган пулнинг 100 АҚШ долларини олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди. Аммо ҳаммаси у ўйлагандек бўлиб чиқмади. 10 апрель куни Илғор “Олмалиқ КМК” АЖга қарашли 3-сонли Мис бойитиш фабрикаси ва “Enter Engenering” pte LTD ҳудудига кириш қисми назорат ўтиш жойида 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулдан қолган 200 АҚШ долларини Ботирдан олаётган вақт, ҳуқуқни муҳофаза этиш органи ходимлари томонидан қўлга олинди.
Бундан ташқари, И.Боймоқов жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2023 йил 25 март куни алдаш йўли билан Ҳамза Намозов билан жиноий тил бириктириб, таниши Фарруҳ Шохидовни “Enter Engenering” pte LTDга киритиб қўйишга қизиқтириб, сўралган пулдан 300 АҚШ долларини олишга эришган ва ушбу пулларни ҳам шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Суд Илғор Боймоқовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўтаттиришлик учун 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Шунингдек, суд Илғорнинг жиноий шериги Ҳамза Намозовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўтаттиришлик учун 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим деб топди.
Ишга киришда учраётган юқоридагидек фирибгарлик ҳолатлари таассуфки, орамизда кўплаб учраб турибди. Табиийки, бу каби фирибгарларнинг қурбони содда, ишонувчан инсонлар бўлиб чиқаяпти. Шу ўринда юртдошларимиздан Илғор ва Ҳамза каби фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг, деб қоламиз!
Умид Артиков,
Вилоят ИИББнинг ОКМКдаги ИИБ ТҚХ катта тезкор вакили, майор.