“Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–5-сон, 04.01.2024 й.) қабул қилинди.
Фармон билан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилди.
Бунда тарбиркор жарима сифатида ундирилган маблағнинг 20 фоизи миқдорида пул билан рағбатлантирилади.
Ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган санитар тозалаш корхоналари ходимлари учун “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади.
Мазкур ходимлардан 100 нафарининг давлат ОТМга тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади.
Ҳар йили “Энг тоза маҳалла” танлови ўтказилиб, танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаси қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун жами 500 миллион сўм пул ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль берилади.
2024 йил 1 апрелдан:
- кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Ягона электрон тизим орқали онлайн текширилиб, қарздорлик бартараф этилгач нотарил ҳаракат амалга оширилади;
- барча санитар тозалаш корхоналари Ягона электрон тизим орқали хизмат кўрсатади, тизимга уланмаган корхоналар билан шартнома бекор қилинади ва улар хизмат кўрсатадиган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхонага берилади.
Чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш фақатгина Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар SMS орқали хабардор қилиб борилади.
Қарздорлик бўйича огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган шахсларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти қуйидаги босқичларда жорий этилади:
1-босқичда – Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2024 йил 1 июндан – 6 ойлик қарздорлик учун;
2-босқичда – республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан – 3 ойлик қарздорлик учун;
3-босқичда – республиканинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан – 1 ойлик қарздорлик учун.
2024 йил 1 июндан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади (аҳоли мустақил саралаган чиқиндилар бундан мустасно).