Халқимизда азалдан оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратилган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода қачон оилалар салоҳиятли бўлса, бундай оилалардан ташкил топган жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Шунинг учун қонун ҳужжатларимизда ҳам, динимизда ҳам оилага иймон, муҳаббат, таълим-тарбия ва бахтли ҳаёт сари йўлловчи маскан сифатида қараш вожиб бўлган. Ҳар икки томоннинг кўрсатмаларига мувофиқ қурилган оила мустаҳкам қонун-қоидалар устига қурилган бўлади. Ҳаётда учрайдиган турли муаммолар бундай асос устига қурилган оила мустаҳкамлигига асло раҳна сола олмайди. Қуйидаги қаҳрамонларимиз афсуски, на қонунчиликка, на динимизга тўғри келмайдиган йўлни танлади ва бу жиноят кўчасига киришларига сабаб бўлди.
Икки нафар фарзанди бўлишига қарамай Ҳикмат оиладаги жанжаллар сабаб, қонуний никоҳдаги хотини Назира билан ажрашди ва 2014 йил танишиб қолган Хулкар исмли аёл билан шаърий никоҳдан ўтиб яшай бошлади.
Хулкар Ҳикматнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатида яхшигина маошга ишлашини билиб, эндиликда моддий қийинчиликларсиз яшашига умид қилганди. Аммо ҳамма орзулари сароб бўлиб чиқди. Чунки Ҳикмат 2014 йилда буён Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида ОИВга чалинган шахс сифатида рўйхатда туришини Хулкардан сир тутган эди. Ҳаммаси ушбу сирнинг очилишидан бошланди. Ўртада фарзанд туғилгач, Ҳикматнинг сири фош бўлди, энди орқага йўл йўқлиги боис, Хулкар Ҳикмат билан 2016 йил қонуний никоҳдан ўтиб яшай бошлади. Лекин ёлғон билан қурилган оила қўрғони мустаҳкам бўлмаслиги табиий эди. Эндиликда нафақат Ҳикмат, балки Хулкар ҳам ОИВни юқтириб олган ва тақдирга тан бериб яшашдан бошқа иложи йўқ эди. Аммо Ҳикмат бедаво касаллиги сабаб тинмай спиртли ичимлик ичар ва уйига келиб кунора жанжал чиқарарди.
Шундай кунларнинг бирида, яъни, 2023 йил 25 февралдаги жанжал маст Ҳикматнинг Хулкарга пичоқ санчиши билан якунланди. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, Хулкар “гемоперитонеум, ўткир постгеморрагик камқонлик, қорин бўшлиғига тешиб ўтувчи ва жигар чап бўлагини тешиб ўтувчи, санчилган кесилган” жароҳат олганлиги аниқланиб, ушбу жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳатлар тоифасига кириши аниқланган. Шундай бўлсада, Хулкар шаърий никоҳдаги эри Ҳикматга нисбатан қонуний даъво билан чиқмади.
Аммо қонун барчага баробар.
Суд, судланувчи Ҳикматга Холмирзаевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) жазо тури ва меъёрини тайинлашда, судланувчининг шахсини, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, бир оила эканлигини, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан модда санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш жазосини тайинлашликни лозим деб ҳисоблади.
Тегишли моддаларга асосан Ҳикмат Холмирзаевга нисбатан 3 (уч) йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди ҳамда озодликни чеклаш жазоси Олмалиқ шаҳри А.Қаҳҳор кўчасидаги хонадонда ўташ белгиланиб, унга кеч соат 22:00дан эртаси куни соат 06:00га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланди.
Маъмуржон Туйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.