Image default
Ҳикоя

ЙЎЛОВЧИ

– Кўзингизга қарасангиз-чи, ҳой! – йигит тармозни қаттиқ босгач, ҳозиргина машинасининг тагига кириб кетишига бир баҳя қолган йўловчига бақирди. Сўнг дарҳол автомобилидан тушиб, йўл ўртасида қаққайиб турган ўзи тенги йигитнинг ёнида ҳозир бўлди: – Кармисиз, нима, сизга гапираяпман? Сал қолса, босиб кетардим…
– Яхши бўларди…
Маъюс шивирлаш ҳайдовчи йигитнинг шаштини пасайтирди. Йўловчи ўйчан нигоҳларини узоқларга тикканча чайқалиб юра бошлади. “Аниқ бир фалокатга йўлиқади, маст кўринади”, ўйлади ҳайдовчи.
– Юринг, манзилингизга ташлаб қўяман.
Аммо йўловчи уни эшитмагандек тентираб кетаверди. Ҳайдовчи унинг билагидан ушлаб, машинаси томон судради.
– Ўтиринг! Бу алфозда кўчада қоласиз! Изғиринни қаранг ўзи…
Йигит унга бўйсуниб машинага ўтирди. Унчалик маст ҳам эмас экан, қандайдир ҳардамхаёл…
– Қаерга борамиз? Манзилингизни айтинг.
– Энди борар манзилим йўқ… Муҳаббат номли уйдан ҳайдашди. Қаҳратонда қолдиришди…
Йўловчи йигитнинг телбанамо сўзларидан ҳаётида қандайдир ёмон ҳодиса юз берганини англаган ҳайдовчи унинг ҳолатини сал тушунгандек бўлиб, машинани ўз уйи томон ҳайдади.
Уйига етиб келгач, йигитни меҳмонхонага бошлади. Аччиққина кўк чой дамлади. Йўловчи ўзи бир дардкашга муҳтож эканми, суҳбатлари ярим тунгача чўзилди.
– Бугун у менга таклифнома тутқазди… шунчаки, ҳудди ўртамизда ҳеч нима бўлмагандек. Қизиқ, бу хабарни эшитиб юрагим тўхтаб қолса керак, деб ўйлагандим. Ҳалиям яшаяпман…
– Бевафо денг… – ҳайдовчи йигит бошини сарак-сарак қилди. – Эҳ, бу замон қизларига ишонч йўқ ўзи. Шунинг учун менам қизларга ишонмай, келин танлашни онамга топширгандим. Ўзларига ёққан қизни танладилар. Яқинда тўйимиз… Ҳақиқий севги-муҳаббат тўйдан сўнг пайдо бўлади. Сиз бу ўткинчи ғам-аламга кўпам берилманг, дўстим. Вақт барига даво.
– Беш йиллик муҳаббатимга вақт қачон даво бўлар экан? «Нега» деган саволдан қутула олармикинман? Энди бировни у каби сева олармикинман? – йўловчининг кўзига ёш келди. Билдирмаслик учун чойдан ҳўплади.
Ҳайдовчи унинг елкасига қоқди:
– Ўзингизни қўлга олинг! У кўз ёшларингизга арзимас экан. Тақдир сизнинг фойдангизга ишлаган: бир субутсиз жуфтдан қутқарибди.
Йўловчи аламли кулди. Қўйнидан таклифномани чиқариб ғижимлаб ирқитди.
– Қачонлардир «сизни севаман» деб пичирлаган лаблар, қулоқларимни қитиқлаган зулфлар, шу каби қаҳратонда қўлларимни иситган кафтлар, фақат менга қадалган нигоҳлар… энди тамоман бегонага насиб этмоқда. Аммо у буни шунчалик табиий қабул қилдики… муҳаббатимиз учун курашишни истамади. Ота-онасининг сўзидан чиқа олмаслигини айтди.
– Шунча вақт… нега ўзингиз совчи юбориб розиликларини олмагандингиз?
– У тенгим бўлганида биз аллақачон бирга бўлардик. Дунёда мансаб пул, бойлик деган нарсалар ҳам борки ҳамиша муҳаббат йўлига ғов бўлиб келган. Унинг отаси сарфлаган бир кунлик пулни ота-онам бир ойда ҳам топа олишмайди. Лекин мен доим ўз кучимга ишониб келганман! Куни кеча лавозимим кўтарилди. Энди отаси розилик берар, деб севганимдан суюнчи олишга ошиқдим У эса… суюнчини аллақачон ҳозирлаб қўйган экан!
Ҳа… қиз бола кўп ҳолатда отасига қарши чиқа олмайди. Уни ҳам тушунинг.
Тақдир, ҳай майли, тунда сизни ҳам безовта қилдим. Энди кетай…
Эрталаб кетарсиз ёки элтиб қўяй…
Раҳмат ҳожати йўқ. Уйим шу атрофга яқин Онам кутиб қолгандир…
Икки йигит қуюқ хайрлашди. Йўловчи негадир енгил тортган, совуқ ҳаво заҳри юзини чимдиласада шаҳдам кетиб борарди. Бу изғирин унга нима бўпти? Ҳали ҳаётида баҳорлар келади…
Ҳайдовчи йигит бўлса уни кузатгач, меҳмонхона диванига чўзилди. Ўз ҳаёти бўлажак умр йўлдоши ҳақда ўй сурди. Бор йўғи икки марта кўришган бўлсаларда, бу қиз ўзига ипдек боғлаб олди. Йигит у билан бахтли бўлишига ишонади.
Шу пайт кўзлари стол тагида ётган бояги таклифномага тушди. Йўловчи уни қолдириб кетибди. Беихтиёр уни очди. Очди-ю ҳайрат тўла кўзларида боягина ёниб турган туйғу ўрнини кучли оғриқ эгаллади: ўша сана, ўша ресторан. Таклифномада ўзи ва бўлажак рафиқасининг исм-шарифи ёзилган эди.

Нодирабегим Иброҳимова.

МАВЗУГА ОИД

«Алдоқчи»

admin

ҲАЛОЛ КАСБ БАРОКАТИ

admin

«ЯХШИЛАР БОР ЭКАН, ҚИЁМАТ БЎЛМАЙДИ»

admin

КИМ БИЛАН ГАПЛАШAЁТГАНИНГИЗНИ БИЛИНГ

admin