Image default
Жамият

МАҲАЛЛА РАИСИМАҲАЛЛАНИНГ ҲОКИМИ БЎЛАДИГАН ТИЗИМ ЯРАТИЛДИ

Жорий йил 26 сентябрда маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўтказган йиғилишда ҳурматли Президентимиз томонидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла бошқарув тизимини такомиллаштириш ва маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Давлатимиз Раҳбари томонидан 2023 йил 21 декабрда 209-сонли Фармон ва 402-сонли қарор имзоланди.

“Маҳалла “еттилиги”нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланиб, бунда раисларнинг роли кучайтирилди. Барча аъзоларнинг KPI баҳолашнинг 20 фоизи маҳалла раислари томонидан амалга оширилади. Ходимларнинг ишга келиб кетиши тўғрисидаги давоматни (табелни) маҳалла раиси томонидан юритиш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари орқали кўрсатиладиган жами 67 турдаги ёрдамлар ва субсидиялар “маҳалла “еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади.

Ушбу Фармон ва Қарорда қуйидаги масалаларга ечимлар ўз ўрнини топган:
Биринчидан, соҳада алоҳида махсус орган бўлмаганлиги маҳаллаларни ривожлантиришга бўлган эътиборни сусайтираётган, маҳаллалар фаолияти устидан назорат ва мониторинг давлат органи зиммасига юклатилганлиги уларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақомига зид бўлиб қолган эди.
Ушбу масаланинг ечими сифатида нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг вилоят ва туманлардаги бўлинмалари ташкил этилди.
Уюшмага Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг жами 982 та штати ўтказилди.
Бунда республика бошқарувида – 43 та, вилоят бошқармаларида – 8-12 та (аҳоли ва маҳаллалар сонидан келиб чиқиб) ва туман (шаҳар) бўлимларида
– 3-6 нафар штат бирлигида бошқарув ходимлари фаолият кўрсатади.
Уюшма раиси мақоми ва бошқа шароитлар бўйича Бош вазир ўринбосарига, вилоят ва туманлар бўлинмалари бошлиқлари вилоят ва туман шаҳар ҳокимлари ўринбосарларига тенглаштирилди.
Уюшма фаолияти Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш фондидан ажратиладиган субсидия орқали молиялаштирилади.
2024 йил учун мўлжалланган давлат бюджети қонунида ушбу мақсадга 847 млрд сўм ажратилиши назарда тутилган.
Иккинчидан, Уюшманинг 9 та асосий вазифалари белгилаб берилди. Булар:
– маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи халқчил тузилмага айланишини таъминлаш;
– ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш ишларини амалга ошириш;
– фуқароларнинг ўз уйи ва кўчасини озода сақлаш, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўриш ва бошқалар.
Учинчидан, Маҳаллани қўллаб-қувватлаш туманлар (шаҳар) кенгашлари ташкил этилди.
Бунда туман (шаҳар) кенгашларига ҳокимлар раислик қилади.
Кенгаш таркибига “маҳалла еттилиги”га кирувчи ташкилотлар раҳбарлари киритилди.
Кенгашлар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. Бунда Республика кенгаши – ҳар 6 ойда, вилоят кенгашлари – ҳар 3 ойда, туман кенгашлари – ҳар ойда камида 1 маротаба Уюшма ва бошқа давлат ташкилотлари фаолиятини баҳолаш ва муаммоларни ҳал қилиш юзасидан йиғилади.
Тўртинчидан, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолига 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан вазифалар юклатилган эди.
Жумладан, маҳалла раислари бундан буён қуйидаги 5 та асосий вазифа ижросига масъул ҳисобланади:

  1. Маҳалла ободлигини таъминлаш, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш чораларини кўради, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатлари экиш бўйича тарғибот ишларини амалга оширади.
    Бунда ҳар ойда камида бир маротаба маҳалладаги барча кўчаларда оммавий ҳашар уюштиради, камида 2 та эҳтиёжманд оилаларнинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда, ҳашар ташкил этади.
  2. Миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилади, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш чораларини кўради, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказилишини таъминлайди.
    Бунда ҳар чоракда бир маротаба диний уламолар, маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларни аҳоли билан миллий қадриятлар ва урф-одатларни сақлаш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш бўйича учрашувлар ташкил этади.
  3. Маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш ва муаммоларга ечим топишини таъминлайди.
    Бу борада маҳалла кенгашида ҳар ойда камида 5 та маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини маҳаллада амалга оширган ишлари юзасидан ахборотини эшитиб, муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади.
  4. Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимга умумий раҳбарлик қилади, маҳаллани ҳар томонлама ривожлантиришда улар имкониятларидан самарали фойдаланиш чораларини кўради.
    Бунда ҳар ҳафтада ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимларнинг ҳисоботини эшитади ва уларни ҳар бири ҳар ойда камида 10 тадан муаммоли масалаларни ҳал этишини назоратга олади.
  5. Маҳалла ҳудудида қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади, шу жумладан, таълим, тиббий хизмат, спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади.
    Бу борада ҳар ҳафтада бир маротаба маҳалла ҳудудидаги таълим ташкилотида ўқувчиларнинг давоматини, оилавий поликлиникаларда (ҚВПларда) аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ва патронаж ҳамшираларнинг оилаларга ташрифи, спорт ташкилотларининг аҳоли учун очиқлиги, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофининг тозалиги ҳамда дарахтларни парваришлаш ҳолатини ўрганади.
    Шунингдек, бошқа ходимларнинг ҳам вазифалари Фармонда аниқ белгилаб берилган. Маҳалла раислари уларнинг ҳам вазифаларини билишлари керак (келгусидан улардан талаб қилиш ва ижросини назорат қилиш учун).
    Бундан ташқари, “Маҳалла баланси” ягона платформаси яратилади. Бундан буён, давлат органлари фақат ягона платформада юритиладиган ҳисоботларни сўрайди, бошқа ҳисоботларни сўраш тақиқланади.
    Бешинчидан, Бугунги кунга қадар ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли ёрдам ажратиш бўйича қарорлар қабул қилишда маҳалла раисидан мустақил эди.
    Фармон билан бунинг ечими сифатида қуйидагилар белгиланди:
  6. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори маҳалла “еттилиги”ни ташкил қилади.
    Худди шундай, вертикал тизим ҳам яратилди.
    Уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари кенгашларнинг ижро органи сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу қонунларга маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш каби муҳим қоидаларни киритиш зарурлиги белгилаб берилди.

Бунинг натижасида, моддий ёрдам тайинлашнинг 5 босқичли тартиби 3 босқичга туширилади. Маҳалла “еттилиги” ўзи мустақил қарор қабул қилади ҳамда ушбу қарорлар учун аҳоли олдида жавобгар бўлади.
Олтинчидан, шу пайтга қадар маҳалланинг солиқларни йиғишдаги роли ва манфаатдорлиги, солиқларни маҳалланинг инфратузилма муаммоларини ечишга қаратиш бўйича мослашувчан тизим мавжуд эмас эди.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида Фармонда 1 январдан бошлаб маҳалла бюджетини шакллантириш ҳамда уларда шаклланадиган маблағларни маҳалла “еттилиги”нинг коллегиал қарорлари орқали инфратузилмани яхшилашга йўналтириш белгиланди.
Бунда ҳар бир маҳалладаги Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасининг манбалари сифатида мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизи ҳамда бўш турган кўчмас мулкни сотиш ва бинолар ижарасидан тушумлар этиб белгиланди.
Маҳалла “еттилиги” фақат қарорлар чиқаради, бухгалтерия ҳисоботи Уюшманинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юритилади.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” платформалари “Маҳалла баланси” ягона платформасига интеграция қилинади.
Бу эса маҳалла аҳолисини тўлиқ ушбу платформага киритиш, ёрдам олаётган шахслар тўғрисидаги маълумотни очиқлаш ва маҳалла “еттилиги” фаолиятига баҳо бериш имконини яратади.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”ни юритиш вазифаси “Инсон” ижтимоий хизмат марказига ўтказилади. Бунда, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёрдамлар индивидуал дастурга асосан фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқаришга йўналтирилади.
Фармонда “маҳалла еттилиги” учун қулай ва ихчам биноларни ўзида мужассам қилувчи маҳалла идораларининг намунавий биноси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, давлат-хусусий шериклик ва бошқа манбалар ҳисобидан ўз биносига эга бўлмаган маҳаллаларда биноларни уч йил муддатда қуриб топшириш белгиланди.
Шунингдек, маҳаллалар фаолиятини жорий таъминлаш (маҳалла раисининг иш ҳақи, коммунал тўловлар, канцелярия моллари кабилар), моддий-техник базасини мустаҳкамлаш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Яна муҳим янгилик – Инвестиция дастурларини шакллантиришда маҳалла “еттилиги” томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, Қарорда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Бундан ташқари, қонунларга маҳалла “еттилиги” таркибига лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш, маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик киритиш, маҳалла раислари ўз фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганда, халқ депутатлари туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашлари томонидан уларга нисбатан ишончсизлик билдириш кабиларни киритиш белгиланди.
Шунингдек, Давлатимиз Раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-401-сонли Қарори билан жорий йил 1 январдан бошлаб хотин-қизларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишлари асосида ўн бир ойгача муддатга маҳаллада иш юритувчи бўлиб ишлашларига рухсат берилди.
Маҳалла раислари ўз маҳаллалари Кенгашлари йиғилишларини ўтказиб, Фармон ва Қарорлардан келиб чиқиб, “еттилик”нинг ҳар бири амалга оширадиган вазифалар ва маҳалланинг чораклик иш режаси белгилаб олинади.
Шунингдек, маҳалладаги жамоатчилик тузилмалари, айниқса “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, ҳар бир кўча бўйича масъуллар (кўчабоши эркак ва аёл), нуроний отахон ва онахонларни йиғиб, уларга Фармон ва Қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифаларни ҳамда маҳалланинг режасини етказиб, улар орқали маҳалла аҳолиси ўртасида тушунтириш ишлари ташкил этишлари белгилаб берилди.
Бундан буён сектор раҳбарлари томонидан мунтазам равишда Уюшманинг шаҳар бўлими, маҳалла “еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш, тизимда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати.

МАВЗУГА ОИД

Режа бажарилди:63 минг туп дарахт экилди

admin

ЭНДИ ҚУЁШ НУРИДАН ҲАМ ДАРОМАД КЎРИШ МУМКИН

admin

ҚУРИЛИШДА ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛИШИ ШАРТ

admin

Халқ ва армия бир тану бир жондир!

admin