Image default
Жамият

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ КЕРАК.МИ?

Аҳолини рўйхатга олиш шунчаки статистика эмас, балки бу мамлакат аҳолисининг маълум бир вақтдаги фотосуратини кўриш имкониятини берадиган йирик миқёсдаги тадбир ҳисобланади.

Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида маълум бир белгиланган даврларда аҳолисини рўйхатга олиб боради. Кўпчилик мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш бўйича ҳар ўн йилликда раунд эълон қилинади
ва унда аъзо мамлакатларга ўз ҳудудларида камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тавсия этилади. Хусусан, 2015 йил
10 июнь санасида қабул қилинган резолюциясида аъзо давлатларга аҳоли
ва уй-жой фондини рўйхатга олиш тадбирини 2015-2024 йиллар оралиғида камида бир марта ўтказиш тавсия этилган.

Бугунги кунга келиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг аксариятида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилди, фақат Украина, Молдова ва Ўзбекистон Республикаларида ҳали бу тадбир ўтказилмади.

Аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш 2020 йил раунди
доирасида МДҲ давлатларининг иштироки

Т/рМамлакат номиЎтказилган санаси
1Озарбайжон Республикаси2019 йил 1-10 октябрь
2Беларус Республикаси2019 йил 4-30 октябрь
3Тожикистон Республикаси2020 йил 1-15 октябрь
4Қозоғистон Республикаси2021 йил 1 сентябрь-30 октябрь
5Россия Федерацияси2021 йил 15 октябрь-14 ноябрь
6Арманистон Республикаси2022 йил 13-22 октябрь
7Қирғиз Республикаси2022 йил 25 март-3 апрель
8Туркманистон Республикаси2022 йил 17-27 декабрь

Ушбу раунд доирасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирнинг саналари кўпгина давлатларда короновирус пандемияси (COVID-19) туфайли ва бошқа сабабларга кўра бир неча маротаба бошқа саналарга кўчирилди.

Шунингдек, COVID-19 пандемияси туфайли кўпгина мамлакатлар аҳолини рўйхатга олиш тадбири доирасида рўйхатга олиш ва сўров ўтказиш усулларини ҳам ўзгартиришди.

2000 ва 2010 йиллар раундида МДҲ мамлакатларининг барча аъзолари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комиссияси ҳудудларидаги кўпгина мамлакатлар аҳолини рўйхатга олишда фақатгина анъанавий усулдан, яъни аҳоли билан юзма-юз сўров ўтказиш усулидан фойдаланишган.

Аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишнинг сўнгги 2020 йил раундида эса кўпгина мамлакатлар аралаш усулдан фойдаланишди. Масалан, МДҲ давлатлари орасида Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси ҳамда БМТ ЕИК ҳудудларида эса 13 та мамлакат шулар жумласидандир. Ушбу мамлакатлар аҳолини рўйхатга олишда анъанавий усул билан бирга, замонавий технологиялардан, Интернет тармоғидан, планшет ва бошқа мобил қурилмалардан кенг фойдаланишди.

Аҳолини рўйхатга олиш усуллари

Шу билан бирга, БМТ ЕИК нинг 16 та мамлакатлари мавжуд регистр маълумотларидан ва танланма кузатувлардан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олишган.

Бундай кўринишдаги замонавий технологиялардан ҳамда ноанъанавий усуллардан кенг фойдаланиш респонтдентлар ҳамда рўйхатга олувчиларга юкламанинг камайишига, бирламчи маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ҳамда якуний маълумотларни эълон қилиш жараёнларини тезлаштиришга, якуний маълумотлар сифатининг ошишига хизмат қилади.

Аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш 2020 йил раунди доирасида МДҲ мамлакатлари ҳудудидаги жами аҳолининг 74 фоизи рўйхатга олувчи ходимлар томонидан рўйхатга олинган бўлса, 16 фоизи Интернет тармоғи орқали ўзлари рўхатдан ўтган ҳамда қолган 10 фоиз аҳолининг маълумотлари турли маъмурий манбалардан олинган.

Беларус Республикасида жами рўйхатга олинган шахсларнинг 76 фоизи рўйхатга олиш ходимлари томонидан планшет қурилмалари ёрдамида сўров ўтказиш усулида рўйхатга олинган ва аҳолининг 22 фоизи Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган. Қолган 2 фоиз аҳоли  рўйхатга олишда иштирок этишдан бош тортган, улар тўғрисидаги маълумотлар маъмурий манбалардан олинган.

Рўйхатга олиш натижаларига кўра Беларус Республикаси аҳолиси сони 9,4 миллион киши бўлиб, шундан 4,3 миллион киши эркаклар, 5,1 миллион киши аёлларни ташкил этган. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра жами аҳолининг 77,7 фоизи шаҳар жойларда, 22,3 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Россия Федерациясида ҳам аҳолини рўйхатга олиш электрон шаклда ўтказилган. Аҳолининг 18 фоизи Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган бўлса, қолган қисми рўйхатга олувчи ходимлар томонидан аҳоли ўртасида сўров ўтказиш орқали планшет қурилмалари ёрдамида маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида рўйхатга олинган.

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, 2010 йилдан 2021 йилгача Россия аҳолиси 1,4 фоизга ўсган ва 147,2 миллион кишини ташкил этиб, унинг 46,5 фоизини эркаклар ва 53,5 фоизини аёллар ташкил этган. Рўйхатга олиш натижалари Россияда урбанизация жараёнлари давом этаётганини, мамлакат аҳолисининг 74,8 фоизи шаҳарларда яшашини кўрсатган.

Қозоғистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш рақамли шаклда амалга оширилган бўлиб, респондентларнинг 40 фоизи саволномаларни Интернет тармоғи орқали мустақил равишда тўлдиришган, 60 фоизи эса планшет қурилмалари ёрдамида сўров ўтказиш усули орқали рўйхатга олинган. Бу жараёнда респондентларнинг тўлиқ исми, жинси ва туғилган санаси тўғрисидаги маълумотлар маъмурий манбалардан тўлдирилган.

Қозоғистон Республикаси Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2009 йилдан буён Қозоғистон аҳолиси 20 фоизга ўсган. 2021 йил
1 сентябрь ҳолатига кўра, республика аҳолиси сони 19,2 миллион кишини ташкил этган. Шаҳар аҳолисининг улуши ўсишда давом этган бўлиб,
56,1 фоиздан 61,2 фоизгача ўсган. Қишлоқ аҳолиси эса 43,9 фоиздан
38,8 фоизга камайган. Қозоғистон Республикасида аёллар сони, аввалгидек, эркаклар сонидан устун бўлган.

МДҲ минтақасидаги аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш 2020 йил раундини аввалги раундларга нисбатан бурилиш нуқтаси сифатида қуйидагиларни алоҳида эътироф этиш лозим:

• аҳолининг Интернет тармоғи орқали саволномаларни мустақил равишда тўлдириш имкониятидан фаол равишда фойдаланганлиги;

• аҳолини рўйхатга олишнинг қоғоз шаклларидан деярли бутунлай воз кечиш ва аҳоли ўртасида сўров ўтказишда планшет қурилмаларидан фаол фойдаланилганлиги;

• аҳолини рўйхатга олишнинг анъанавий усули билан биргаликда маъмурий маълумотлардан, яъни аҳоли регистрларидан фойдаланиш аҳолини рўйхатга олиш моделини янада мураккаблашганлиги;

• респондентларнинг жавобларини қайд этиш учун техник восита сифатида олдиндан ўрнатилган мобил иловага эга рўйхатга олувчиларнинг шахсий телефонларидан фойдаланилганлиги.

Шунингдек, дунёнинг етакчи давлатларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, Хитой Халқ Республикасининг еттинчи миллий аҳолини рўйхат олиш тадбири 2020 йил
1 ноябрдан 10 декабргача ўтказилган. Ушбу рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун 7 миллионга яқин рўйхатга олувчи ходимлар жалб қилинган. 2020 йилги Хитой аҳолини рўйхатга олиш тадбири Хитойда яшовчи барча Хитой фуқароларини, шунингдек, вақтинчалик визалар билан чет элда яшаётганларни қамраб олган.

Аҳолини рўйхатга олишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида рўйхатга олиш жараёнларига тўлиқ ахборот технологиялари жорий қилинди. Рўйхатга олувчилар маълумотларни реал вақт режимида электрон қурилмалар орқали узатганликлари маълумотларни йиғиш жараёни тўлиқ рақамли амалга оширилганлигини англатади. Респондентларга ўзлари ҳақидаги шахсга доир маълумотларни Интернет тармоғи орқали юбориш имкони ҳам берилган.

Хитой аҳолиси 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 1 миллиард
411,7 миллион кишини ташкил этган. Бу 2010 йилга нисбатан 5,4 фоизга ошганлигини кўрсатади. Эркаклар сони 723,3 миллион киши (жами аҳолининг 51,2 фоизи), аёллар сони эса 688,4 миллион кишини (48,8 фоиз) ташкил этган.

Америка Қўшма Штатларида 2020 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш АҚШ ҳудудида ўтказилган йигирма тўртинчи аҳолини рўйхатга олиш тадбири бўлиб, бу аввалги аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида бўлгани каби, қоғоз шаклидаги саволномалар орқали сўров ўтказишдан ташқари, онлайн ёки телефон орқали ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбири бўлган. Рўйхатга олиш натижаларига кўра, АҚШ аҳолиси 331,4 миллион кишини ташкил этиб, 2010 йилга нисбатан 7,4 фоизга ўсган.

Таъкидлаш керакки, аҳолини рўйхатга олиш мамлакат аҳолисининг аниқ сонини, аҳоли таркиби ва унинг яшаш шароитлари ҳақидаги маълумотларни билиш имконини беради. Асосийси, бу натижаларни турли хил умумлашган, шахссизлантирилган жадвалларда акс эттириш мумкин
ва улардан нафақат бутун мамлакат, балки аҳолининг турли тоифалари
ва ҳудудлари бўйича ҳам таҳлил қилишда фойдланиш мумкин. Бу аввалги аҳолини рўйхатга олишдан кейин ўтган вақт давомида ушбу кўрсаткичларнинг ўзгаришлар динамикасини баҳолаш имконини беради. Ушбу маълумотлар аҳолининг истиқболли ҳисоб-китоблари ва яқин йиллардаги мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг асосий характеристикалари учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил
20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида  мамлакатимиз аҳолиси 36 миллиондан ошиб, ҳар йили 900 минг янги авлод кириб келаётгани таъкидланган эди.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва уларга муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган бир пайтда, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.

Мустақил Ўзбекистон ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳали бирор марта ўтказилмаган бўлиб, мамлакат ҳудудида сўнгги аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1989 йилда ўтказилган.

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг тегишли Фармонлари
ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ республикамизда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ишлари тизимли равишда давом этмоқда.

Жумладан, республикамизда аҳолини рўйхатга олишни тартибга солувчи барча норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар ҳамда рўйхатга олиш саволномалари шакллари ишлаб чиқилди, аҳолини рўйхатга олишнинг махсус веб-сайти (aholi.stat.uz) жорий қилинди, тадбирнинг логотипи
ва шиори (“Янги Ўзбекистоннинг бир қисми бўл!”) тайёрланди, аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва натижаларини шакллантириш имконини берувчи “Аҳолини рўйхатга олиш” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Шунингдек, республикамиздаги барча маҳаллаларнинг схематик хариталари янгиланиб, аҳоли яшайдиган турар ва нотурар жойлар рўйхати тузиб чиқилди.

Шунингдек, 2021 йилда Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилди. Синов жараёнларида планшет усулида аҳолини рўйхатга олиш қоғоз усулига нисбатан қулайлиги, тезкорлиги ва иқтисодий жиҳатдан самаралироқ эканлигини кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини Интернет тармоғи орқали ва планшет қурилмаларидан кенг фойдаланган ҳолда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Олмалик шаҳар Статистика бўлими бошлиғи Шухрат Исахўжаев,

Олмалик шаҳар Статистика бўлими бош мутахассиси Исмоил Суропов

МАВЗУГА ОИД

КОНЧИ-МЕТАЛЛУРГЛАР ШАРАФЛАНДИ

admin

БАЙРАМГА 31,442 МЛРД. СЎМЛИК ОБЪЕКТ ТУҲФА ЭТИЛДИ

admin

МАҲАЛЛАЛАРДАИФТОРЛИКЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

admin

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОМБИНАТ ИШЧИ-ХОДИМЛАРИ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ АКС ЭТАДИ?

admin