Image default
Жамият

УЙИМИЗ ЯХШИ ИСИМАЯПТИ. НИМАГА?

Маълумки, шаҳримиздаги мавжуд 656 та кўп қаватли уйлар, шунингдек, ижтимоий объектлар билан жамлаганда жами 750 та объект марказлашган иссиқлик тизими орқали иссиқлик энергияси (отопления) билан таъминланади. Иссиқлик энергияси дастлаб ОКМК Иссиқлик электр маркази (ИЭМ)да ҳосил қилиниб, сўнг шаҳар “Иссиқлик манбаи” корхонаси орқали шаҳар аҳолисига ва ижтимоий объектларга етказилади. Жорий йилнинг 18 январь куни ОКМК ИЭМнинг шаҳарнинг юқори қисмини иссиқлик энергияси билан таъминловчи иссиқлик тизимида авариявий ҳолат содир бўлиб, кўплаб хонадонлар иссиқлик энергиясида узилиш кузатилди. Ушбу ҳолат бўйича маҳаллий ижтимоий тармоқлар орқали шаҳар аҳолисига, истеъмолчиларга тезкор билдириш, огоҳлантиришлар берилди.

Авариявий ҳолат бартараф этилганидан сўнг ҳам шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил этилган куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича тезкор штаб, шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Уйимиз нега исимаяпти?” мазмунидаги мурожаатлар сони кескин кўпайди. Вазиятга яқиндан баҳо бериш мақсадида биз шаҳар “Иссиқлик манбаи” корхонаси бошлиғи Илҳом ЭРГАШЕВга бир неча саволлар билан юзландик.

  • Айтингчи, ёз мавсумида марказий Иссиқлик электр тизимида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилишига қарамай, нима учун иситиш тизимида кутилмаган авариявий ҳолатлар юз бермоқда?
  • Энергетика тизимидаги авариявий носозликлар, яъни, юқори ва унинг қуйи тизимларининг нормал режимини бузилиш сабаблари хилма-хил ва турлари кўп. Асосий режимнинг бузилишига олиб келувчи омиллардан бири юқори кучланишли ва юқори қувватга эга бўлган истеъмолчиларнинг бошқа заҳира электр лининияларига ўтиши, электр линияларидан ўчирилиши, авариявий ўчиши, қисқа туташувлар оқибатида электр тизимида назорат қилиб бўлмайдиган авариявий ҳолатлар юз беради. Бу эса ўз навбатида электр қабул қилувчи истеъмолчиларнинг барча электр ускуналарига зарбага ўхшаш кўзга кўринмас тўлқин (толчок) электр таъминоти тизимининг нормал ишлашига таъсир кўрсатади. 18 январь куни ҳам шаҳар энергетика тизимида юқорида келтириб ўтилган авариявий ҳолат юз берган. Натижада ОКМК АЖнинг Иссиқлик электр маркази иссиқлик тизимида ишлаб турган юқори қувватли, юқори кучланишли насос ускуналари ва бошқа ускуналар қисман ўчиб қолган. Ўша куни ИЭМда сменада ўз навбатчилигини ўтаб келаётган малакали ишчиларининг саъйи-ҳаракатлари билан станция батамом ўчиб қолишидан сақлаб қолинган. Иссиқлик энергетика тизимидаги авариявий ҳолат натижасида шаҳримизнинг юқори қисмига иссиқлик энергиясини етказиб берувчи марказий магистрал иссиқлик қувурларига гидрозарба оқибатида шикаст етган.
  • Авариявий носозлик вақтида қайси маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар иссиқлик энергиясиз қолишга мажбур бўлди?
  • Авариявий ҳолат натижасида шаҳримиздаги Фурқат, А.Навоий, «Саховат», «Юлдуз», «Коинот», «Наврўз», «Тинчлик», «Олмалиқовул», М.Беҳбудий, Ш.Рашидов, Бобур, «Камалак» МФЙлари, қисман М.Улуғбек, «Олтин» МФЙларидаги кўп қаватли уйлар, марказлашган иссиқлик тизимидан фойдаланувчи объектлар иссиқлик тизимидан вақтинчалик узилган.
  • Носозликни таъмирлашга қанча куч ва воситалар жалб қилинди?
  • Аварияни бартараф этиш учун авариявий тиклаш бригадаси техника хавфсизлиги бўйича тегишли кўрсатмалар, меҳнатни муҳофаза қилиш кўрсатмалари билан таништирилиб, таъмирлаш ишлари шу куни соат 8:30 да бошлаб юборилди. Бунинг учун 2 та кўчма пайвандлаш ускунаси, 1 та махсус трактор, 2 та эксковатор ва 10 га яқин малакали мутахассислар жалб қилинди. Марказий иссиқлик қувурларида авариянинг оғирлиги, ташқи ҳавонинг совуқлиги, авария рўй берган ҳудудда тупроқнинг пастки қатламларининг ювилиб кетиши, ва тупроқнинг лой ҳолатига олиб келгани натижасида носозлик 19 январь куни соат 17:00 атрофида тўлиқ бартараф қилинди.
  • 2 кун иссиқ сув, иссиқлик энергияси (отопления) бўлмагани учун тўлов бўйича истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилинадими?
  • Вазирлар Маҳкамасининг «Кўп квартирали хонадонларда иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 73-бандига асосан аварияларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш учун Етказиб берувчи, яъни, корхона истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришни тўхтатиш ҳуқуқига эга, бироқ узиб қўйиш сабаблари тўғрисида дарҳол билдиришнома юбориши шарт. Билдиришнома шаҳар расмий ахборот манбалари орқали эълон қилинган. Мазкур қоидаларнинг 123-бандида зарур сифатга эга бўлмаган ва (ёки) белгиланган давомийликдан ортиқ бўлган танаффуслар билан иссиқлик энергияси етказиб беришда истеъмолчилар томонидан иссиқлик энергияси учун тўлов миқдори ушбу Қоидаларга мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади. Агар иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги танаффус фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига хавфни бартараф этиш, мол-мулкка зарар етказишнинг олдини олиш ёки енгиб бўлмайдиган куч оқибати билан боғлиқ бўлса, тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишга йўл қўйилмайди.
  • “Иссиқлик манбаи” корхонасининг диспетчерлик рақамини яна бир бор эслатиб ўтсангиз.
  • Корхонамиз диспетчерлик хизмати рақами 70-61-5-22-60 бўлиб, 24 соат узлуксиз ишламоқда.
  • Суҳбат учун раҳмат.

Суҳбатдош
Дилфуза Рўзиева.

МАВЗУГА ОИД

АСКАРЛАР УЧУН ЖИДДИЙ СИНОВ

admin

КОНСТИТУЦИЯГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР ЁШЛАР ЭЪТИБОРИДА

admin

ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ МАСКАНЛАРИ АҲОЛИ УЧУН КЕРАКМИ?

admin

ЁШЛИК АЛЬМАНАХИ

admin