Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 6-чақириқ навбатдаги 85-сессияси ёпиқ тарзда бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Назирқулов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фарҳодбек Умаров ҳам қатнашди.
Депутат Эргаш Абдурайимов раислик қилган сессияда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди.
«Жамоатчилик фикри асосида шаклланган ғолиб лойиҳаларнинг бориши тўғрисида»ги масала бўйича «Опен бюджет»да ғолиб бўлиб, молиялаштирилган ишларнинг бориш ҳолати депутатлар томонидан олдиндан ўрганилган ва шу ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар, баъзи ишларнинг кечикиб қолаётгани, пудратчилар томонидан ва буюртмачи ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган сусткашлик ҳолатлари, камчиликлар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги иккинчи масала шаҳарда ажримларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бўлди. 2023 йилда шаҳардаги оилавий ажримлар сони 2022 йилга нисбатан камайгани қайд этилди. Аммо айрим маҳалларда ажримлар сони кескин ортганлиги, айрим масъул мутасаддилар бу борадаги вазифасини етарли даражада бажармаётгани, маҳаллалар ва шаҳар миқёсида фаолият олиб бораётган яраштирув комиссиялари фаолияти ва таркибини қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, депутатлар томонидан шаҳардаги оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари билан шуғулланувчи бир нечта ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги етарли эмаслиги аниқ мисоллар билан асослаб берилди.
“Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги учинчи масала бўйича эса 2023 йилда «Аёллар дафтари»га киритилган аёлларни дафтардан чиқаришга қаратилган қарор қабул қилинди.
Сессияда шунингдек, умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари давоматини ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан мактабларнинг 10-11-синф ўқувчилари орасида кўплари дарс қолдираётгани, бунга айрим мактабларнинг раҳбарлари ва педагоглари била туриб етарлича чораларни қўлламаётгани, юқори синфлар ўқувчилари учун ўтилаётган дарс машғулотларининг сифатини кучайтириш, бу борада жамоатчилик назорати механизмларидан ҳам фойдаланиш, фидоий ўқитувчиларни барчага намуна қилиш, уларни оммага эълон қилиб бориш билан боғлиқ кўплаб муҳокамали фикрлар билдирилди. Шунингдек, депутатлар шаҳардаги мактабгача ва мактаб таълими тизимида ўрганишлар натижасида кўпгина ўқувчиларнинг касаллик варақалари билан келаётганига эътибор қаратиб, нима учун бунчалик ёшлар орасида касалликлар авж олиб кетаётгани билан қизиқди. Шаҳар Тиббиёт бирлашмаси фаолияти танқид остига олинди. Бу бўйича Тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ҳисоботини Кенгаш сессиясида эшитиш бўйича ҳам хулоса қабул қилинди.
Ижтимоий объектларда қиш мавсумининг беталофат ўтказилиши бўйича бажарилаётган ишлар ҳолати тўғрисида Кенгаш депутатлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди. Бир нечта ижтимоий объектларнинг қиш мавсумини беталофат ўтказилиши билан боғлиқ камчиликлари бўйича масъулларга вазифалар белгиланди.
Сессияда мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия ишлари, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кескин танқид қилинди. Шаҳардаги кўпгина мактабгача таълим ташкилотларидаги муаммолар, айниқса, болаларни умумий овқатлантириш билан боғлиқ ишлар аҳволи, шунингдек, тизимнинг барча йўналишларидаги йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги, соҳа ходимлари ўртасидаги ижтимоий-маънавий муҳит аҳволи, айрим ташкилот директорининг ўз ишига совуққонлик билан ёндашаётгани каби муаммолар шаҳар Кенгаши депутатларининг жиддий ўрганишлари натижасида тайёрланган ахбороти орқали «очиб» ташланди. Мазкур масала бўйича мутасаддиларга кескин чоралар кўриш, аниқланган ҳар бир ҳолатлар бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилашга ва айрим аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга қаратилган қарор қабул қилинди.
Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларини сифатини яхшилаш тўғрисидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 41-сонли баёни ижросига қаратилган қарор қабул қилинди. Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ҳузурида Ишчи гуруҳ тузилди.
Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизларни ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисида шаҳардаги бир қанча ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан моддий ёрдамлар ажратиш ва масъуллар томонидан тиббий, маънавий, психологик ёрдамлар беришга қаратилган қарор қабул қилинди.
Шаҳар Кенгаши айрим депутатларининг аризаси тўғрисидаги масала бўйича эса шаҳар Кенгашига 8-сайлов округидан сайланган депутат Шавкат Райимқулов ва 17-сайлов округидан сайланган депутат Бобур Қўчқоровнинг ўз депутатлик ваколати ва дахлсизлик ҳуқуқини муддатидан олдин тугатишларини сўраб ёзган аризалари муҳокама қилинди. Аризалар Кенгаш томонидан қаноатлантирилиб, уларнинг депутатлик мақоми ва дахлсизлиги муддатидан олдин тугатилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессияда ҳар бир қарор юзасидан тегишлича қарорлар қабул қилинди.
Эргаш Абдураимов.