Image default
Жамият

ЁШЛИК АЛЬМАНАХИ

…Ер юзидаги одамлар икки турга бўлинадилар. Биринчи турдаги одамлар яшайдилар, иккинчи тур эса айбдорларни қидиради.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан ёзилган мақоламизни шундай бошлашга қарор қилдик. Боиси, бизнинг ёш қаҳрамонларимиз “Яшамоқ бу — адашмоқ, хато қилмоқ, курашмоқ, иккиланмоқ ва бошламоқ ва яна бошламоқ, кейин ташлаб қўймоқ ва бир умр курашмоқ. Жим юриш — қалбан қўрқоқликдир” деган ҳақиқатни яхши англайдилар. Илм йўлида уриниб кўришдан, қайсидир янги қадамларни ташлашдан қўрқмасликлари билан киши эътиборини тортади.
2018 йилда талабалик бахтига муяссар бўлган Элдор Тўйчибоев Москва илмий тадқиқотлар технологик институти МИСиС Олмалиқ филиали Кончилик иши факультети, очиқ кон ишлари йўналишининг энг фахрли талабаларидан. Унинг тоғ кон саноатига бўлган қизиқишлари бежизга эмас. Қаҳрамонимиз туғилган оила сулолавий кончилар авлоди ҳисобланади. Буни суҳбатимиз аавалидаёқ Элдорнинг ўзи ифтихор билан тилга олди. Мен мақоламизнинг шу жойида буюк физик Эйнштейннинг бир иқтибосини келтириб ўтишни лозим топдим:
“Мен ихтироларни аждодларим елкасида туриб яратдим”…
Элдор бугун эришаётган ютуқлари ортида ота-онаси ҳамда устозларининг, умуман унга мотивация берган оилавий муҳитнинг салмоқли ҳиссаси борлигини билади ва албатта эътироф этади.

  • 2019 йилда Республика миқёсида бўлиб ўтган “Замонавий кончи” танловида ғолибликни қўлга киритиб, ноутбук билан тақдирланишим чин маънода менга мотивация бўлди. Кейинчалик бу муваффақиятлар Элдорнинг тоғ кон саноати бўйича ўтказилган олимпиадада ғолибликни қўлга киритиши билан янада бойиди.
  • Бутун Россия бўйлаб ўтказилган “Мен профессионалман” номли кўрик танловда иштирок этишим ва унда биринчи ўринни эгаллашим ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Биз таҳсил олаётган институт раҳбарияти томонидан тақдирланишиз бизга янада куч, янада янги ғоялар яратишимизга туртки бўлди деб айта оламан.
    Шу ўринда бизга тоғ-кон саноатининг барча сир-асрорларини ўргатиб, энг аввало соҳага катта қизиқиш уйғотган устозларим — Неъматулло Толипов, Шерзод Каримов, Муҳиддин Қосимовларга ўзичексиз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. “Кон ва каръер транспорт коммуникацияларини бошқариш тизимини автоматлаштириш” мавзусидаги илмий диссертациямиз келгусида саноат соҳасининг равнақ топишига умид қилиб қоламан,-дейди билим олишда азму шижоатни туғ қилган қаҳрамонимиз Элдор Тўйчибоев.

ЖАВОҲИРНИНГ УРФОН ЖАВОҲИРОТИ
Таълимга тикилган сармоя — энг яхши сармоядир…
Бу ҳақиқатни яхши англаган қаҳрамонимиз Жавоҳир Ғуломовнинг ота-онаси унинг етук металлург бўлишини истади. Москва миллий тадқиқотлар технологик институтининг Рангли металлургия йўналишида таҳсил олаётган собитқадам талабаларидан бири бўлган қаҳрамонимиз интилувчанлик билан билим чўққилари сари ҳаракат қилиб келмоқдаки, бу саъй-ҳаракатлар аллақачон ўз мевасини бера бошлади. 4 та илмий тезислар муаллифи бўлган Жавоҳир 2020 йилда Халқаро Ислом Академияси қошидаги лицейни муваффақиятли битириб, Москва миллий тадқиқотлар технологик институтига ўқишга киради. Ўқиш билан бирга бўлаётган амалиётларнинг бирида англаб етдики, унинг соҳаси металлургия. Бу қизиқишлари ўлароқ қаҳрамонимиз доцент Елена Мирзаева раҳбарлиги остида илмий ишларини бошлайди. “Олмалиқ КМК” шароитида сульфат кислота олиш учун сарфланган ва надийли катализаторни қайта ишлаш усулларини ўрганиш” мавзусидаги ёзилган мақола унинг бу йўлдаги энг биринчи ва муваффақиятли қадами бўлди, дейиш мумкин. Халқаро журнал тадқиқот натижаларини яхши қабул қилди.
Профессор — Маҳмуд Ёқубов, доцентлар Елена Мирзаева, Хусан Валиев, Эльман Набиев, ассистент Султон Файзуллаев, Сулаймон Худоёров каби соҳа дарғаларининг берган билими билан Жавоҳир каби ёшлар саноатнинг турли жабҳаларига кириб келишмоқда ва қувонарлиси, улар яратган илмий ишлар амалиётда ўз натижаларини бермоқда.

  • Ҳозирда илмий раҳбарларим билан Рух заводида вельцлаш жараёнларининг ўрнини босувчи ва кўпроқ фоизда цинкни кекдан ажратиб оладиган гидрометаллургик процесс тўғрисида тадқиқот ишларини олиб бормоқдамиз. Маълумки, вельцлаш жараёнларида жуда кўп ёқилғи сарф этилади. Ўйлайманки, бизнинг илмий изланишларимиз мана шу жараёнларда ёқилғи сарфини камайтириб, самарали фаолиятга олиб келади.
    Илмий изланишлар, билим чўққилари сари интилишларимиз бесамар кетмади. Хусусан, жорий йилнинг март-май ойларида уч босқичда бўлиб ўтган “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика кўрик-танловида ўз лойиҳаларим билан муваффақиятли иштирок этиб, 10, 5 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланишим бунга мисол деб айта оламан. Эришган ютуқларимдан яна бири — Россияда бўлиб ўтган “78е дни наука” илмий тезислар кўрик танловида 2-ўринга сазовор бўлдим -, дейди биз билан суҳбатда Жавоҳир.
    Дарҳақиқат, шижоат ва саботни туғ қилган бу ёшларга қараб, ёшлик ўзининг олижаноб ташаббуси, софдилликка, адолатга, башарий ҳақиқатга беҳудуд интилиши билан тараққиётнинг буюк кучларидан бирини ташкил қилишига яна бир карра амин бўламиз.

БИЛИМ ЭВЕРЕСТИ САРИ ЙЎЛ
8848 метр… Заминдаги энг юксак чўққи — Эверестнинг баландлиги бу. Чўққи маълум бир жойдан бошланиб маълум бир баландликда тугайди. Аммо билим “ЭВЕРЕСТИ” беҳудуд, беадоқ… Коинотнинг чегараси бўлмагани каби, фазолар чексизлик аро бўлгани каби билим ҳам ана шундай туганмасдир. Ундан бир ганж олсанг, у камайиб қолмайди, аксинча кўпайиб бораверади.
Нақшбандий ҳазратларидан “нажот нимада” деб сўрашганида “билимда” дея жавоб берганки, бугун бу ҳикматларнинг мағзини чақиб “ИЛМ ЭВЕРЕСТИ” сари йўл олган ёшларимиздан бири Мадина Ваҳобова. Қаҳрамонимиз Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг “Молия ва бухгалтерия ҳисоби” факультетининг 2-босқичида таҳсил олиб келмоқда.
…13-14 асрларда Шимолий Италияда пайдо бўлган бухгалтерия соҳаси, умуман ҳисобчи касбисиз замонавий ҳаётимизни тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Келиб чиқиши немис тилига бориб тақаладиган “БУХГАЛТЕР” сўзи –“КИТОБ УШЛОВЧИ” деган маъноларни бераркан. Маълумотларга қараганда, бу соҳада нозик жинс вакиллари эркакларга нисбатан самаралироқ фаолият юритишлари ўз тасдиғини топган.
Ўз келажагини ҳисоб ва бухгалтерия соҳасида кўраётган Мадинанинг ижодга бўлган ҳавасмандлиги унга яна бир қанот. “Юртнинг олтин юраги” деб номланган шеърий тўпламдан Мадинанинг ҳам шеърлари жой олганлиги қувонарли албатта.
Талабалик бахтига эришган дамларидан бошлаб университет миқёсида ўтказилган кўплаб танлов ва мусобақаларда, хусусан «Nations day», “Факультет маликаси” каби тадбирларда фаоллик билан иштирок этиб муваффақият қозониши ортида Мадинанинг ҳар бир бажараётган ишига пухталик билан ёндашиши, ўзига юклатилган вазифани максимал даражада сидқидилдан адо этиши каби фазилатлари намоён бўлади.
Элдор, Жавоҳир ва Мадина каби ақли етук, хулқи зебо ёшлар мамлакат марваридлари, жаҳон жавоҳиротлари дейиш мумкин. Уларнинг ўз соҳаларида эришаётган муваффақиятлари дунёнинг ройишини яхшилашига, инсон ҳаётини енгиллаштиришга, мухтасар айтганда, жамиятнинг равнақига ҳисса бўлиб қўшилишига юксак ишонч ва умид билдириб қоламиз.

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

Депутатлар айрим мактабларни жиддий танқид остига олишди, сўнг…

admin

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ ОЛМАЛИҚ ШАҲАР БЎЛИМИ МУДИРИ: МУРОЖААТЛАР СОНИ КАМАЙМОҚДА

admin

Олмалиқ шаҳар ҳокими Хамдамов Қобил Муротқуловичнинг “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини Олмалиқ шаҳрида амалга ошириш юзасидан шаҳар аҳолисига МУРОЖААТИ

admin

ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИНИНГ ОЛМАЛИҚ ШАҲРИГА ТАШРИФЛАРИ ХРОНОМЕТРАЖИ

admin