Image default
Биласизми?

ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ НИМА?

Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Васият мавжуд бўлмаса ёки васият барча меросни тақсимламаса, қонун бўйича ворислик қўлланилади. Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида мерос очилганда ҳаёт бўлган шахслар, мерос қолдирувчи ҳаётлигида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалар бўлиши мумкин. Мерос очилганда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Қуйидагилар мерос қолдирувчининг шахси билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳисобланади ҳамда мерос таркибига кирмайди:

  • тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок етиш ҳуқуқлари;
  • ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш;
  • алимент ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
  • пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
  • шахсий номулкий ҳуқуқлар.
    Мерос қолдирувчининг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари меросхўрлар томонидан ҳимоя қилиниши мумкин. Умумий мулк иштирокчиси ўлса унинг улуши ажратилади. Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилиши мумкин. Мерос фуқаро вафот этганда ёки у суд томонидан вафот этган деб эълон қилингандан кейин очилади. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Мерос қолдирувчини ёки меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган, шунингдек мерос қолдирувчига мерос қолдириш вақтида таъсир ўтказган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Фуқаро мол-мулкини у вафот этгандан кейин кимгадур қолдириш ҳақидаги хоҳиш-иродаси васият ҳисобланади. Васиятнома шахсан тузилади, васиятномани вакил орқали тузиш мумкин эмас. Васият қилувчи меросхўрлардан истаганини ҳеч қандай изоҳсиз меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиши ва ўзгартириши мумкин. Васиятнома ёзма шаклда жойи ва вақти кўрсатилиб тузилади. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим. Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:

  • шифохоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу шифохоналар, госпиталлар ва муассасаларнинг бош врачлари, уларнинг ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, госпиталларнинг бошлиқлари, интернат уйларнинг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
  • фуқаролар Ўзбекистон байроғи остидаги кемаларда сузиб юрганда кема капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
  • қидирув экспедицияларидаги фуқароларнинг ана шу експедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг командирлар томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари.
    Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахслар мерос очилгунгача васиятномага оид маълумотларни ошкор қилиши мумкин эмас.
    Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас.

Васиятнома бўлмаганида қонун бўйича ворислик асосида мерос қандай тақсимланади?

Мерос қолдирувчининг болалари, эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга. Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга. Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга. Қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар ўлса, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Зебиниса МаҲмудова,
Олмалиқ шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

МАВЗУГА ОИД

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАЙДИГАН ЯГОНА ТЕХНИКУМЛАР ТАРМОҒИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

admin

АҲОЛИНИ РЎЙХАТДАНЎТКАЗИШ НИМА УЧУНКЕРАК?

admin

ХОРИЖГА ЧИҚИШ БИОМЕТРИК ПАСПОРТИНИ ҚАЕРДАН ОЛИШ МУМКИН?

admin

ЖШШИР ҳақида НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

admin