Шаҳримизда болалар ўртасида энг кўп тарқаладиган паразитар касалликларидан асосан ичак гельминтозлари:энтеробиоз, аскаридоз, тениаринхоз турлари кўп қайд этилмоқда.Гижжа касалликлари инсон танасида яшаш жараёнларида ўзига хос салбий таъсирларни келтириб чиқаради. Жумладан, болаларда ўсишнинг пасайиши, иштаҳасизлик, сабабсиз асабийлашиш, қоринлардаги оғриқ, ухлаганда тишларни ғижирлатиш, оғиздан сўлак ажралиши кўпайиши каби аломатлар ҳамда болаларни тез-тез касалланиши иммунитетни пасайишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Энтеробиоз касаллиги (острица) юмалоқ гижжалар туркумига киради узунлиги 0,5-1 см дум қисми ўткир ингичка бўлади.
Одам огранизмида ингичка ичакни охири ва йўғон ичакда яшайди. Бош қисми сўрғичлари билан ичак деворларига ёпишиб озиқланади.
Етилган урғочи гижжалар орқа чиқарув тешигига тухумларини қўйиш учун тухумларини орқа тешик бурмаларига жойлаштиради. Тухум қўйиш вақтида чиқарилган суюқлик ва урғочи гижжалар ҳаракати туфайли орқада кучли қичишиш ёқимсиз ҳолат юзага келади, гижжа билан касалланган болаларнинг тирноқлари орасига кириб қолган гижжа тухумлари ички кийимлари, чойшаблар, идиш-товоқлар ҳамда ўйинчоқларга ёпишиб қолиш натижасида соғлом одамларга юқади.
Аскаридоз касаллигининг қўзғатувчиси 20-40 см узунликда бўлган, йирик гижжа бўлиб, юмалоқ гижжалар гуруҳига киради.
Ёмғир чувалчангини эслатувчи оқиш пушти гижжа ингичка ичакда яшайди, юқиш йўллари яхши ювилмаган мева-сабзавотлар, кўкатлар ҳамда айримларни кесак ейиш одатлари бўлган ҳолдаги болалар ва катталарда учрайди. Одам организмига тушган аскарида тухуми намлик иссиқлик нормада бўлган ичакларда личинкаларга айланиб, ичак деворларидан майда қон томирчалар орқали қон оқимига тушиб, юракнинг ўнг бўлмачаси, ўпка, жигар ва ўзига қулай бўлган органларда паразитлик қилишни бошлайди. Ўпкада учраш ҳолида кўкрак соҳасида оғриқ, йўтал, иситма кўтарилиши билан кечади. Ичакдаги бўлган ҳолатларда иштаҳа пасайиши кўнгил айниш, бош оғриғи, қоринда оғриқ, уйқу ёмонлашуви, тез асабийлашиш ичак ўтказувчанлигини ёмонлашуви ўт йўллари ва нафас йўлларида туриб қолиш натижасида оғир ҳолатларга, ҳаттоки ўлимга сабаб бўлади. Ахлат таҳлил қилинганида аскарида тухумлари доим ҳам топилвермайди, шунинг учун гижжа текширувида 3 кун оралатиб текшириш кўпроқ самара беради.
Тенниаринхоз — Қорамол солитёри бўлиб, ясси гижжалар туркуми ва инсонда учрайдиган энг йирик гижжа ҳисобланади.Одамга финноз билан зарарланган гўштдан тайёрланган кабоб, манти, чучвара, хом қиймаларни таътиб кўрганда юқтириб олинадиган гижжадир. Чала ёки хом гўшт истеъмол қилинган ҳолларда одам организмига тушган паразит қобиғи ёрилиб ингичка ичак деворига ёпишган ҳолда ўз ҳаётини бошлайди, оғиз сўрғичлари орқали озиқланади. Инсон организмида 4-10 метргача бўлади. Дастлаб 1-2 см, кейинроқ эса 20-40 смгача бўлган узунликда бўлмачалари ажралиб туради. Доимий равишда гижжа бўлмачалари ажралиб туриши ноқулайлик туғдириб, бемор бирор жойларга боришга хавфсираб туради. Чунки гижжа инсон ихтиёрисиз орқа тешикдан тушиб қолаверади. Қоринда оғриқ, кўнгил айниши, бош оғриғи бўлади.
Умуман гижжа касалликларини даволаш ўтказилаётган вақтда болаларнинг тирноқлари олиниши, болалар билан доим ҳожатхонадан кейин, овқатланишдан олдин ва кейин қўлни совунлаб ювиш тарбиясини болалар онгига сингдириш, ювилмаган мева-сабзавотларни, кўкатларни, чала пишган гўшт маҳсулотларини ва хом балиқ маҳсулотларини тановвул қилмаслик, ҳайвонлар билан ўйнамаслик ҳар қандай гижжа касалликларининг олдини олиш ва касалланмасликка пойдевор бўлади. Йилда 2 марта гижжага текширувдан ўтказиш профилактик даволаш фақатгина инсон саломатлиги учун ижобий натижа беради.
Санэпид шаҳар бўлими.