Бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида кўплаб йўналишларда ўз аудиториясига эга бўлган мустақил журналист ва блогерлар сони ортиб, шаҳарда ўзига хос ахборот муҳити шаклланиб улгурган. Соғлом ахборот муҳитини яратишда мутасадди раҳбарларнинг ОАВ ва блогерлар билан ўзаро муносабати муҳим аҳамият касб этади. Ушбу омилни инобатга олган ҳолда 13 февраль куни шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов ва шаҳар прокурори Абдумалик Кулдашев шаҳримизда фаолият юритаётган журналист, блогер ҳамда вайнерлар билан учрашиб, мулоқотда бўлди.
Мулоқот давомида халқаро ва миллий ахборот майдонидаги хуруж ва таҳдидлар, бузғунчи ғояларнинг аудиторияга таъсири, унга қарши кураш, миллий контент яратишда эътибор бериладиган жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди. Ўзаро самимий руҳда бўлиб ўтган суҳбат давомида журналист ва блогерларнинг таклифлари тингланиб, келгусида ушбу таклифлар юзасидан пресс-тур, матбуот анжуманлари ҳамда танловлар ўтказилишига келишиб олинди.