Image default
Адлия саҳифаси

АДЛИЯ БЎЛИМИ: ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ КАМАЙМОҚДА(МИ?)

Олмалиқ шаҳар адлия бўлими тасарруфидаги идоралар томонидан давлат корхона-ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш, шунингдек, аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Буни ўтган 2023 йил мисолида аниқ рақамлар орқали таҳлил қилсак янада яққол кўринади.

Адлия бўлими томонидан юридик хизмат кўрсатилаётган ташкилотлар манфаатини кўзлаб, 2023 йил давомида жами 77 та талабнома киритилган. Талабнома муддатини вақтида таъминламаган ташкилотларга нисбатан судларга 24 та даъво аризалари киритилиб, судгача ижроси таъминланди.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатилаётган ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида янги қабул қилинаётган соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида 500дан ортиқ тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Марказ ташкил этилгунга қадар 2023 йил давомида хизмат кўрсатилаётган ташкилотларнинг ҳужжатлари суд ва прокуратура органлари томонидан бекор қилинмаган.
Бундан кўришимиз мумкинки, ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар марказлар томонидан пухта ва ҳар томонлама ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши натижасида қонун бузилиш ҳолатлари кескин камайганини кўришимиз мумкин.

Давлат хизматлари маркази
Давлат хизматлари марказига ўтган 2023 йил давомида жами 75 719 та давлат хизматлари кўрсатилиши юзасидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 41 845 таси фуқароларнинг шахсан ўзи орқали, 33 874 таси интернет орқали мурожаат қилган.
Давлат хизматлари кўрсатилиши юзасидан мурожаатларнинг 68 115 таси ҳал этилиб, 7604 таси рад этилган.
Шаҳарнинг чекка ва олис ҳудудларида 181 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ўтган йил мобайнида 5626 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилгани қувонарли.

ФҲДЁ бўлими
Шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил давомида 4065 та туғилиш, 1261 та никоҳ, 341 та никоҳдан ажралиш, 824 та ўлимни қайд қилиш ҳаракатлари амалга оширилди.
ФҲДЁ соҳасидаги сўнгги ўзгаришларга кўра, 2021 йил 1 июндан 7 та турдаги (далолатнома ўзгариш, тузатиш ва қўшимча киритишдан бошқа барчаси) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.
2021 йил 1 сентябрдан туғилганликни қайд этиш билан комплекс хизматлар (Ички ишлар, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимларига электрон тарзда юборилмоқда) кўрсатилмоқда.Никоҳ ҳақидаги аризалар my.gov.uz тизими орқали ҳам қабул қилинаяпти.

Ҳуқуқий акция
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 16/3-443/8-сонли, Тошкент вилояти адлия бошқармасининг 13/1-1/392-сонли топшириғи ижроси юзасидан Олмалиқ шаҳар адлия бўлими томонидан «Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият» ҳуқуқий акцияси доирасида (2-30 июнь) тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда режа (график) асосида маҳаллаларда ҳамда ташкилотларда оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди. Хусусан, адлия бўлими томонидан 2-30 июнь кунлари маҳаллаларда ҳамда меҳнат жамоаларида 12 та сайёр қабуллар ўтказилиб, шундан 12 нафар фуқаронинг аризаси иш юрутувига қабул қилинди. Жумладан, фуқаролар З.Сатимова ҳамда С.Абдухаликоваларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шаҳар бўлими хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаатлари юзасидан Нурафшон туманлараро маъмурий судига ариза киритилиб, мазкур фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди. Ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шаҳар бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, пенсия бўлимининг қарорлари бекор қилинди.
Шунингдек, фуқаро О.Саидносированинг 2022 йил декабрь ойида тунги навбатчиликда ишлаган даври учун шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан пул тўланмаганлигидан норози бўлиб қилинган мурожаати юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилиб, фуқарога 4 200 000 сўм маблағ ундириб берилди.
Шу каби, фуқаролар Х.Тошпўлатова, С.Холбоева ва бошқаларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ўз вақтида тўланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдимнома киритилиши натижасида 18 нафар ходимнинг 59 млн сўм маблағи ундириб берилди.

Ҳуқуқий тарғибот
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида адлия бўлими томонидан жами 642 та, шундан 210 таси оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, 432 таси оғзаки ҳуқуқий тарғибот (110 таси уйма-уй ўтказилган ҳуқуқий тарғиботлар) тадбирлари амалга оширилди.
Шундан, 45 та телевидение, 20 та радио, 42 та газета ва журнал ҳамда 103 таси ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган.
Адлия бўлими томонидан турли хил танловлар ҳам ўтказилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида “Адлия минбари”, “Бир мурожаат изидан”, “Биласизми?”, “Сўраган эдингиз?”, “Қонунчиликдаги янгиликлар”, “Ижобий ечим” каби лойиҳалар орқали 45 дан ортиқ видео ва аудиороликлар, 20 дан зиёд кўргазмали материаллар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Ислом Ноёбов,
шаҳар Адлия бўлими бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

ПЕНСИЯ МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ

admin

ОЧИҚ ВА ШАФФОФ МЕХАНИЗМ

admin

ҚАЙСИ ТАШКИЛОТЛАР БИРГАЛИКДА ЯГОНА АДЛИЯ БЎЛИМИГА АЙЛАНТИРИЛАДИ?

admin

МАҲАЛЛАЛАР УЧУН МУҲИМ ЯНГИЛИК

admin