Бугун минглаб ёшлар олий таълимда таҳсил олиб, олий маълумотлилар сони кўпаяпти. Эътибор берсак, ҳамма дипломли бўлиши мумкин, бироқ ҳақиқий илм эгаси бўладиганлар сони, яъни таълимни давом эттириб, магистратура ва ундан кейинги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш йўлини танлаганлар диплом олаётганлардан анча фарқли. Сўнгги вақтларда олий таълимни давом эттириш учун тил билиш даражасини белгиловчи сертификат талаб этилмоқда. Бу эса юзлаб ёшлар учун ҳатто чет элда ўқишга кириш имконини ҳам тақдим этаяпти.
Ушбу мавзуга бежиз тўхталмадик. Бу сафарги газета учун берилган махсус интервью филиал талабалари учун ибрат мактаби бўлолади, деган умиддамиз.
Айни дамда Туркиянинг Анқара шаҳридаги Hacettepe Университеси магистранти Ситора Қаршиева билан суҳбатда бўлиб, унинг фикрларини сизга тақдим этмоқдамиз.
Оилали талаба учун бахт нимада деб ўйлайсиз?
- Оилали талаба учун бахт – оилада ҳам, жамиятда ҳам атрофдагиларнинг унга фақат келин деб қаралмаслигида. Турмушга чиққан қизнинг эркинлиги, ҳаракатлари оиласи билан боғлиқ бўлиб қолади. Яъни, бу ишни қилса бўладими, нотўғри эмасми, одамлар нима дейди, каби қарашларга талаба-қиз мослашади, тўғрироғи, уни секин мослаштиришади. “Бу ишни қилишим керак эмас, чунки бу нотўғри, бор диққатимни оиламга қаратишим керак” каби ўйлар билан ўз эркинлигини оиласи билан боғлиқ қилиб қўяди. Умуман аёл зоти, айниқса талаба бировга боғлиқ қилиб яратилмаган. Билими борлиги учун у талаба.
Демоқчи бўлганим, турмушга чиққан талаба-қизлар учун ҳам ўз устида ишлаши, ривожланиши, янги қирраларини очиш учун имконият яратиб берилсин. Унинг қизиқиши, мақсади ва режаларини тинглайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган инсонлар даврасида бўлиш, талаба-келин учун энг катта бахт. “Турмушга чиқишдан аввал магистратурага кириб, ўқиб ол, кейин имкон бўлмайди, ҳеч нарсага улгурмайсан” каби гаплар менга ҳам айтилган. Фикримча, қиз турмушга чиқадиган инсонига ҳам ўз фикрларини, мақсадларини тўйдан аввал англатса, кейинчалик тушунарсиз вазиятлар бўлмайди. Яъни тушунадиган турмуш ўртоқнинг учраши — энг асосий бахт.
Ўзимга худди шундай, қарорларимни ҳурмат қиладиган инсон учраган. Илк бор 2022 йил Туркия ҳукумати таълим дастури бўйича дунё бўйлаб иқтидорли ёшларга таълим гранти ажратилгани ҳақида эшитганман. У вақтда оилали бўлмаганим учун, ота-онам рухсат беришмаган. Бироқ 2023 йилда унаштирилганимдан сўнг турмуш ўртоғимга Туркиянинг таълим дастури ҳақида, унинг имкониятлари тўғрисида айтиб берганимда, улар ҳужжат топширишимга рози бўлганлар. Жуда хурсанд бўлганман. Ўз имкониятимни синаб кўриш учун олдимда битта эшик очилган эди. Турк тили имтиҳони Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлган.
Аввалига улар мен билан Туркияга кетмасалар-чи, деб қўрқдим. Сабаби мени у ерда қиладиган ишим маълум, ўқийман. Лекин турмуш ўртоғим Ўзбекистондаги яхши маошли ишидан кетиши, атрофимиздаги одамларнинг гап-сўзлари… Бироқ, биз келдик Туркияга. Бу ерда оила бўлиб яшаш анча қийин. Иқтисодий инқирозлар Туркияда ҳам бор ва бунинг таъсири бизга жуда сезилади. Ҳозир мен бор эътиборимни ўқишга қаратганман, турмуш ўртоғим эса Анқарадаги ресторанда ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлайди.
Туркия ҳукумати дастури, унга ҳужжат ва имтиҳон топшириш жараёнлари
Бакалавр босқичида ўқиб юрганимда, университетнинг халқаро алоқалар бўлимида ишлайдиган устозимиз Нодирбек Жўрақўзиев талабалар учун чет эл ОТМларида ажратилаётган грантлар ҳақида айтиб ўтган эди. Türkiye Bursları ҳақида ҳам ўшанда биринчи марта эшитдим. Ўша куннинг ўзидаёқ устознинг ёнларига бориб, дастур ҳақида батафсил сўраб олиб, грант дастурида қатнашишни хоҳладим. Бироқ ота-онам қаршилик қилишди.
Мен балким ўзим пул йиғсам, рухсат беришар, деган хаёлда бир сомсахонага идиш ювувчиликка ишга кирдим. Ўша вақтда орзуга эришиш йўлидаги қадамимда ҳар қандай ишни қилишга тайёр эдим. Озроқ ишлаганимдан сўнг ота-онам ишлашимни хоҳламадилар. Кейинчалик унаштирилиб, тўй кунимизга яқин грант учун ҳужжатлар йиғишни бошладим. Ота-онам ҳам бу сафар ёрдам беришди. Қаршилик қилмаганлиги, йўлдан ҳам қайтаришмагани мен учун энг катта ёрдам бўлди.
«Türkiye Bursları»га аввал ҳужжат топширдим, сўнг суҳбатга бордим. Якунида эса натижасини кутиш керак эди. Мен эса ютдим.
Ўзбекистон ва Туркия олий таълими…
Илк таассуротлар…
Туркияга турмуш ўртоғим мендан аввалроқ кетиб, ижара учун жой ва иш топиб қўйганлар. Мен эса 10 кунлар ўтиб йўлга чиққанман. Турк тилини билганим учун манзилни топиб боришга қийналмаганман. Трансферли учиш давомида Истанбул аэропортига қўнаётганда, самолётимиз бир жойда сал кўпроқ айланиб қолган, шунда ойнадан пастга қараганимда денгиз, ороллар, бир вақтнинг ўзида, қаердадир ёмғир, қаердадир қуёш чиқиб тургани, кемаларда одамларнинг сузиб юргани мени бошқача таъсирлантирган. Истанбул аэропортидан Анқарага келаётганимда ойнадан ташқаридаги манзара чўлдан иборат эди. Денгиз йўқ. Шаштим пасайиб қолган. Аммо кейин билдимки, Анқара талабалар учун жуда қулай ва жуда ривожланган шаҳар экан. Истанбулга нисбатан бу ерда шароит ва нарх-наво талабалар учун яхшироқ.
- Анқарадаги энг қадимий университетлардан бири бўлган Hacettepe Университетининг Ижтимоий билимлар факультетида жойлашган бинода ўқийман. Дарсларни ТÖМЕРни ўрганишдан бошладим. Қолдирилган дарслар учун дафтар-у рефератлар ёзмайсиз. Билим сизга керак ва ўзингиз мустақил ўрганиб ўзлаштириб олишингиз лозим.
Дастурнинг финал имтиҳонлари Туркияда ўтказилди. Бакалавр худди семестрдай, бироқ бу ердаги ёшлар бошини китобдан кўтаришмайди. Чунки имтиҳон натижалари ҳам ўқишингизга боғлиқ. Бизда эса семестр имтиҳонларида «Ҳемис»га исм-фамилиянгиз киритилиши керак. Агар киритилмай йиқилсангиз, стипендия куйиши ва бошқа муаммолар бор. Ўзбекистонда. Ўзбекистонда ўқувчи билими пасайиб кетишига тизим сабабчи бўлиб қолгандек. Нима учун айнан Туркиядаги магистратурани танладингиз? - Айнан Туркиядаги магистратурани танлашимга турк тилидаги сертификатим борлиги сабаб бўлган. 4-курсни тугатаётган вақтимизда магистратурада ўқиш учун тил билиш сертификати талаб қилинадиган бўлди. Ўзи умуман турк тилига қизиқишим кучли, бошқа тилларга нисбатан ўрганиш осонроқ бўлгани учун турк тилини танлаганман. Бироқ Ўзбекистондаги магистратура имтиҳони бошланган вақтга қадар мен сертификат ололмаганман. Январь ойида Қозоғистондаги Юнус Эмре университетида бўлган имтиҳонда халқаро сертификатга эга бўлгач, Türkiye Bursları грант дастури асосида Туркиядаги магистратурага топширишга қарор қилдим.
Туркия ҳукумати дунё бўйлаб иқтидорли ёшларга таълим гранти ажратаётган мазкур дастур доирасида ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ҳам нуфузли университетларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида тўлиқ бепул таҳсил олиш имконига эга бўлиши мумкин.
Грант ғолиблари, шунингдек, турар-жой, ойлик стипендия, тиббий суғурта, бир марталик авиачипта билан таъминланади. Мана шу имконият ортида дунё кўриш ва хорижий давлатлар таълимини ўрганиш имкониятини қўлга киритдим.
Суҳбатни Дилдора Абдураҳмонова ёзиб олди.