Image default
Жамият

БУ МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ БЎЛИШ ОСОН

Ўзбек деган миллатда қиз бўлиб туғилдингми, гапимни қулоғингга зиракдек илиб ол. Эртага тенгинг чиқиб келин бўлсанг, мулойим бўл, қовоқ уйма, қайнона-қайнотангни хизматида бўл, эрингни кўнглига қара, уни ўзингдан совутма. Орада бўладиган жанжалларни кўчага чиқарма, сабр қил, ичингга ют. Келиб-кетадиганлар тегиб ҳам кетишади, туртиб ҳам. Қўл билан бўлмаса ҳам, тил билан. Уларга ҳам кулиб тур. Қўлинг чаққон, оёғинг остидан ўт чиқсин. Елиб югуриб хизматда бўл, бетоб бўлсанг онангникига бор, тузалиб, кучга тўлиб қайт… узоқ ёзишим мумкин, лекин ўзимнинг асабларим буёғига дош бера олмай қолса керак. Фикрларим, атроф муҳитни, баъзида кечмишимни кузатувларидан келиб чиқиб баён бўлади.

Биз қизларимизни туғилгандан то воя етгунча фақат келинликка тайёрлаймиз. Танбеҳларимиз ҳам бир хил, тез-тез қулоққа чалинади: “тезроқ қимирла, бу ишингни охирига етказ, эртага борган жойингда бу ишингни кўриб икки кунга қолмай ҳайдаворишади…” Хали энди шаклланадиган ёшдаёқ, қиз шўрликда турмуш ҳақида айрим тасаввурлар шу сўзлар билан шаклланади. Катталаримизнинг ўй-фикрлари эса тезроқ орзу-хавас кўриш, невара суйиш. Турмуш ёшидаги қизимизни ҳали у пишириқ курсига, ҳали машҳур тикувчининг қўлига, ҳали шифокорлик курсига етаклаймиз. Борган жойида тиниб, тинчиб кетсин деб. Лекин ҳеч қачон оила бу муқаддас маскан, унинг ўз қадриятлари-ю, келинликдан ҳам муҳимроқ вазифа она бўлиш масъулияти-ю, унинг нечоғлик улуғ мақом эканлигини уқтирмаймиз. Натижада эса қўли гул келин, бир йилга ҳам бормай ажрим остонасида.
Мен ўзим таърифини кўп ибрат қилиб эшитадиган қиз бор эди. Коллежни тамомлаб ҳеч қаерда ишламас, дўконда сотувчилик қиларди. Уйларини шундай тоза тутади, ёғ тушса, ялагудек, шундай чаққон, шамол югуриб етолмайди. Минг афсуслар бўлсинким, шу қиз турмушга чиққанидан кейин кўп ҳам яшамади. Сабаб битта — қайнонасининг айтиши бўйича уйларни тоза тутмас, имиллаб ҳаракат қилар экан тамом. Шунда англагандим, бу каби ишларга уста бўлиш албатта керак, лекин фақат шунинг ўзи оилани мустаҳкам ушлаб тура олмас экан. Қизларимизни келинликка эмас, оналик мақомига тайёрлаб боришимиз керак, шунда унда баъзи масъулиятлар шаклланар эди. Атрофимни кузатсам, бўйи етиб қолган қолган қизлар жуда пуч нарсалар ортидан эргашади, саробни ҳақиқатга йўйиб, уй-рўзғор юмушларининг ҳеч бирига уқуви йўқ. Тармоқларда кузатгани “бахтиёр оила”лар андозасида ўзига кийим бичади ва оилада реал воқеаларга кўп ҳам ақли етмайди. Биз насл кўпайтирмоқдамиз-у, зуриёдларимиздан олимларни эмас, жуда саёз инсонларни етиштирмоқдамиз. “Жаннат оналар оёғи остида” шу гап қулоғим остида жарангласа, бугунги оналар аҳволи кўз ўнгимда гавдаланади, бу таъриф бизга тегишли эмас деб қўяман. Ҳозирги ёш оналар асосан боқувчи, тарбияловчи эмас. Мен ва атрофимда билган инсонларим худди бир қолипга тушгандай яшаймиз. Тўққиз ой болангни кўтариб юриб, битта қийналиб туғиб берасан-у, боланг қайнона қўлида бешикда қолади, сен ошхонада андармон. Афсуски, биз оналик мақомини англамай она бўлмоқдамиз. Фарзанд неъматлигини, унинг ҳаққи Аллоҳ ҳузурида сўралишини тасаввур ҳам қилмаймиз. Бу миллатда онанинг иши осон, боласи қорни очса, қорнини тўқлаш-у тагини қуруқлаш. У билан ҳиссий боғланиш, камолоти учун бирга шуғулланиш ҳамма учун сафсата. Бу миллат ўқимай қўйди, аждодини англамай қўйди. Тилини, ўзлигини унутиб, борган сари майдалашиб кетмоқда. Уммат оналарининг дарди, боласининг таълимида эмас, дунё молида. Оталар ризқ талабида-ю, жигарбанди учун ярим соатлик вақтини аяйди, қизғонади. Бирга ўтириб ўйнаш ота-ку майли-я, она учун ҳам улкан ақлга сиғмас “оғир вазифа”. Болалар қадрияти эса тармоқда шаклланмоқда. Шу сабабми, умматнинг олим-у уламолари жуда озайган, каззоб-у мутаҳҳамлар, ўзганин ҳаққидан қўрқмас “баҳодир”лар кўпайган. Бу ишларнинг адади камайиши учун эса ягона чора уммат оналарини тарбиялашдир. Шердан шер, арслондан арслон туғилади.
Бу миллатнинг онаси боқувчи эмас, тарбияловчи бўлмоғи зарур. Шундагина барчамиз кутаётган қайта уйғониш даври-ю, икки дунё саодатига йўл очилади.

Зиёда Фарҳод қизи,
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти.

МАВЗУГА ОИД

ТДТУ ОЛМАЛИҚ ФИЛИАЛИ — УРФУ: ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК РИВОЖИ

admin

Режа бажарилди:63 минг туп дарахт экилди

admin

“ГУЛЗОР” ОРОМГОҲИДА 1 КУН

admin

ЯНГИ МАРКАЗҚАНДАЙ ВАЗИФАНИ БАЖАРАДИ?

admin