2018 йилда Президент фармонига мувофиқ бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Шунга қарамасдан, бугун 126 мингдан ортиқ фуқароларнинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимини кутмоқда.
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Лойиҳада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида нафақат фуқароларнинг уй-жойлари, балки тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш объектлари ва улар жойлашган ерларга тегишли ҳуқуқлар эътироф этилиши таклиф этилган.
Қонун таъсири доирасига 2018 йил 1 май кунига қадар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар тушади.
Қонун таъсири доирасига тушадиган объектлар космик суратлар орқали аниқланади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга тегишли ҳуқуқ эътироф этилиши учун фуқаро ва тадбиркорларнинг ариза берилиши талаб этилмайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга тегишли ҳуқуқни эътироф этишнинг асосий шартлари ушбу ер бошқа шахсларга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаганлиги, фойдаланувчилар ўртасида низо бўлмаслиги ҳамда солиқдан қарздорлиги бўлмаслиги керак.
Ҳуқуқ эътироф этилиши якунига етганда, фуқаро ва тадбиркорларга бу ҳақида хабарнома юборилади.
Ҳуқуқлар эътироф этилганлик учун 370 минг сўмдан 3 млн 700 минг сўмгача бир марталик йиғим назарда тутилган.