… Ер куррасида биргина аёл қолса ҳам заргарга иш топилаверади
(С.Буффлер)
18 йилдирки, ҳаётимда бир анъана бор. Эслаб кўрсам, 2006 йилдан бери журналистикада қалам тебратарканман, февраль сўнгги ва мартнинг бошида аёллар мавзуси мени қамраб олади. Ва энг машҳур, одамларга етиб борадиган иқтибосларни ўқийман, уларни сизга ҳам илинаман, юқоридаги каби…
Бугун бир иқрорим бор, тан олган ҳақиқатни айтгим келди. Биргина мавзу бор, зерикмайсан, сенга малол келмайди, аксинча унда ўсасан, илҳомланасан, шавқларга тўласан…Бу — аёллар, оналар мавзуси бўлиб қолаверади мен учун…
…Март шафақлари тушиб турган баҳор кезинган кўчалардан юриб борарканман, машҳурларнинг аёлларга берган шу таърифу таҳсинларини жилмайиш билан хаёлимдан ўтказиб бораман… Мана шу манзаралар ичра мен битта нарсани англайман: АЁЛ -ЎҚИЛМАГАН БИР КИТОБ! КИТОБ БЎЛГАНДА ҲАМ ҲАР БИР ҚАТРАСИ СИРЛИ, СЕҲРЛАРГА ТЎЛА КИТОБ! Фараҳли баҳорнинг илк кунларида ана шу машҳур КИТОБНИ яна варақлашни, ундаги қаҳрамон аёллар билан танишмоқни лозим топдик…
…Қаҳрамонимиз – Ленура Байдуллаевани нафақат шаҳримизда, балки вилоятимизда ҳам яхши танишади, ардоқлашади. Таълим жонкуяри, педагогика фидойиси бўлган қаҳрамонимизни шу соҳанинг “кайвони” кадрларидан десак муболаға бўлмас.
- Ўқитувчи сифатида мактаб ошёнига қадам қўйганимга ҳам мана 40 йил бўлибди. Шаҳримизда 5-умутаълим мактабида биология фани ўқитувчиси сифатида иш бошлаган ўша сентябрь кунлари ҳали ҳам эсимда… Актёрлар саҳнада биринчи рол ўйнаганини эслайди, врачлар биринчи беморни. Менимча, ҳаммада ҳам шундай бўлса керак. Касбимизга илк қадам қўйган пайтларимиз энг яхши, эсласак жилмайиш билан хотирлайдиган кунлар бўлиб қолаверади,-дейди биз билан суҳбатда Ленура Ниязиевна.
Кейинчалик фаолиятини 20-, 11-, 15-умумтаълим мактабларида давом эттирган қаҳрамонимиз биринчи ўзбек педагоги Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган ҳикматбахш гапларидан иқтибос келтиришни яхши кўради. Ленура опа 40 йиллик фаолиятига назар соларкан, бунга янада кўпроқ амин бўлади. - 16-умумтаълим мактабида раҳбар сифатида ишлай бошлаганимга ҳам мана салкам 20 йил бўлибди. Мен доимо бир гапни айтишни хуш кўраман: МАКТАБ МЕН УЧУН ИЛҲОМ МАНБАИ…Яқинда ўқиб қолдим. Италян режиссёри Федерико Феллинидан “сиз учун илҳом манбаи нима?” деб сўрашганида даҳо инсон шундай жавоб берган экан: Мен учун дунёда иккита буюк илҳом бор. Биринчиси, кино бўлса, иккинчиси спагетти”…Даҳо инсоннинг касби билан менинг касбим ўртасида боғлиқлик йўқдир. Аммо касбимга бўлган муносабатим ундан кам эмас. Феллини учун кино илҳом манбаи бўлган бўлса, у шундан завқланган бўлса, мен биз ўқитган ўқувчилар илмнинг энг юқори чўққиларини забт этишса ўсаман, хурсанд бўламан… Мана шу менга илҳом, мана шу менга мотивация, руҳ. Мана, қирқ йилдирки, шундай деб айта оламан. Ўқувчиларимиз ичида Гарвардни забт этган болалар бор. Уларни кам кўрсамда дунёнинг қайсидир бир гўшасида биз таълим-тарбия берган ўқувчилар ўз мақсадлари сари олға бораётганидан севинаман, албатта…Меҳнат қилсанг меҳнатинг эътироф этиладиган мамлакатда яшаяпмиз, деб ўйлайман. 2012 йилда “Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирланишимда мен буни яна кўпроқ тушундим…
“Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”…. Ясная Полянада Толстой қоралаган бу ёзишмалар бугун ҳам ўз теранлигини йўқотмаган. Мен буни Ленура Ниязиевна ҳаёти мисолида яна бир карра ҳис қила олдим. Ҳам каръерада, ҳам оилада максималликка интиладиган қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Ибрагим Байдуллаев билан бир ўғил, бир қизни тарбиялаб улғайтиришди. Ўғли-Аким Олмалиқ Кон-металлургия комбинати 3-Мис бойитиш фабрикасида фаолият юритиб келаётган бўлса, қизи — Эвелина ҳам Ленура опанинг йўлини давом эттирган ҳолда 16-умумтаълим мактабида ишлаб келмоқда.
- Ишда муваффақият бўлиши учун одамга қувват керак, бу оддий ва ўзгармас ҳақиқат. Ана ўша қувват манбаи ОИЛА мен учун. Фарзандларим мендан қувват, мендан мотивация олганлари каби, мен ҳам уларнинг ўқишда эришаётган ютуқларидан ўсаман, руҳланаман.
Оила — бизни бошқарадиган компасдир. У юксак чўққиларни забт этишимизда илҳом манбаи ва қоқилганимизда тасалли бергувчи манзилдир, — дейди қаҳрамонимиз .
…Агар ер юзида биргина аёл қолса ҳам заргарга иш топилади, сўз айтувчига сўз топиларкан. Биз бугун шундай мақомдамиз. Умри ибрат, сўзи ҳикмат бир замондошимизнинг ҳаёт йўли ҳақида сўз айтдик. “Ҳаёт сенга нимадир берса ва бермоқчи бўлса, эвазига сендан сўрайдигани бу — МЕҲНАТДИР” дейилади Горацийда. Ўз меҳнати, қувваи ҳофизаси билан бугун ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтаётган таълим фидойиси — Ленура Байдуллаеванинг УМР аталмиш КИТОБИ ана шу ҳақиқатни яна бир бор теранлаштиради, назаримизда…
Дилафрўз Эгамбердиева.