Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тур учрашувида ўзбек футболида мураббийлар ўртасидаги энг катта қарама-қаршиликлардан бири Олмалиқда бўлиб ўтди.
Мавсумнинг дастлабки турларида, яъни Андижоннинг “Андижон” ва Наманган “Навбаҳор” клубларига қарши кечган баҳсларда дуранг қайд этган Миржалол Қосимов шогирдлари бу сафар Вадим Абрамов бошчилигидаги Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилиб қимматли 3 очкони қўлга киритишди.
Ўйин бош ҳаками Иброҳим Исмоиловнинг учрашувга старт берувчи ҳуштаги янграши биланоқ жамоамиз аъзолари рақиб томон тезкорлик билан ҳужумлар ташкиллаштириб, беллашувдаги устунликни ўз қўлларига олишди. Ташаббускорона ўйин намойиш этган вакилларимизнинг голи мухлисларни узоқ куттириб қўймади. 12-дақиқада Миржамол Қосимовнинг бурчакдан оширилган узатмасидан сўнг Милян Шкрбич боши билан рақиб дарвозасини ишғол қилиб ҳисобни очди. 1:0.
Ушбу голдан сўнг жамоалар ОКМКнинг кичик ҳисобдаги устунлиги билан танаффусга йўл олишди.
Иккинчи таймнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб эса «Динамо» клуби мувозанатни тикловчи голни киритиш учун ОКМК дарвозаси томон бир нечта юришларни амалга оширди. 51-дақиқада посбонимиз Жавоҳир Илёсовнинг ажойиб хатти-ҳаракатлари сабаб рақиб ўйинчиси Анваржон Хожимирзаевнинг зарбаси бартараф этилган бўлса, 58-дақиқада самарқандликларнинг яна бир хавфли ҳужуми офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо Вадим Абрамов шогирдлари барибир ўз мақсадларига эришишди. 63-дақиқада “Динамо” клубининг легионер футболчиси Кожо Жоел ҳаводан келган тўпни боши билан дарвозамизга тўғирлаб қўйиб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди.
Бу голдан сўнг самарқандликларнинг қувончи атиги 3 дақиқа давом этди. Яъни, 66-дақиқада ОКМК вакили Акромжон Комилов тўпни бурчакдан ҳаволатиб рақиб жарима майдончасига йўллади. Бу вазиятда эса ҳаммадан илдамроқ ҳаракат қилган Сардор Раҳмонов боши билан зарба йўллаб “Динамо” дарвозабонини доғда қолдирди. Ҳисоб – 2:1.
Энг яхши ҳимоя бу – ҳужум! Айнан шу мезонга асосланган Миржалол Қосимов остидаги жамоа яна олдинга ташланишди! “Кончилар”нинг гоҳ чап, гоҳ ўнг қанотдан ташкиллаштирилган кетма-кет рейдлари 85-дақиқага келиб ўз самарасини берди. Азиз Холмуродов ва Хуршид Ғиёсовнинг узун паслари орқали уюштирган ажойиб комбинациясини жамоамизнинг ёш ва истеъдодли футболчиси Нодирбек Абдураззоқов индивидуал ҳаракати билан рақиб ҳимоя қўрғонини ёриб ўтди ва ўйинга нуқта қўювчи голни киритди. Ҳисоб – 3:1.
Шу тариқа, ғалабага ташна бўлган “кончилар” ўйиндаги устунликни ҳисобда ҳам акс эттирган ҳолда муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритиб, турнир жадвалидаги ўз ўринини янада яхшилаб олди.
Маълумот учун, ОКМК футбол клуби навбатдаги учрашувини яна Олмалиқда ўтказади. Ўзбекистон суперлигасининг 4-тур баҳсидан ўрин олган ўйинда жамоамиз вакилларига Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби рақиблик қилади. Ушбу қарама-қаршилик 29 март куни соат 19:00да бошланиши белгиланган.
ОКМК ФКнинг таркиби қуйидагича:
Дарвозабон: 35.Жавоҳир Илёсов.
Ҳимоячилар: 2.Акром Комилов (11.Муроджон Тошматов 90), 3.Сардор Раҳмонов, 6.Авазбек Ўлмасалиев (18. Азиз Холмуродов 71), 7.Дилшодбек Аҳмадалиев, 20. Ислом Тўхтахўжаев.
Ярим ҳимоячилар: 4.Миржамол Қосимов (5. Гиорги Папава), 15.Ойбек Рустамов, 28.
Ҳужумчилар: 10.Хуршид Ғиёсов, 28.Ариҳиро Центоку (88.Мурод Эрматов 90), 95.Милян Шкрбич (77.Нодирбек Абдураззоқов 71).
Захирадагилар: 1.Валижон Раҳимов, 5. Гиорги Папава, 8.Бахтиёржон Қосимов, 11.Муроджон Тошматов, 18. Азиз Холмуродов, 23.Искандар Бусинов, 77.Нодирбек Абдураззоқов, 88.Мурод Эрматов, 99.Иракли Рухадзе.
Огоҳлантиришлар: Анваржон Ҳожимирзаев 18, Ҳусниддин Ғофуров 38, Душан Мийич 79.
Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот
хизмати медиа муҳаррири.