РИГА, 7 апрель. /»Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Латвияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик фаол талаба-ёшлар билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда иштирок этган талабаларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларга яратиб берилган шарт-шароитлар, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиётган иқтидорли, юксак билим ва малакага эга бўлган ёшларга яратиб берилган имкониятлар тўғрисида тушунчалар бериб ўтилди.
Шунингдек, талабаларни қизиқтирган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб берилиб, элчихонада кўрсатиладиган консуллик-ҳуқуқий ёрдам борасида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида Латвияда таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирокида Ўзбекистон кунларини ташкил этиш, унда юртимизнинг бой маданияти ва урф-одатларини биргаликда тарғиб қилишга келишилди.