ҚОҲИРА, 7 апрель. /»Дунё» АА/. «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлари маркази директори Аҳмад Тоҳир «Дунё» АА учун интервьюсида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 5 апрель куни Хивага буюрган ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Халқаро масалалар бўйича эксперт сифатида Марказий Осиёдаги икки етакчи давлат – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожини диққат билан кузатиб бораман. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга бу галги ташрифини икки қўшни давлат муносабатларидаги муҳим сиёсий воқеа деб биламан. Ташриф Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиб, ҳамкорликни янада кенгайтириш учун замин яратишига ишонаман.
Икки давлат раҳбарларининг музокаралари чоғида турли йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, бу томонлар манфаатларига хизмат қилади ва келажакда ижобий натижа беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарининг прагматик сиёсати туфайли мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора мустаҳкамланиб, ташқи алоқалари, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан кенгаймоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, иқтисодий ва сармоявий салоҳиятга эга Қозоғистон Ўзбекистоннинг истиқболли ва ишончли ҳамкори ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сонининг ортиб бораётгани қозоғистонлик инвесторларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга катта қизиқиш билдираётганидан далолат беради.
Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.