БЕРН, 7 апрель. /»Дунё» АА/. Ўзбекистон-Швейцария Савдо-саноат палатаси бошқаруви раиси Гулнора Салимова «Дунё» АА учун интервьюсида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 5 апрель куни Хивага буюрган ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди:
—Икки давлат мустақилликка эришганидан буён узоқ йиллар давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчиликка асосланган кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб келмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон жуфтлиги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кучли рағбатдир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан бошлаб яқин ва узоқ хориж билан иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, Марказий Осиёда минтақавий алоқаларни, шу жумладан Қозоғистон билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўналишини белгилаб берди. Минтақанинг икки етакчи давлати ўртасида икки томонлама минтақавий ва халқаро кун тартибининг иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий ва маданий ҳаёт масалалари бўйича чуқур ўзаро англашув ва ҳамкорлик ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари турли халқаро платформалар – БМТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда бир қанча асосий тенденцияларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосини ташкил этади. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради ва амалда бир-бири билан рақобатлашмайди. Кейинги беш йилда иқтисодий ҳамкорлик ривожи янги даражага чиқди.
Икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, қурилиш, автомобилсозлик ва маиший техника ишлаб чиқариш, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати, чорвачилик, энергия тежовчи технологиялар соҳасида юқори технологияли қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани иқтисодий ҳамкорлик самарасидир.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — бу транспорт-логистика соҳасидир. Ривожланган транспорт инфратузилмаси иқтисодиётнинг самарали ишлашини таъминлаш функциясини бажаради. Минтақавий алоқаларни ривожлантириш учун Марказий Осиёдаги қўшнилар ўртасида транспорт-логистика алоқаларини яхшилаш зарур. Айниқса, «Учқудуқ – Қизилўрда» автомобиль йўли ва темир йўл қурилиши ва «Туркистон – Чимкент – Тошкент» йўналиши бўйлаб тезюрар темир йўл қатновини йўлга қўйиш муҳим лойиҳалардан бири бўлади.
Икки давлат ўртасидаги самарали икки томонлама ва минтақавий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги йўналиш Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳам давом этди. Хивадаги учрашув ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишга хизмат қилади, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга туртки бўлади.
Белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар икки давлат улкан салоҳият ва имкониятларга эга.