Xабарингиз бор, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг илк турида муваффақиятсизликка учраган OKMK ФK муҳим очколардан маҳрум бўлганди. Шу сабаб кейинги босқичга чиқиш учун қолган баҳсларда олмалиқликларни фақат ва фақат ғалаба қониқтирарди.
22 апрель куни «кончилар» Ўзбекистон кубоги, «Ф» гуруҳи 2-тур ўйинида Қорақалпоғистоннинг «Арал академия» клуби билан беллашди.
Учрашув кутилганидек Миржалол Қосимов шогирдларининг катта устунлиги остида бошланди.
Жумладан, вакилларимиз 3-дақиқадан бошлаб «голлар ёмғири»га старт берди. Дастлаб Муроджон Тошматовнинг бурчакдан оширган узатмасини Азиз Холмуродов боши билан дарвозани ишғол қилган ҳолда ҳисобни очишга эришди.
18 ва 22-дақиқаларда эса Милян Шкрбич ҳамда Ислом Тўхтахўжаевлар жамоамиз фойдасига навбатдаги голларни киритиб ҳисобни йириклаштирди — 0:3!
Шундан сўнг, Азиз Холмуродов яна катта саҳнага қайтиб, 24 ҳамда 36-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилди ва хет-трик қайд этди. Ҳисоб — 0:5!
Биринчи таймнинг қолган қисмида, яъни 36, 37 дақиқаларда Ойбек Рустамов ҳамда Иракли Рухадзе жамоамизнинг олтинчи ва еттинчи голларига муаллифлик қилган бўлса, 43-дақиқада рақиб жамоа аъзоси Аллаяр Маратов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйиши натижасида таблодаги ҳисоб 0:8 кўринишига келди.
Ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ жамоамиз ўз устунлигини намойиш этган ҳолда танаффусга юқорида кўрсатилган ҳисоб билан йўл олишди.
Иккинчи таймда ҳам стадионга келган мухлислар 8 та гол гувоҳига айланишди.
Хусусан, захирадан ўйинга қўшилган Али Абдураҳмонов рақиб дарвозасига 4 бора йўл топиб покерга эришди. Шунингдек, Иракли Рухадзе яна бир бор «Арал Академия» посбонини ранжитиб, дублни расмийлаштириб қўйди.
Ўйин давомида майдонни голсиз тарк этишни хоҳламаган Нодирбек Абдураззоқов, Миржамол Қосимов ва Хуршид Ғиёсовлар ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишди ва бу орқали якуний ҳисобни 0:16 кўринишга келишини таъминлади.
Шу тариқа, ОКМК футбол клуби Ўзбекистон кубоги, «Ф» гуруҳи 2-тур баҳсида уч очкони қўлга киритди. Шунингдек, ушбу натижа орқали Миржалол Қосимов шогирдлари ўз гуруҳидаги бошқа жамоаларга қараганда тўплар нисбати бўйича энг яхши натижани қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, «кончилар» Ўзбекистон кубоги, «Ф» гуруҳи 3-тур учрашувини 29 апрел куни «Бухоро» жамоасига қарши ўтказади. Ушбу баҳс Олмалиқда, яъни, «ОКМК спорт мажмуаси»да соат 18:00да старт олади.
Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот
хизмати медиа муҳаррири.