Хабарингиз бор, мамлакатимизда маҳаллалар даражасида аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ечимини топиш, ижтимоий ҳимоя тизимининг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали фуқаролар яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда.
Тан олиш керакки, илгари маҳаллада халқнинг дардини тинглайдиган кўп соҳаларнинг “эгаси” йўқ эди. Натижада, энг қуйи тизимда ҳал этса бўладиган масалалар юзасидан ҳам одамларимиз юқори ташкилотларга сарсон-саргардон бўлиб боришига тўғри келар эди.
Илгари аҳолининг муаммосини ҳал қила оладиган ваколатга эга бирон-бир одам бўлмаган маҳаллада ҳозирда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ҳимоя учун масъул ва солиқ ходимидан иборат кучли жамоа шаклланди. Уларни фаолиятини мувофиқлаштирадиган, бирдамлигини таъминлайдиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳақиқий маънода маҳалланинг “ҳокими”га айланди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 декабрдаги «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-458-сонли қарори асосида эндиликда маҳаллалар ўз “бюджети”га ҳам эга бўлди.
Давлатимиз томонидан маҳалла институтига мана шундай кучли ваколат ва имкониятлар берилдики, энди бу имкониятлардан ўз вақтида, ҳақиқий халқ манфаати йўлида фойдаланилишини таъминлаш учун маҳалла ходимларини ҳам қўллаб-қувватлаш, ҳам “маҳалла еттилиги” билан депутатлар ўртасида кучли ҳамкорликни таъминлаш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 4 апрел куни қабул қилинган “Маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг “Маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори вакиллик органлари ва “маҳалла еттилиги” ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини аниқ белгилаб берди.
Мазкур қарор асосида соҳада белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишда “Маҳалла еттилиги”га кўмаклашиш, маҳаллаларда қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаққонийлиги ва асослилигини таъминлашга, қолаверса, келажакда (тегишли қанунларга ўзгартиришлар киритилгач) “еттилик” фаолиятига депутатлар Кенгашининг ҳаққоний баҳосини беришга эришилади.
Мазкур қарор билан, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш тизими, депутатлар ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлик йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Кенгаш сессиясида маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиш ҳамда масъулларнинг фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, Маҳалла уюшмаси туман (шаҳар) бўлими раҳбарининг Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш тавсия этилган.
Шунингдек, сенаторлар ҳам мазкур қарор билан ҳудудларга бириктирилди.
Сенаторлар ҳар ойда ўзига бириктирилган ҳудудга чиққан ҳолда Сенат Қарорида белгиланган вазифаларнинг сифатли ташкил этилишида маҳаллий Кенгаш депутатларига амалий ёрдам кўрсатиб борадилар.
Ҳар ярим йилда “Маҳалла еттилиги” фаолияти билан боғлиқ республика даражасидаги масалалар Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилиб, соҳага оид мутасаддилар ахборотлари эшитилиши, зарур ҳолларда аниқланган муаммолар ечими бўйича Ҳукуматга таклифлар киритиб борилиши кўзда тутилган.
Тошкент вилоятига Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Қутбидин Нуритдинович Бурханов, вилоятдаги бир қанча туман-шаҳарлар (Ангрен, Бекобод шаҳарлари, Бекобод, Бўка ва Пискент туманлари) жумладан, Олмалиқ шаҳрига “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув Кенгаши раиси, сенатор Хурсанов Абдулла Халмуродович бириктирилди.
Шаҳар Кенгаши депутатлари мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда намунавий иш ташкил этишга интилмоқда. Шу мақсадда дастлаб қарор мазмун-моҳиятини депутатларга ва “Маҳалла еттилиги”га ҳамда барча соҳаларнинг шаҳар миқёсидаги раҳбарларига етказиш, вазифаларни тақсимлаб олиш, шаҳар миқёсида сифатли ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13 апрель куни шаҳар Кенгаши доимий комиссияларининг қўшма мажлисида, 15 апрел куни Кенгаш котибияти билан ҳамкорликда мулоқот ташкил этилиб, барча вазифалар келишиб олинди. 16 апрел куни эса Тошкент вилоятида биринчи бўлиб Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 90-сессиясида мазкур масала муҳокама қилиниб, сессия қарори қабул қилинди.
Натижада Кенгаш депутатлари «Маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлик қилиш асослари яратилди. Мазкур ишни бажариш учун ҳар бир депутат 2 тадан маҳаллага бириктирилди. Депутатлар ҳар ҳафта бир марта ўзига бириктирилган маҳаллага бориб, аҳоли мурожаатларини қабул қилмоқда. Маҳалладаги ҳал бўлмаган масалаларни Кенгаш доимий комиссиялари муҳокамасига киритиш, шаҳар даражасида ечиладиган муаммоларни эса сессияга олиб чиқиш учун Кенгаш котибиятига топширилиши таъминланяпти.
Шаҳримизда бўлиб ўтган қабулларда 6 нафар депутат ўзларига бириктирилган 7 та маҳаллада аҳолининг мурожаатларини қабул қилдилар. Дастлабки қабуллар жараёнида жами 57 нафар фуқаронинг 74 та мурожаати депутатлар бошчилигида, еттилик ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида, Кенгаш котибиятида ташкил этилган мурожаатлар ва телеграм “бот” орқали эса 10 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилинди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 11 таси жойида ҳал этилган бўлса, 8 тасига ҳуқуқий тушунча берилди. Муддат талаб қиладиган 55 та мурожаат депутатлар назоратига олиниб, муҳокамаларга киритилмоқда.
Қолаверса, депутатлар “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишиб, уларга кўмак бериши билан биргаликда Кенгаш сессиясида ўзига бириктирилган «Маҳалла еттилиги» фаолиятига баҳо берадиган тизим яратилмоқда.
Депутатларнинг аҳолини қабул қилиш манзиллари ва вақти олдиндан ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилиб борилаётганлиги, депутат қабулига боролмаган фуқаролар учун онлайн қабул қилишга мўлжалланган “бот” манзилининг жорий қилинганлиги ҳамшаҳарларимизни янада мамнун қилмоқда.
Депутатларимизнинг “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлик асосидаги ишлари давом этади.
Жараёнлар ривожини келгусида сонларимизда бериб борамиз.


Дилфуза Рўзиева.