Image default
Жамият

ДЕПУТАТЛАР НАЗОРАТИДАН СЎНГ КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛДИ(МИ?) ёхуд Айрим «боғча» раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинди

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг жорий йил VI-85-12-10-147-К/24-сонли қарори ижроси юзасидан Олмалиқ шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги камчиликлар юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги 90-сессиясида шаҳар Кенгашининг 2024 йил 9 февралдаги “Мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия ишларини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик — депутатлик назорати ишларини олиб бориш тўғрисида”ги VI-85-12-10-147-К/24 сонли қарорининг ижроси тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Мазкур қарор январ ойида депутатларнинг МТТларда олиб борган ўрганишлари давомида аниқланган қатор камчиликлар ва масъулларнинг эътиборсизлиги, сусткашлиги каби ҳолатлар бўйича қабул қилинган эди. Энди депутатлар мазкур қарорнинг ижросини талаб қилдилар. Бир нечта МТТларда депутатлар назорати ортидан ҳолат анча яхшиланган, 7-сонли МТТ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчисидан раҳбарлик олиб қўйилган. Аммо депутатлар 6-сонли МТТнинг фаолияти, айниқса, жамоавий муҳитнинг носоғломлиги оқибатида болалар тарбияси ва парваришига зид бўлган ҳолатлар такрорланиб келаётгани бўйича танқидий фикрларни билдирдилар. Мазкур ташкилот раҳбарига нисбатан чора кўриш тавсияси берилди.
Шунингдек, сессия шаҳримиздаги 13 та МТТ раҳбарлиги лавозимлари узоқ вақтлардан бери бўшлигича қолаётгани, шаҳар ва вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу юзасидан етарлича иш ташкил этмаётгани эътирозларга сабаб бўлди. Сабаби қайсики ташкилотда доимий тайинланган раҳбар бўлмаса у ерда «эга» бўлмайди.

Жумладан, 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат тайёрланиши назоратга олинмаганлиги ва фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун вақтинча вазифа юклатилган раҳбар Р.Хусаинова директорлик вазифасидан озод этилди. Қолаверса, ташкилот тўғрисида нотўғри маълумот тарқатганлиги учун тарбиячи Озода Хамроевага нисбатан меҳнат қонунчилиги асосида «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилиб, кейинги сафар яна шу ҳолат такрорланадиган бўлса, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиниши юзасидан огоҳлантирилди. Ташкилот фаолияти вақтинча 2024 йил 12 январдан 19 январга қадар умумий профилактик тартибда дизенфекция ишлари учун тўхтатилиб, “Олмалиқ дизенфекция” МЧЖ томонидан 1 046 000 сўмга шартнома асосида умумий профилактик дизенфекция ишлари олиб борилди. Ташкилотнинг барча гуруҳ хоналари, ўйинчоқлар, ўйинчоқ полкалари, кийим шкафлари, ётоқ кроватлари ҳамда ошхона идишлари дезинфекция қилинди ҳамда белгилар билан белгилаб қўйилди. СанҚваМ талабларига кўра ўйинчоқларни ювиш учун қопқоқли идишлар билан, овқат қолдиқлари учун қопқоқли челак билан таъминланди. Зарарсизлантириш учун моддалар ишлатиладиган идишлар белгилаб қўйилди. Ҳар бир гуруҳларда тозалаш ишлари талаб даражасида олиб борилиб, гуруҳлардаги болалар овқатланиш стол-стуллари, шкафлар СанҚваМ талаблари бўйича белгилаб чиқилди. Гуруҳлардаги кроватлар орасидаги масофа СанҚваМ талаблари бўйича жойлаштирилиб, электр тизими таъмирланди. Тарбиячиларга эрталабки фильтр асосида қабул қилиш зарурлиги ва болаларни қабул қилиш хонасини ўз вақтида тозалаш кераклиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Текширув олиб борилганда таомнома бўйича шавла 150 грамм бўлган, лекин амалда 110 грамм чиққан. Бу камчилик бартараф этилиб, гуруҳдаги овқат қуйиш учун мўлжалланган чўмичлар янгиланди. Ошхонадаги ишламай қолган музлатгични таъмирлашга буюртма берилиб, таъмирлатиб қўйилди ва яна қўшимча музлатгич учун харажатлар сметасига киритилди. Ошхона ойна-ромлари тўр сетка билан беркитилиб, нон сақлаш шкафи СанҚваМ талаблари бўйича жойлаштирилди. Ташкилот ҳамширасининг камчилиги кўрсатилган ҳужжатлари тартибга келтирилди. 6-,7-,8-гуруҳларда болаларни қабул қиладиган даҳлизлар ўриндиқлар билан таъминланди.

15-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти электр плитаси симлари қайтадан улаб берилди. Совуқ сув ўлчаш асбобида тамғалари йўқлиги боис, замонавий ақлли ҳисоблагичларга алмаштирилди.

41-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида аниқланган камчиликлар юзасидан ошхонадаги электр печ янгисига алмаштириш тўғрисида 2023 йил октябр ойида хат чиқарилган бўлиб, лекин йил охирида харажатлар сметасида кўзда тутилмаганлиги сабабли олиб бериш имкони бўлмади. Қолаверса, ташкилот махсус ҳисоб-рақами ҳам ривожлантирилмаган. 2024 йилги харажатлар сметасига маблағ қўйилиб, Республика харажатлар сметаси 1 апрелда тасдиқланди ва май ойида электр печ олиниши режалаштирилди.

2-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида овқатлардан олинаётган намуналар ташкилотдаги музлатгичларда сақланиб келинмоқда. Ошхонада идиш ювиш учун ходимларнинг оёқ остига паддон олиб берилди.

11-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотидааниқланган камчиликлар ҳам бартараф этилди. Яъни, ошпазлар перчатка ва қўлқопдан фойдаланиб келмоқда. Ҳар кунлик меню пештахтага қўйиб борилмоқда. Маънавият ва маърифат хоналари қайта жиҳозланиб, масъул ходим янгисига алмаштирилди.

38-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг ошхона қисмидан олиб ўтилган электр симлар изоляцияланиб, ошхона деворлари қайтадан таъмирланди. Ошхона ва ташкилотдаги барча эшик ромлар эски бўлганлиги сабабли, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилди.

19-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг спорт зали регисторларида кучли босим остида ювиш ишлари (промевка) олиб борилди ва ҳозирги кунда иситиш тизимида муаммо йўқ. Кийиниш хонасида иситиш радиаторларининг ўзи мавжуд эмас. Сабаби қурувчи томонидан сметада кўзда тутилмаганлиги учун радиатор ўрнатилмаган.

5-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг овқат менюси ҳозирги кунда ҳар куни эрталаб раҳбар томонидан тасдиқланиши назоратга олиниб, ошхонадаги электр печи таъмирланди.

13-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг том қисми таъмирланиб, фасад қисмига қайтадан ранг берилди. Ҳожатхонадан сув кетиш тизими тўғирланиб, ошхонадаги духовкалар тузатилди.

6-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг ҳам камчиликлари бўлим масъул ходимлари томонидан бартараф этилди. Нотўғри меню тузганлиги ва болалар сонини кўпайтириб ёзганлиги учун ҳамшира Ш.Отабоевага нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди. Ташкилотдаги стол-стул ва мебел жиҳозлари бўлимнинг эксплуатация хизмати ходимлари томонидан таъмирлаб берилди.

ММТБ тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларидаги дори воситаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигининг 2019 йил 11 ноябрдаги 57-13-сонли қўшма қарорига мувофиқ шаҳар Тиббиёт бирлашмаси томонидан 1 нафардан малакали ҳамшира ажратилиб, тасдиқлаб берилади.
Шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими номенклатурасидаги ходимларга нисбатан иш фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан огоҳлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилди. Қолаверса, раҳбар ходимларга нисбатан чора кўриш учун Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқарма бошлиғи номига 2024 йил 21 феврал куни №199-сонли хат чиқарилди.
Умуман олганда, халқ вакиллари шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолиятини «қониқарсиз» деб топди.

Д.Рўзиева,
газета муҳаррири.

МАВЗУГА ОИД

ЯНГИ МАКТАБ ФОРМАСИ ҲАҚИДА

admin

КОНСТИТУЦИЯГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР ЁШЛАР ЭЪТИБОРИДА

admin

ЎКСИК ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ

admin

ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛАРИГА ПЛАНШЕТЛАР ТОПШИРИЛДИ

admin