Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър, икки сандиқ китоб
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан нима деса дер,
Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпроқ.
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Дунёга дарз кетса, энг аввал шоир юраги синади, дейишади. Жафокаш заминда нимаики одамзот бошига тушса, неки жабру ситамлар унинг инсондай яшашига даҳл қилса – барча-барчаси шоир юрагини тимдалаб ўтади.
Мудом ўйчан, ўз хаёллари ва руҳий дунёси билан банд, ҳамиша “қовурғасининг остида йиғлаётган қумриси” билан ич-ичидан суҳбат қилиб бир оташин шоир ҳаётини яшаб ўтган Муҳаммад Юсуф ижоди бунга ёрқин мисолдир.
Шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар унинг халқчил ижодига бўлган юксак ЭҲТИРОМДАН дарак беради.


Хусусан, куни кеча шаҳримизда бўлиб ўтган шоир ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир фикримиз далилидир. Шоирга бағишланган маърифий кечада унинг умр йўлдоши, айтиш мумкинки, Муҳаммад Юсуф шеърларининг бош илҳомчиси бўлган Назира Ас-Салом, шоирнинг жонажон синглиси Муҳаббат ая, Техника фанлари доктори, академик Абдурашид Хасанов ҳамда қурама куйчиси Тошпўлат Маткаримов Муҳаммад Юсуф хақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар. Халқчил шоирнинг юбилейига бағишланган тадбирни нафақат у хақдаги маърифий бир кеча дейиш мумкин, балки шеър ва қўшиқнинг гўзал муштарак бир анжумани бўлди, десак муболаға бўлмайди.
“Парижнинг энг гўзал ресторанларин битта тандирингга алишмасман мен” дея Ватан мадҳини биллурдек тиниқ самимият билан тараннум эта олган шоир ижоди айтиш мумкинки, 7 ёшдан 70 ёшгача шеърият ихлосмандлари тилида мудом янграб келмоқда.
Севимли шоиримиз шаҳримизга бундан 27 йил аввал ижодий ташриф билан келган экан. Ўшанда шоир қаламига мансуб “СЕНИ ОСМОНИМГА ОЛИБ КЕТАМАН” деб номланган китобининг тақдимоти бўлган. 27 йиллик учрашувни замондошларимиз, ҳамшаҳарларимиз тўлқинланиб эслайдилар. Улардан бири Солибой Тангиров ўз хотиралари билан ўртоқлашди:
-Ўшанда Муҳаммад Юсуф шаҳримизга ташриф буюрганида мен шаҳар маънавият бўлимида ишлардим. Шоир бир олам бўлиб келиб кетганди ўшанда. Мезбонлар ичида Илҳом ака деган одам бор эди. Шоирнинг чинаккам мухлиси бўлган бу одам шоир ташриф буюрган куни ўғил неваралик бўлди, янги туғилган чақалоққа шоирнинг ўзи ўз исмини бериб кетди… Шу куни биз шоирни кузата туриб бўлган бир воқеани эслагим келди:
Хайр-хўшдан кейин шоир минган улов юриб кетди, бироз юргач тўхтади-да, ундан Муҳаммад Юсуф тушиб янги меҳмоннинг бобоси — Илҳом Эркаевични чақириб, уни яна бир бор бағрига босди-да машинасининг орқа тарафини очиб ўзига берилган гулларнинг энг каттасини унга ҳадя қилди…Албатта, эл суйган шоирнинг бундай муносабатидан сўнг ҳар қандай одам хурсанд бўлиши турган гап. Шоир нафақат гўзал ва беқиёс шеърлари билан, балки мана шундай эсласангиз қайта эслайдиган хотиралари билан қалбимизда қолди.
Ҳақиқий шоирнинг туғилиши ҳам аслида баҳорнинг туғилиши янглиғ, кўклам осмонидаги чақинларнинг дунёга келиши мисол – бир илоҳий, бир самовий ҳодисадирким, бу ҳолатнинг сиру синоати билан мазмун-моҳияти Яратганнинг ўзигагина маълум. Зеро, инжу шеърияти билан дунёга яна бир шеърият баҳорини олиб кира олган Муҳаммад Юсуф ҳам ана шундай ҳақиқий шоирларнинг бири эди…
Дилафрўз Эгамбердиева.