Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Дарҳақиқат, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий рол ўйнаса, мактабгача таълим муассасасининг ҳиссаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

Шу маънода “ИЛК ҚАДАМ” Давлат Дастури асосида олиб бораётган мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти эътиборлидир. Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ва халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган “ИЛК ҚАДАМ” давлат ўқув дастури болаларнинг бизни ўраб олган борлиқ нима, у қандай ривожланган, табиатда инсон қандай ўрин тутади, унинг онги қандай пайдо бўлади ва камол топади, жамиятнинг яралиш тарихи, инсоният турмуш даражасини қандай қилиб яхшилаш мумкин каби масалаларга қараши, муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
АКТ, СТЕАМ, КВЕСТ технологиялари ҳамда янги замонавий методлар асосида иш олиб бораётган таълим ташкилотлари бугунги кун талаблари даражасида ўз йўналишига эга, албатта.
Хусусан, йирик ижтимоий инфратармоқ сифатида бугун бир ярим мингдан зиёд ишчи-ходимларни ўзида жипслаштирган “Олмалиқ КМК” АЖ нинг Ижтимоий объектлар Бошқармаси фаолиятига назар соларканмиз, бунда соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар кўлами кўзга ташланади. Ҳозирги кунга келиб жами 33 та объектни қамраб олган Бошқарманинг мактабгача таълим муассасаларида комбинат ишчи-ходимларининг 3 336 нафар болалари тарбияланиб келишмоқда. Бошқарма тасарруфида 15 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларда логопедлик гуруҳларининг борлиги диққатга моликдир .

Шу ўринда мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни интеллектуал, жисмоний, ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, умуминсоний қадриятлар билан таништириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида турли тўгараклар, маънавият ва экология хоналари, кичик музей, кутубхоналар ташкил этиш борасидаги анъаналарни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Чунки китобга, санъатга, илмга, умуман, келажакда муайян касбни эгаллашга бўлган қизиқиш болаларда айни шу даврда шаклланади.
Шу маънода Ижтимоий объектлар бошқармасига қарашли бўлган 31-сонли “Дўстлик” номли умумий типдаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг фаолияти диққатга моликдир.
Саодат Тешабоева раҳбарлик қилиб келаётган таълим ташкилотида ҳозирги кунга келиб 264 нафар бола тарбияланиб келмоқда.

- Боланинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари ҳамда МТМ давлат ўқув дастурига мувофиқ унинг ҳар томонлама ва баркамол ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мактабгача ёшдаги болаларнинг ўқув-тарбиявий фаолиятини ташкил қилиш ва амалга ошириш, болаларнинг илк ривожланиши масалаларида ота-оналар ва жамиятга тегишли билимлар беришни ташкил этиш, болаларнинг илк ривожланиши масалаларида оила ва жамият билан ўзаро ҳамкорликни ташкил қилиш ва амалга ошириш каби вазифаларни жамоа билан ҳаммаслак бўлиб амалга ошириб келмоқдамиз, –дейди биз билан суҳбатда Саодат Эркиновна.
Бола ҳуқуқлари, ўзига хос ривожланиш хусусиятлари ва салоҳиятларини ҳисобга олиш, таълим жараёнида барча турдаги ривожланиш соҳаларининг ўзаро боғлиқлиги, бола саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, унинг эҳтиёжлари, шу жумладан, унинг ҳаракатланиш эҳтиёжларини қондириш, боланинг ижодий қобилиятларини қўллаб-қувватлаш, ўйин орқали таълим бериш ва ривожлантириш, боланинг ривожланиши ва ижтимоий мослашиши учун қулай муҳит яратиш, бола учун хавфсиз муҳитни таъминлаш, МТТнинг оила, маҳалла ва мактаб билан ҳамкорлиги МТТ таълим жараёнининг тамойилларини ташкил қилади. Шу ўринда ўз ишига мураббийликка хос фидокорлик, жонкуярлик билан қараб, ёш авлодни тарбиялашда муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган мусиқа раҳбарлари — Иззатой Турсунова, Зебо Рахмонова, тарбиячилар Лилия Гарифулина, Сайёра Комилова, Хатира Иномова, Покиза Эргашева, Нигора Холматова, Гўзал Самандарова, тарбиячи ёрдамчилари Раъно Қурбонова, Қундуз Арслонбоеваларнинг номлари муносиб равишда эътироф этилади.
Мухтасар айтганда, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади. У боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлаб боради.
Шундай экан, бу тизим фаолиятини янада кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади. Зеро, А.Авлоний айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласидур!”
