Image default
Ёднома

УРУШ. НОМИНГ ЎЧСИН СЕНИНГ!

УРУШ УҚУБАТЛАРИ

…Польшадаги энг қонли концлагерлардан бири… Калтак ва хўрлик, очлик ва забунликдан эти устихонига ёпишиб кетган маҳбусларнинг қўлларига совун бериляпти, одамда худди улар ҳаммомга киритилаётгандек тасаввур уйғотади, аммо ундай эмас… Яроқсиз бу одамлар ҳаммом деб ўйлагани аслида жизғанак қилиб куйдириб ташлайдиган крематорий эди.

Китобдан ўқиганим шу воқеалар, ҳаёт ва мамот, уруш ва тинчлик ҳақидаги қоришиқ ўйлар билан акациялар иси келиб турган кўчалар бўйлаб юриб кетаман… Ва битта ҳақиқатни англайман: урушда ғолиблар бўлмайди, аслан олганда ҳар иккала томон ҳам мағлублик аламини тотади…
Уруш кичрайтирган жуссаси ва уруш улғайтириб катта қилиб қўйган қалби билан, армону андуҳлар билан боласини кутган ОНАЛАР — МАҒЛУБЛИК ЭМАСМИ?! Урушдан қайтмаса ҳеч бўлмаса фарзанди қолар, деган ўйда қилинган тўйнинг эртаси қаллиғини гўшангадан кузата туриб, дудоқларида ёш қотиб қолган МАЪСУМ КЕЛИНЧАКЛАР МАҒЛУБЛИК ЭМАСМИ?! Ой бориб, омон қайт болам, дея боласига нон тишлатиб, ой бориб омон қайтмаган боласининг жасадини ҳам кўрмай кетган ОТАЛАР МАҒЛУБИЯТ ЭМАСМИ?! Қоронғу окопларда севги ҳақида ўй суриб, аммо сониялар ўтиб даҳшатли портлаш танасини титиб ташлаган ЭР ЙИГИТЛАР… Маҳбубасидан келган хатга кўз ёшлари томган ва шу мактубда ўпичлари қолган ўн саккиз ёшли ҒЎР ЙИГИТЛАР… НОМИНГ ЎЧСИН УРУШ, МАҒЛУБИЯТИНГ ШУЛАР ЭМАСМИ СЕНИНГ?!
…Уруш ҳақида, қон, очлик, хўрлик ҳақида ёзаман, ёзавераман… Армоним, андуҳим тугамайди, худди сув ичаман-у, аммо чанқоғим босилмаётгандек… Ва бир таскин излайман. Таскин деганимиз хотира, эсдаликлар бўлса керакда… Биз 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фарзанди бўлган, уруш заққумини тотган ҳамшаҳарларимизнинг хотиралари билан ўртоқлашаман. Айнан уруш иштирокчиларининг бирортаси бугун шаҳримизда йўқ. Аммо Олмалиқда яшаб ўтган уруш қаҳрамонларининг сўнгги эсдаликларини воқеалар асосида тиклашга ҳаракат қилдик ва бу хотира синиқларини, парчаларини сизга ҳам илиндик.

АСИРЛИКДАГИ АНДУҲЛАР
2-жаҳон уруши пайтиданемис концлагерларида бўлган ҳамшаҳримиз МАРИНА ИВАНОВНА БРЮХОВЕЦКАЯ ўтган йили вафот этган, аммо унинг бизга айтиб берган хотиралари тирик. Бугун уларни сизга тақдим этмоқдамиз.
«…Уйимиз қаршисида осиб ўлдирилган одам жасади ётарди. У немис эди. У вайрон бўлган бинога яшириниб, урушга бормасликка интилган. Уни топиб олишгандан сўнг кўчадаги симёғочга осишган. Бироз вақтдан кейин арқонни кесиб юборишган. Жасад бир неча кун кўчада чўзилиб ётди. Биз, болалар, эса унинг очилганча қотиб қолган оғзига майда тошчаларни ташлаб, ўйнардик.
Ниҳоят уни йўл четига кўмишди. Лекин шаҳар кўчаларида жасадлар бўлмаслиги учун юк машиналарда келиб, уни ва бошқа жасадларни кавлаб олишди, кейин машинага улоқтиришди. Биз, болалар, бу жараённи бир четдан кузатиб ўтирар эдик. Машиналар кўздан ғойиб бўлгандан сўнг биз ҳам тушлик қилгани кетдик. Тушликка маккажўхори унидан бўтқа тайёрланган эди, лекин менинг кўз ўнгимдан суяклари титилиб кетган, кийим унгурларидан чиқиб турган жасадлар кетмас эди. Овқатимни ея олмадим, кўнглим беҳузур бўлиб кетди…»
“Қийноқлари билан машҳур бўлган золим концлагерлардан бири… 17 ёшли Марина бу ердаги хўрлик ва ҳақорат, зулм ва очликдан уқубат чекмоқда… танасида чидаб бўлмас оғриқларни туяди… Энг “шоҳона” овқатнинг номи “помой”…
Бир пайт тутқунлар ичида бақир-чақир, ғала-ғовур кўтарилди: немис бир қопда нимадир ирғитганди улар томонга, асирлар ичида нима борлигини ўзлари ҳам билмайдиган қопни талашардилар… Очлик уларни ваҳшийга айлантирганди… Бир пайт қоп йиртилиб кетди-ю ичидагилар ерга тўкилди, бу томошани ҳузур қилиб кўриб турган немислар бениҳоя кулишарди. Тутқунлар очлик азобидан тортишганлари кир сабзи пўчоқлари эди…
…Сувда аёл кишининг мурдаси юзтубан ётганча оқиб юрарди. Шамол аёлнинг юбкасига ел бериб, елкан каби жасадни сув бўйлаб ҳаракатлантирарди… Ҳали тутаб турган сигарет қолдиғи, жасадларнинг оғзига тиқилган тошчалар, бомбаланган уй балконида турган икки помидор новдаси…”.
87 ёшни қоралашга муваффақ бўлган Марина Ивановна Брюховецская уруш, ғариб болалик, забун ўтган йиллар ҳақида гапиришни бошлаганида юқоридаги хотиралар кино лентасидек бир-бир кўз олдидан ўта бошлайди.
Марина Ивановна тинч, осуда кунлар ва мана шу муҳитда турли миллат вакилларининг тотув ҳаёт кечиришини шундай изоҳлайди:
“Ҳаёт бир мунчоқ кабидир, ундаги энг гўзал садаф бу — ТИНЧЛИКДИР!”
Май қуёшининг шафақларида ял-ял ёнган кўчалар бўйлаб сайр қиламан, дўконларга кириб нон харид қиламан ва шу оддий ва одатий кундалик ҳаётимда тинчликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини чуқурроқ тушуниб бораман. Менимча, бу неъматнинг қадри уруш ва очлик кўрган, музлаб қолган картошкаларни хомлигича ейишга мажбур бўлган, болалигини немис концлагерларида бой берган мен каби тутқунликда бўлган кексалар учун ҳамиша баланд. Бу йил 81 ёшни қарши олдим ва ҳар сафар байрам муносабати билан мени йўқлаб келишганида тинчликни қадрлаган оқибатли одамлар юртида яшаётганлигимни, улар мени эсдан чиқармасликларини дилдан туяман!”

ОКОПДАГИ ОРЗУЛАР
Шаҳримизда 102 йил умргузаронлик қилган яна бир уруш қатнашчиси — АБДУРАҲИМ ОТА МАВЛОНОВ ХОТИРАЛАРИДАН
«…Уруш нафаси келиб турган окопларда фақат битта нарсани орзу қилардим: омон қайтсам, болаларим, яқинларим ўчоқларда кўп-кўп овқатлар пиширтираман… Ўчоқларнинг тафти ўчмайди, беш йил шу орзулар, умидлар куч берди, яшашга ундаган…»
Икки аср саодатини кўриб, табаррук ёшларни кўрган Абдураҳим ота 8 нафар фарзанди, 108 нафар невара, чевара, эвара ва дуваралари борлигидан фахрланиб яшади. Қачон уни йўқлаб, излаб борсак тинч ва осойишта ҳуррам кунлар шукронасини келтириб, икки қўлини дуога очарди…

ЯПОН ҚИЗИ — ИНГА ВА МЕН…
УРУШДА МАРДОНАВОР ЖАНГ ҚИЛГАН ОФИЦЕР РУСТАМ ОТА ШОКИРОВ ХОТИРАЛАРИДАН
“Биз Сахалин остонасида мардонавор жанг қилдик. Бир пайт японлар истиқомат қиладиган манзилга етиб келдик. Бу ерда ҳаётнинг биз соғинган ранглари бор эди, назаримда. Тановул қилаётган таомларимизда, кийиб турган кийимларимизда урушнинг ҳиди сезиларди-ю аммо қалбларимизда баҳор эди… Ана шу манзаралар ичида мен кимонода турган ҳуркак япон қизи — Ингани учратгандим ўшанда. Шамолда ҳилпираб турган пардалар, уларнинг ортида бир кўриниб, бир кўринмай қолаётган ИНГА… Мендан 76 йилдирки уруш ҳақида сўрашганида сўзимни Ингани учратганим билан боғлиқ воқеалар билан бошлайман…. Чунки унинг сокин юзи, сакура гулларини эслатиб турувчи кимоноси негадир тинчлик деган неъматнинг нақадар улуғлигини англатганди менга ўшанда!”…
Бугун бу хотира эгалари орамизда йўқ. Лекин қалбингни тирнаётган андуҳга бир таскин бор: айтганимдек бу — хотира саодати. Тахминан 2015 йиллар эди. Ўшанда худди шундай 9 май арафасида 2-жаҳон уруши қатнашчиларини йўқлаб улар ҳақида туркум мақолалар тайёрлагандик. Адашмасам ўшанда уларнинг сони 19 нафар эди. Бугун эса уларнинг бирортасини топа олмаймиз. Улар чинакам ТИРИК АФСОНА эдилар. ТИРИК АФСОНАЛАРНИНГ ЁДИ БАРҲАЁТДИР! Уларнинг пок хотираси олдида биз авлодлар ҳамиша таъзимдамиз!

Дилафрўз
Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

MAQTASHGA ARZIGULIK BARCHA TA’RIFLARGA MUNOSIB EDI

admin

ФАЙЗИНИСО ОПАНИ ЁД ЭТИБ…

admin

СИЗ ДОИМ ҚАЛБИМИЗДАСИЗ!

admin