Ушбу касалликнинг ўта хавфли касаллик саналиши, озгина эътибосизлик билан қаралиши эса ҳатто инсонлар ўлимига олиб келиши боиси нимада? Бу қандай касаллик ва қаердан келиб чиқади?
Ўрта Осиёда қадимдан маълум бўлиб, беморнинг иштаҳаси йўқолиши, дармони қуриб, кўнгли айниб қусиши, ичи суюқ ўтиб, юзи ва шиллиқ пардаларнинг қизариши кузатилиб, озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушиб, одам худди соғайгандек туюлиши, лекин сал ўтмасдан бурундан қон кетиб, терида нуқтасимон қон қуюлишлар, хаста одам ажралмаларида — сийдиги ва бошқаларда қон аралашмалари кузатилиши, беморнинг аҳволи оғирлашиб, бемор ҳалок бўлиши билан кечувчи касалликни ўзбеклар “қора ҳалак”, тожиклар “хун гирифта” ёки “хуни муни” деб аташган.
Абу Али Ибн Синонинг издошларидан бўлмиш Журжоний ҳали 1110 йилда ўзининг “Хоразм хазинаси” асарининг “майда касалликлар ҳақида” номли бўлимида шунга ухшаш касалликни таърифлаб, уни канага ўхшаш майда ҳашарот юқтириши ҳақида айтиб ўтган. Касалликнинг айни пайтдаги номи — “Қрим-Конго геморрагик иситмаси” деб номланиб, олимлар томонидан касаллик қайд этилган ҳудудлар ва касалликнинг ўзига хос белгиларидан келиб чиққан. Чунки касаллик илк бор 1944 йилда Қримда кўчманчилар ва ҳарбийлар ўртасида, 1945 йилда эса Конго давлатида расман қайд этилган. Касаллик тананинг деярли барча қисмида қон қуйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан кечиши эса унинг геморрагик (лотинча-қон қуйилиши) иситма деб аталишига сабаб бўлган.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси табиий ўчоқли касаллик ҳисобланади. Касаллик билан ҳайвонлар зарарланган, соғ ҳайвонларга ўтиши мумкин бўлган ҳудуд касаллик ўчоғи дейилади. Агар касаллик ўчоғи табиатда одамлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлса, бу жой касалликнинг табиий ўчоғи деб аталади. Табиий ўчоқда яшовчи ёввойи ҳайвонлар — чўл сичқонлари, типратиканлар, юмронқозиқлар, қуён, тулки кабилар каналарнинг йил давомида яшаб кўпайишига имкон яратади. Каналар эса ўз навбатида танасида касаллик қўзғатувчиси бўлган вирусларни сақлайди. Кўриниб турибдики, табиатда касаллик ўчоқлари сақланиб қолиши чорвачиликнинг ривожланганлиги билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас.
Ушбу ҳудудларга экспедицияларга, чорва озуқаси жамғариш, ов қилиш ёки шунчаки табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун келган одамлар кана чақиши натижасида касалликка чалиниши мумкин. Шунингдек, ушбу ҳудудларга ўтлаш учун келган чорва ҳайвонлари ҳам каналарни ўзи билан бирга олиб келиши мумкин.
Касалликнинг асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилиши касаллик қўзғатувчиси манбаси бўлган каналар фаоллиги билан боғлиқ. Чунки каналар кунлик ҳарорати ўртача 10 даража ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб озуқа манбаси — иссиқ қонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.
Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қўл билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек, касал одамлар билан контактда бўлиш жараёнида рўй беради.
Касалликнинг яширин даври 1 кундан 14 кунгача, ўртача 4-6 кунни ташкил этади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, мушакларда, бўғинларда, қорин ва бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, дармони қурийди, кўнгли айниб қусади, ичи суюқ ўтади, юзи ва шиллиқ пардаларнинг қизариши кузатилади.
Озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам худди соғайгандек туюлади, лекин сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи — геморрагик даври бошланади. Бунда бурундан қон кетиши, терида нуқтасимон қон қуюлишлар, укол қилинган жойларда қон қуюлишлар, кузатилади. Қон қуюлиши ички аъзоларда ҳам (ошқозон-ичак, бачадон) рўй бериши мумкин. Касал одам ажралмаларида (қон, қусиқ, сийдиги ва бошқалар) кўплаб касаллик вируслари бўлиб, атрофдагиларга катта хавф туғдиради. Агар ўз вақтида касалхонага мурожаат этилмаса кўп қон йўқотиш натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа органлар фаолияти чуқур бузилиши натижасида бемор вафот этиши мумкин.
Касалликни даволаш фақат махсус стационарларда ўтказилади, уйда даволаш мумкин эмас, бу бемор ҳаётига ва атрофдагиларга ҳам катта хавф туғдиради. Касаллик барвақт аниқланса ва тегишли даво чоралари ўз вақтида ўтказилса беморлар тўлиқ соғайиб кетади.
Республикамизнинг Навоий вилоятининг Қизилқум зонаси ва тоғ олди ҳудудларида Қрим-Конго геморрагик иситмасининг бир неча табиий ўчоқлари мавжуд бўлиб, ҳар йили баҳор-ёз мавсумида инсонларнинг касалланиш ҳолатлари қайд этилади. Касалликни юқтирмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатьий амал қилиш лозим:
— ҳайвонларни боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки шунчаки табиат қўйнида дам олиш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш: кийим имкон даражасида очиқ рангли бўлса кийимда юрган кана тез кўзга ташланади. Ҳар соатда ўзингизнинг, ҳамроҳингизнинг устини кўздан кечириб кана бор-йўқлигини аниқлаб туриш;
— каналарни яқинлаштирмайдиган репеллентлардан фойдаланиш;
— чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг, дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажаринг;
— эсда тутинг, кана одам танасига ўтиб олгандан кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қулай жой қидиради (қўлтиқ ости, чатан ва бошқа иссиқ ва пана жой), бу вақтда уни пайқаб қолсангиз пинцет ёрдамида, резина қўлқоп билан олиб ташланг, агар кана танага ёпишган бўлса уни зинҳор юлиб олманг, кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ булса оддий ўсимлик ёғини томизсангиз, нафас олмай қолиб, кана ўзи сўрғичини танадан чиқаради, кейин уни осонгина пинцет ёки резина қўлқоп билан олиб ташлаш мумкин. Тиббиёт маскани яқин бўлса имкони борича дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг, у ерда канани олиб ташлаб, ўзингизни малакали мутахассислар тиббиёт кузатувига олади.
— Чорва молларининг жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов бериш лозим.
- Қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик;
- молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинсекция тадбирларини ўтказиб бориш, ахлат ва гўнг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик.
Крим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас. Касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология назорати органлари томонидан ҳар йили чорва молларига ишлов бериш, қўра-қўтонларда дезинсекция ўтказиш, чўпон уйларига ишлов бериш, ҳар хил ветеринария ва тиббиёт препаратларини харид қилиш тадбирлари ўтказилиб борилмоқда. Қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи ушбу профилактик тадбирлар фуқароларимиз томонидан юқорида қайд этилган оддий қоидаларга риоя қилинмаса кутилган самарани бермайди ва касаллик чиқиши хавфи сақланиб қолади
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак, ушбу мақолада қайд этилган Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушунтириб борсак ,ўзимизнинг ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз.
- молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинсекция тадбирларини ўтказиб бориш, ахлат ва гўнг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик.
Шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими.