Image default
Жамият

ҲАЁТИЙ РЕПОРТАЖ: БАХТНИНГ РАНГЛАРИ

Ҳаёт велосипед ҳайдашга ўхшайди. Мувозанатни сақлаш учун эса сиз мудом ҳаракат қилишингизга тўғри келади.
(Альберт Эйнштейн)

Умиджон билан ҳам тақдир шундай бўлди. Туғма кўзи ожиз бўлиб туғилган қаҳрамонимиз болалигидан “бешикдан тобутгача илм изла” деган пурмаъно ҳикматни туғ қилиб, дастлаб Тошкент даги мактаб-интернатда, кейинчалик Иқтисодиёт Университетининг аудит факультетининг бакалавриат, магистратура йўналишларини тамомлади. Олийгоҳни битиргач, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сиёсий эксперт сифатида иш бошлади. Аммо…аммо кўзи ожиз бўлишига қарамай қалб кўзи ила жаҳонга бўйлаш истаги бўйлаган қаҳрамонимиз ҳозирда ишсиз, кўплаб даргоҳлардан рад жавоби олинган.


Ғарбда бир ажойиб тушунча бор: ногиронлиги бор одамларга «имконияти чекланган шахс» сифатида таъриф берилмайди, балки, “Эҳтиёжлари нисбатан кўпроқ шахслар” дейилиши одат тусига кирган.

  • Очиғини айтиш керакки, биз каби ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда мослашуви у қадар ҳам юқори даражада деб бўлмайди, масалан, ўзимдан қиёс. Маълумотим олий бўлишига қарамай, соҳам бўйича иш топиш масаласи анча қийинчилик туғдирмоқда,-дейди ҳамшаҳримиз Умид Ботиров.

36 йил шаҳримизда Тез тиббий ёрдамда ҳамшира сифатида фаолият юритган Саодат опа уч фарзандини бир ўзи боқиб катта қилди, Умиджон опанинг тўнғич фарзанди.
-Умиджон мактабга чиқиш арафасида турмуш ўртоғим бизни ташлаб кетди. Шу билан 2019 йилнинг кузида — Умиджон уйланганида келди, кўнглидан нималар кечганини билмайман-у, аммо боламнинг кўзи ожиз бўлишига қарамай ўқиб илмдор бўлганидан мамнун эди, назаримда, -дейди Умиджоннинг онаси Саодат опа.


“Агар қийналаётган бўлсанг, демак чўққига чиқиб бораяпсан. Мабодо ҳаммаси осон кечаётган бўлса, унда пастга қулаяпсан”… Умиджоннинг кун тартиби, мудом ўз устида ишлаши, китоб мутолаасига жуда кўп вақт ажратишини кўриб Генри Форд томонидан айтилган гапларнинг амалий ифодасини кўра олдик, десак муболаға бўлмайди.

  • “Мутолаадан узоқлашганимда худо мени одамлар билан жазолади” деган ўша машҳур иборага амал қилиб кун тартибимни белгилайман:
    “Юлдузлар ёғдуси” деган телеграм каналимизга постларни жойлаб бўлгач, Қуръони Карим мутолаасига бериламан. Худо хоҳласа, докторантурада ҳам ўқиб, илмий изланишлар олиб бориш истагидаман.
    Ҳадиси Шарифда “Илмдан бошқа нажот йўқдир” дейилади. Агар ҳаёт сенга фақат лимонларнигина берган бўлса, унда сен бу лимонлардан лимонарий ярат…Қалбимдаги таскин ва тасаллини илмдан деб биламан, илм инсонга борлиқ моҳиятини, худони танитади, деб биламан, -дейди биз билан суҳбатда “ҲАЁТИЙ РЕПОРТАЖ” лойиҳамизнинг илк меҳмони Умиджон Ботиров.

Сўнгсўз ўрнида…
“Ҳаёт бир жумбоқдир, бу фикрни шунчаки қабул қилинг, лекин “ҳаётнинг маъноси нима” дея ҳадеб такрорлайверманг, яхшиси, ўзингиз ҳаётга маъно қўшинг”…
Фараҳли баҳор осмонида жануб томон учиб кетаётган қушларни кузата туриб дадасининг юзини ўзи томон жажжи қўллари билан буриб гўдак тилида нималардир деб гапираётган бир ёшли Лола Умиджон ва Лобарнинг кўрмаётган кўзларига НУР бўла олди. У шундай зиёки, куз офтобидек майин ва оромбаҳш, чиройли боғлардек соҳир ва тароватли…Мана шуларнинг барчасидан БАХТ РАНГЛАРИ яралиб борарди…

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

Умумхалқ хайрия ҳашари

admin

ҚИЗИНГИЗНИ ЎҚИТМАЙСИЗМИ?..

admin

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОМБИНАТ ИШЧИ-ХОДИМЛАРИ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ АКС ЭТАДИ?

admin

Округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар тавсия қилинди

admin