“Ҳурматли фуқаро! Ичимлик сувини исроф қилманг, ундан оқилона фойдаланинг! Бир томчи сувни ҳам исроф қилмаслик, электр қувватини тежаш, уни бир лаҳза ҳам беҳуда сарфламаслик, исроф қилмаслик жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчидир” дея ҳар бир таъриф нархи ошганда аҳолига бот-бот такрорлашдан чарчамайдиган “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ бу гапларига аввал ўзи риоя қилиб, кейин бошқаларга айтса ярашарди. Келинг, бу ҳақда газетамизнинг ижтимоий тармоқларига ҳамшаҳарларимиздан сув исроф бўлиб ётгани бўйича норасмий мурожаатларданмас (аслида бу каби мурожаатлардан ҳам билса бўлади ҳолатни), расмий манбалардан олинган маълумотлар бўйича таҳлил қилсак.
“Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ Олмалиқ шаҳар филиали раҳбари Шаҳобиддин Расуловнинг Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашига 2024 йилнинг 3 ойи якуни бўйича берган ҳисоботига кўра, корхона 2024 йилнинг 1-чорагида 9 497 927 м3 ичимлик сув ишлаб чиқарган. Шундан 2 570 695 м3 сув аварияларда йўқотилган, 6 927 232 м3 ичимлик суви аҳоли ва корхона, ташкилотларга етказиб берилган. Шундан аҳолига 4 843 386 м3, бюджет ташкилотларига 1 067 130 м3 ҳамда бошқа корхоналарга 10 11 6 716 м3 ичимлик суви етказилган.
Корхона 2024 йилнинг 3 ойида жами 16 млрд 386 млн 108 минг сўм даромад олган. Шундан 8 млрд 091 млн 803,7 минг сўми аҳолидан, 4 млрд 094 млн 750 минг сўми бюджет ташкилотларидан ҳамда 4 млрд 199 млн 554 минг сўми бошқа корхоналардан.
Эндиликда аварияларда йўқотилган 2 570 695 м3 сувни бугунги кунда аҳоли учун 2024 йил 20 февралдан белгиланган тарифда, яъни, 3000 сўмга кўпайтирадиган бўлсак, бу рақам 7 млрд 712 млн сўмдан ошиқ рақамни кўрсатмоқда. Бу рақам қарийб 1 чорак ичида сув учун аҳолидан олинаётган даромад (8 млрд 091 млн 803,7 минг сўм) билан тенглашиб қолгани жуда ачинарли. Демак, битта шаҳар аҳолисини таъминлаш даражасида етадиган сув шунчаки исроф бўлаяпти.
Корхонанинг ижтимоий тармоқларда авариявий ҳолатлар бўйича ичимлик суви таъминоти ўчиши ҳақидаги эълонларини таҳлил қиладиган бўлсак, Олмалиқда бир ойда камида 10 марталаб авариявий носозликлар туфайли, сув таъминоти тўхтатилади. Лекин негадир, шунча таъмирлаш ишлари олиб борилишига қарамай, носозликлар камаётгани умуман сезилмаяпди. Аксинча, сув қувури ёрилиб, ҳафталаб, ҳатто ойлаб беҳуда оқиб ётибди. Хўш, бу ичимлик сувларининг бадалини ким тўлайди?
Яқинда шаҳримизда фаолият юритувчи бир тадбиркор билан суҳбатлашиб қолдим, кўчасига эккан дарахтини ичимлик суви билан суғоргани учун “Сув таъминоти” корхонаси 32 млн сўм жарима тўлатишга мажбур қилган экан. Ваҳолангки, у сувни исроф қилмаган эди, шу шаҳарнинг экологияси яхшиланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган дарахт учун ишлатган эди. Айтингчи, жаноб мутасаддилар, қани бу ерда сизнинг адолатингиз!? Бу Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга мутлақо тескари, жўн айтганда, халқни давлатга нисбатан нафратини оширишга хизмат қиладиган ҳолат-ку!?
2023 йил 4 ноябрь куни “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ абонентлар бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари Аброр Абдулазизов иштирокида ўтказилган брифингда улгуржи ва бюджет ташкилотлари ақлли сув ҳисоблагичларини ўрнатиш мажбурий эканлиги ҳақида огоҳлантириш билан чиқди. Тўғри, бундан мақсад сув таъминотидаги маблағни тежаш. Аммо, брифингда чиқиб олиб “сўзбозлик” қилаётганлар билмайдики, ўзларининг чўнтаги йиртиқ, қанча маблағни тежамасин, қуйи бўғинга тушиб, вазият чуқур таҳлил қилиб, тизимли иш олиб борилмас экан, ҳозирги вазият ўнгланмайди.
Ичимлик суви нархининг 12 ой ичида 2 марталаб ошиши, “Тошкент вилояти сув таъминоти” Олмалиқ филиали томонидан таъмирлаш ишларининг қўл учида қилинаётгани, аҳоли мурожаатларига совуққонлик билан қараб, сувнинг исроф бўлишига ўзлари бош бўлаётгани ҳақида кўплаб фикрларни ёзиш мумкин. Аммо айтмоқчи бўлганимиз битта – халқ аҳмоқмас, сувни тежаш бўйича масъулларнинг ўзлари намуна бўлмас экан, барча айтилаётган чиройли гаплар бекор!
Дилфуза Рўзиева.