Янги интерфаол педагогик-амалий ёндошишлар ҳамда унга асосланган инновацион йўналишли тадбирлар яратишга ва амалга оширишга бўлган талаб ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимиз таълим тизимида ҳам сўнгги пайтда халқаро тажрибаларларга мувофиқ янги авлодни илм-фанга ва соҳага бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда.
Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали раҳбарияти томонидан илмий ва инновация ишларини ривожлантириш йўлида “Устоз-шогирд” тизими ташкил қилинган. Ушбу тизим асосида иқтидорли ёшларнинг назарий ва амалий билимларини ошириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари ва фахрийлари билан учрашувлар ташкил қилиниб, бир қатор саноат корхоналарига экскурсиялар уюштирилаяпти.
Жумладан, филиал вакиллари учун “Ўзметкомбинат” АЖ ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсия ташкил этилди. Илм йўлига қадам қўйган металлургия кафедраси профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва иқтидорли талабалари мана шу экскурсияда иштирок этиб, бир кун мобайнида металлург ишчи ўрнида бўлишди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ўзметкомбинат” АЖ юртимизни қора металлургия бўйича дунёга танитган саноат тармоғи ҳисобланади. Ҳозирги кунда ўзининг бир қатор маҳсулотлари билан дунё бозорига кириб улгурган корхона бу йил ташкил этилганининг 80 йиллигини нишонлади.
Экскурсия аввалида “Ўзметкомбинат”нинг музейига саёҳат уюштирилди. Музейда комбинат тарихи ва фаолиятига доир экспонатлар комбинат фаолиятига ҳисса қўшган фахрийлар ва уларнинг улкан зафарлари баён этилган тарихий лавҳалар томоша қилинди. Сўнг корхона мутахассислари томонидан корхона ҳудудида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш йўриқномаси тушунтириб ўтилди.
Олийгоҳ таянч докторантлари ва мустақил изланувчилари мазкур заводнинг ишлаб чиқариш муаммолари билан қизиқишди, ишлаб чиқаришда ҳосил бўлаётган турли техноген чиқиндилар ва уларнинг таркиблари билан қизиқиб, ҳамкорликда илмий ишлар олиб бориш борасида ўз фикрларини билдирдилар.