“Бу дунё саодатини истасанг тижорат қил, охират саодатини истасанг ибодат қил, ҳар икки дунё саодатини тиласанг илм ол ва илм ўргат».
ФИТРАТ.
Ўз меҳнати, кенг қувваи ҳофизаси билан бугун ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтаётган илму урфон эгаси, техника фанлари номзоди, вилоятимиздаги биринчи доцент аёл Марҳамат Муталованинг УМР аталмиш КИТОБИни варақлар эканмиз, олиманинг ҳаёт йўллари биз тилга олган сўзларга монанд равишда кечди, дейиш мумкин.
Бундан 72 йил аввал фараҳли куз кунларининг бирида АКРАМОВЛАР оиласида оғир-вазмингина қиз фарзанд дунёга келди. Бутун бир ҳаётини илмга бахшида этган, “нажот фақат илмдадир” деб биладиган қаҳрамонларимиз янги туғилган гўдакка улуғ ниятлар билан Марҳамат дея исм беришди.
Ўрта мактаб таҳсилидан сўнг Тошкент Политехника институтининг Олмалиқ филиалига ўқишга кирган қаҳрамонимизнинг илму урфон зиёсига бўлган талпинишлари бу олий даргоҳда янада мустаҳкамланди, янада сайқал топди.
1975 йили институтни битириб, 1978 йили танловдан ўтиб, мазкур филиалнинг «Фойдали қазилмаларни бойитиш» кафедрасига ассистент бўлиб ишга кирган Марҳамат Акромовна мана 46 йилдирки шу даргоҳда фидокорлик билан фаолият юритиб келмоқда. У 1985-1990 йиллар давомида 2 марта Тошкент вилояти Кенгаши депутати этиб сайланди. Навоий давлат кончилик институтида ишлаган даврида Ихтисослашган кенгаш аъзоси, Маънавий-ахлоқий ишлар бўйича декан ўринбосари, 2011йилдан Илмий ишлар бўйича декан ўринбосари, Касаба уюшмаси раиси лавозимларида муваффақиятли фаолият юритди.
46 йиллик педагоглик тажрибаси, илм-фан соҳасидаги изланишлари билан қаҳрамонимиз бугун чуқур билимли олима, юксак қадриятларга эга устоз сифатида ҳурматга сазовор бўлиб келмоқда. Бугунги кунда устоз бой илмий тажрибаси билан кончилик соҳаси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани эътирофга муносиб албатта. Устоз нафақат Олмалиқ шаҳрида, балки вилоятимизда техника фанлари номзоди илмий даражасига ва доцент унвонига эга бўлган биринчи олима аёллардан ҳисобланади.
“Илм оламининг ўзига хос меҳригиёси бор. Унга қанча яқинлашсангиз ўзига тортаверади. Қарийб қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида кончилик соҳаси бўйича талабаларга сабоқ бериб келаман” дейди устоз суҳбат давомида.
2011 йилда “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган олиманинг сўнгги йилларда 2 та услубий қўлланма, 1 та тезис, 2018 йилда 1 та ўқув қўлланма, 2019 йилда Москвадаги “UNIVERSUM Технический науки” журналида 1 та мақола, Хиндистоннинг “International Journal of Advanced Research in Science, Engineering and Technology” журналида 2 та мақола ва 3 та услубий қўлланмалари чоп этилди. М.Муталова ўзининг бутун илмий педагогик фаолиятида 65 дан ортиқ мақола ва методик қўлланмалар чоп этган бўлиб, унинг илмий мақолалари Москвада «Цветные металлы», «Ўзбекистон кончилик хабарномаси» ва бошқа журналларда чоп этилган. Олима томонидан талаба-ёшлар учун “Фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ва бойитиш технологияси” фанидан ўқув қўлланманинг яратилиши соҳадаги эзгу бир қадамлардан бири бўлди дейиш мумкин.
Устоз таълим берган талабалар институтда ўтказилган “Фойдали қазилмаларни бойитиш ва қайта ишлаш” фан олимпиадаларида иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллаган. Устоз иш фаолияти давомида моҳир педагоглик қобилияти билан бир қаторда ташкилотчилиги, илм-фанга жонкуярлиги ва меҳрибон тарбиячи эканлигини ҳам кўрсата олди. Юқори малакали педагог, фидойи ва жонкуяр инсон сифатида ҳамкасблари ва шогирдлари ўртасида ҳурмат ва эътибор қозона олди.
Марҳамат Акрамовна олиб борган илмий тадқиқот ишларининг асосий натижалари ОКМК қўрғошин бойитиш фабрикаси ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилиниб, катта саноат самарадорлигига эришилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қирқ йиллик илмий фаолияти давомида кўплаб шогирдларга устозлик қилган қаҳрамонимиз ёш ўқитувчиларга илмий, услубий ишларни мукаммал эгаллашида сидқидилдан ёрдам бериб келмоқда. Марҳамат Акрамовна ўзининг бой илмий тажрибаси, чуқур билими ҳамда фалсафий мазмунли дунёқараши билан кўплаб инсонларнинг ҳаёт йўлида маслаҳатдош, мададкор бўла олганлиги унинг кучли инсонийлик фитратидан дарак беради.
…Ҳеч нарса тиришқоқликнинг ўрнини боса олмайди. Талант ҳам унинг ўрнини боса олмайди — дунёда талантли муваффақиятсиз инсонлар ҳам кам эмас. Даҳолик ҳам ўрнини боса олмайди — дунёда муваффақиятга эриша олмаган даҳолар қанча. Таълим ҳам ўрнини боса олмайди — олий маълумотли қашшоқлар жуда кўп. Тиришқоқлик ва кучли иродагина муваффақиятнинг асосий омилидир. Юзта муваффақиятсиз уринишдан кейин ҳам тушкунликка тушманг, чунки бир юз биринчиси сизнинг ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкин, деган эди файласуфлардан бири.
Бугун устоз мақомига эришган Марҳамат Акрамовна йиллар силсиласида тобланган мана шу икки ҳақиқатни яхши билади ва таъкидлашни хуш кўради.
Донишманддан сўрадилар:
Илм олиш аёл кишига кўпроқ керакми, ёинки эркакка?
-Биринчи навбатда аёллар таълим олишлари керак, боиси улар илмдор бўлса, фарзандлари тарбияли бўлади ва шу орқали бутун бир миллат илмга юз тутади. Бу фикрларнинг мантиқий давоми сифатида француз файласуфи Жан Жак Руссонинг шундай фикрларини келтирамиз:
“Сиз бизга яхши оналарни беринг, биз сизга яхши болаларни берамиз”
ОНА, ОЛИМА АЁЛ, УСТОЗ ва яна бир қанча шарафлар эгаси бўлган қаҳрамонимиз — Марҳамат Муталова ҳақидаги очеркимизни якунлар эканмиз бир ҳақиқатни кашф этамиз:
“Ҳаёт — репитиция қилинмайдиган пьесадир. Шу боис парда тушиб, спектакль тугамагунича ҳеч қандай қарсакни кутмай куйланг, йиғланг, рақсга тушинг ва кулинг ва қўлдан келганича яхши яшанг.
Қаҳрамонимиз Марҳамат Муталованинг ҲАЁТ КИТОБИ, ИЛМУ УРФОНГА БАХШИДА УМР ЙЎЛИ буюк кино дарғаларидан бири айтган шу ҳикматга монанд тарзда кечди, дейиш мумкин… Зеро, ИЛМГА, УРФОНГА БАХШИДА УМР ҲАР ИККИ ДУНЁ САОДАТИДИР!
Дилафрўз Эгамбердиева.