Image default
Суҳбат

ТАДБИРКОР АКАНИНГ НОМДОР УКАЛАРИ

“Оиламиз оддий. Ота-онамнинг топгани рўзғордан ортмасди. Шу сабаб, мактаб даврида турли важлар қилиб синфдошлар ўртасида ташкиллаштирилган базмларда иштирок эта олмасдим. Битирув оқшоми арафасида рўй берган воқеалар эса тадбиркор мақомига эришишимга ташланган катта қадам бўлган…”

Ҳикоямиз қаҳрамони ёш бўлишига қарамай тадбиркорликда сезиларли ютуқларга эришган олмалиқлик Санжар Мадалиев. У Олмалиқ шаҳрида анчайин машҳур бўлган “Ҳасан-Ҳусан маркет” бренди асосчиси. Унинг фаолияти бугун тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар учун йўриқнома бўла олади. Суҳбатдошимиз доим муваффақиятларига ёшликдаги қийинчиликлар сабаб эканини таъкидлайди.

– Оилада 4 фарзандмиз, – дейди Санжар Мадалиев. – Опам, мен ва эгиз укаларим. Ота-­онам оддий ишчи бўлишган. Мактаб даврида синфдошлар билан қандайдир базм ташкиллаштирилса, менга пул йиғиш топшириларди. Бир кишидан бошқа ҳамма пул берарди. Ўша мен эдим. Оилавий шароитимиз сабаб бунга имкониятим етмасди. Лекин, йиғилган пулнинг тийинига ҳам хиёнат қилмаганман. Доим қандайдир зарур ишим чиқиб қолганини, уйдагилар рухсат беришмаганини баҳона қилиб, ўзимни четга олардим. Аслида, синфдошлар билан ўтириш қиляпмиз, деб уйдагиларга айтмасдим ҳам. Чунки уларга оғирлигим тушишини истамасдим. Бу важлар 9 йил иш берди. Битирув оқшоми арафасида яна пул йиғиш бошланди. “Ставка” 8 минг сўм эди. Бу сафар баҳона иш бермаслигини тушуниб, пул топишга киришдим. Ўшанда биринчи “бизнесим” – металлолом йиғиб сотишни бошлаганман. 3 кунда базм учун етарли пул тўпладим. Ўша вақтдаги қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ахир, биринчи маротаба синфдошлар даврасида ўтираётгандим-да!

Бир неча йил шу иш билан шуғулланиб, оиламизга озми-кўпми фойда келтирдим. Ўшанда келажакда тадбиркор бўламан деб мақсад қилганман. Шу орзу йўлида топаётганимнинг бир қисмини йиға бошладим.

Мактабни битириб, Олмалиқ шаҳар саноат коллежига ўқишга кирдим. 2-курслигимда дўстларим “Кетдик, компьютер ўйнаймиз”, деб қолишди. Борсак, тумонат одам. Бўш жой тополмай ортга қайтганмиз. Ўшанда менда компьютерхона очиш фикри туғилган. Ижарага жой олиб, йиққан пулларимни тикдим. Қисқа вақтда сарфлаган пулимни фойдаси билан ишлаб олдим. 2014 йилгача шу соҳадан нон топдим. Кейинчалик бундан деярли фойда келмай қўйди. Яна қайси соҳа бўйича тадбиркорлик қилиш мумкинлигини ўйлай бошладим. Бир кун онам овқат учун зира олиб келишимни айтдилар. Уйимиз олдидаги дўконга кирсам, топилмади. Озгина зира учун бир неча чақирим йўл босиб бозорга боришга эриндим. Ўшанда дўкон очиш фикри туғилди. Унда харидорлар учун қулайлик яратиш мақсадида турли зираворлар-у, рўзғорлик учун зарур барча маҳсулотлар сотувини йўлга қўйдик.

Бу янгиликни Олмалиққа биринчи биз олиб кирганмиз. Дастлаб, кичкина дўкон очиб, фаолиятимизни бошладик. Сотувда эгизак укаларим Ҳасан-Ҳусан ишларди. Атрофидагиларнинг барчаси уларни яхши таниб қолган, дўконни “Ҳасан-Ҳусан” деб айтарди. Шу-шу одамлар берган ушбу ном “бренди”мизга айланган. Ишлар юришиб кетгач дўконни кенгайтирдик. Кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам дўконларимизни очдик. Барча оила аъзоларимни шу соҳага жалб қилдим. Бугунги кунда Олмалиқ бўйлаб “Ҳасан-Ҳусан маркет” номи остида фаолият юритаётган дўконлар сони 10 тага етган.

Жорий йил 34 ёшни қаршилайдиган тадбиркорнинг фаолияти ортидан 120 нафарга яқин инсонларнинг қора қозони қайнаб турибди. Бундан ташқари, уйда ишлашни хоҳловчи аёлларга чучвара буюртма қилинади. Уларга барча маҳсулотлар етказиб берилади. Тайёр чучваранинг килограми 30 минг сўмдан сотиб олинади. Махсус текширувдан сўнг, улар қадоқланиб, сотув расталарига жойлаштирилади. Қарабсизки, аҳоли қўшимча даромадга, тадбиркор эса сифатли маҳсулотга эга бўлади.

Санжар Мадалиев тадбиркорликнинг ривожланиши учун, аввало, “локация” муҳимлигини таъкидлади.

– Кўпчилик одам гавжум жойларда тадбиркорлик қилишни афзал кўради, – дейди тадбиркор. – Бу – хато танлов. Боиси, гавжум жойда машиналар тўхташи қийин, тез тирбандлик юзага келади. Бу эса харидорларга ноқулайлик туғдиради. Очилган дўконларимиз жойлашган манзилга эътибор қаратсангиз, атрофи у қадар гавжум эмас, мактабдан бошқа йирик ташкилот йўқлигига гувоҳ бўласиз. Баъзи дўконларимиз фақат кечқурун гавжум бўлади. Масалан, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ходимлари доимий мижозларимиздан. Улар тун ярмида ишдан чиқиб, тўғри дўконимизга келишади. Билишадики, бизники кеч бўлганда ҳам ёпилмайдиган кам сонли дўконлардан.

Тадбиркорнинг келгусидаги мақсадлари улкан. У дўконлар тармоғини вилоят бўйлаб оммалаштиришни, аҳоли талабларини ўрганиб, қўшимча йўналишлар эвазига янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Шунингдек, ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи.

Бу йўлда тадбиркорга омад ва зафарлар тилаймиз. Зеро, юртимизда тадбиркорлар учун имкониятлар эшиги ҳамиша очиқ.

Суҳробжон САДИРОВ.

МАВЗУГА ОИД

ЁШ АССИСТЕНТНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРАЁТГАН МАҲСУЛОТИ ШАҲРИМИЗ УЧУН ҚАНЧАЛИК ФОЙДАЛИ?

admin

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁҲУД ҚАХРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

МЕҲНАТИДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

admin

ИЛМ БОЙЛИК КЕЛТИРАДИ…

admin