Image default
Саломатлик

ҚЎЗИҚОРИННИНГ ҲАММАСИ ҲАМ ИСТЕЪМОЛГА ЯРОҚЛИМАС!

Баҳор фаслининг кириб келиши, кунлар исиб ёғингарчилик кунларининг кўпайиши, ёмғирли кунларидан сўнг юртимизда қир-адирлар, майсазорлар ва ариқ бўйларида қўзиқоринларнинг гавжум чиқиши кузатилади. Бу эса қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган кишилар учун айни муддаодир.

Ўзбекистон ҳудудида қўзиқоринларнинг 300 дан зиёд тури ўсади. Бироқ шулардан атига 25 туригина истеъмол учун яроқли. Республикамиз ҳудудида ўсадиган қўзиқоринларнинг 275 тури заҳарлидир. Уларнинг таркибида гельвелли кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, уларга қанчалик ишлов берилмасин, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Ана шу қўзиқоринлар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди.Оқибатда истеъмол қилган кишиларнинг захарланишига олиб келади. Шу боис ҳам истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиб олишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Қўзиқориндан заҳарланган ҳолларда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб кузатилади. Лекин, кўп ҳолларда қўзиқорин истеъмол қилингандан сўнг 1-2 соат ўтгач, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан намоён бўлади.

Бу заҳарланишнинг дастлабки белгиларидир, бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, пульснинг секинлашиши, алаҳсираш (галлюцинация), титраш ҳолатлари ҳам кузатилади. Кўз қорачиғининг кенгайиши ёки унинг торайиши ҳам заҳарланиш аломатларидан биридир. Қўзиқориндан заҳарланганда беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилса, 2-3 кунда соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда беморнинг аҳволи ёмонлашади ёхуд касаллик ўлим билан тугаши мумкин. Уй шароитида умуман даво чораларини кўрмасликни маслаҳат берамиз.
Шаҳримизнинг «Теракли», А.Қодирий МФЙ ҳудудларидан ва қўшни Оҳангарон тумани қир-адирларидан, шунингдек, ҳовли уйлари кўп бўлган маҳаллалар ҳудудларидан номаълум шароитларда ўсган қўзиқоринлар фуқаролар томонидан терилиб, катта автомагистраль йўл ёқаларида ҳамда бозор, унга туташган ҳудудларда сотиш ҳоллари ҳам кўпаяди. Лекин ана шу неъматни териб ёки сотиб олиб, истеъмол қилишдан аввал истеъмолга яроқли эканлигини албатта, аниқлаб олиш зарур.
Шаҳримизда ҳам қўзиқориндан заҳарланиш ҳолатлари оз бўлсада, учраб туради. Бундан ҳар бир киши тўғри хулоса чиқариш лозим. Эҳтиётсизлик, тавсия ва маслаҳатларга амал қилмаслик эса оғир оқибатларга олиб келади.
Шунинг учун ҳам фуқароларимиз бу борада ҳушёр бўлиши керак.
 Бозорларда сотилаётган истеъмолга яроқли қўзиқоринларга белгиланган тартибда текширувдан ўтказилганлиги ҳақида тегишли маълумотнома берилади. Ана шундай маълумотномаси бўлмаган қўзиқоринларни, белгиланмаган жойларда, яъни, аҳоли гавжум жойларга туташ ҳудудларда, бозорларга яқин автобекат, кўчаларда далалар, қир-адирлардан териб олиб келинган қўзиқоринларни сотиб олиш ва истеъмол қилиш мумкин эмаслигини унутмаслигимиз лозим.
Ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига беэътибор бўлманг!

Шаҳар Санэпид бўлими.

МАВЗУГА ОИД

ҲАММА ЎЗ ХОНАДОНИГА ЎЗИ МАСЪУЛ!

admin

СИЗДА БЎҚОҚ БОРМИ?

admin

ЛЕЙШМАНИОЗ қандай касаллик?

admin

САРАТОН САБАБЛАРИДАН БИРИ ОИЛАМИЗДАГИ МУҲИТДА

admin