Image default
Саломатлик

ЮҚУМЛИ САРИҚ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ!

Аҳоли орасида «сариқ касаллиги» номи билан юритиладиган вирусли гепатит “А” касаллиги жигарнинг жароҳатланиши билан кечадиган юқумли хасталикдир.

Касаллик аксарият ҳолатларда қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:

  • Ҳолсизланиш, иситма, шамоллаш белгилари, иштаҳа йўқлиги, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўзнинг шиллиқ қавати, бадан териси ва сийдик рангининг сарғайиши.
    Шу билан бирга гепатит “А” касаллигига чалинган болаларда узоқ муддат жисмоний ҳаракатдан чекланиш, парҳезга риоя қилиш, жигар фаолиятини қайта тиклаш учун кўплаб дори воситаларини қабул қилиш, умуман бемор тўлиқ тузалмас экан, унга алоҳида эътибор ва парвариш талаб этилади. Натижада оила аъзолари бундан моддий ва маънавий азият чекади.
    Касаллик вируси одам организмига оғиз орқали қайнатилмаган сув ичиш, мева-сабзавотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнида шахсий гигиена қоидаларига (қўллар ювилмаганда) риоя этилмаганда ҳамда ушбу касалликка чалинган бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим кечак ва ўйинчоқлардан умумий фойдаланилганда юқиши мумкин.
    Касалликнинг вақтида аниқланмаслиги ва дори воситаларидан ўринсиз фойдаланиш жигар фаолиятининг бузилишлари билан кечадиган оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун вирусли гепатит А касаллигини даволаш фақат шифокор тавсиясига кўра шифохона шароитида ўтказилиши керак.
    Касаллик юқмаслиги учун:
    ♥ Болаларни ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига риоя этишга ўргатиш;
    ♥ Қўлларни совунлаб ювишга одатланиш;
    ♥ Мева-сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш;
    ♥ Болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли буюмларни оғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатлар шаклланишига йўл қўймаслик;
    ♥ Сувни қайнатилган ҳолда ичиш;
    ♥ Беморнинг идиш-товоқлари, ўйинчоқлари ва бошқа маиший буюмларини зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида мунтазам артиб туриш тавсия этилади. Кундалик турмушда юқорида айтиб ўтилган тавсияларга амал қилиш орқали ҳар биримиз гепатит А касаллиги ва унинг оғир асоратларининг олдини олган бўламиз.
    Азиз ҳамшаҳарлар! Юқумли «сариқ касаллиги»нинг олдини олишда энг самарали ҳимоя воситаси бу — вакцина билан эмланишдир. Эмлаш ишлари билан боғлиқ маълумотларни шаҳар Санэпид бўлим ва шаҳар оилавий поликлиникаларидан билишингиз мумкин. Соғлом фарзандларимиз — соғлом келажагимиз эканлигини унутмаслигимиз керак.

Феруза Фозилматова,
шаҳар бош эпидемиологи.

МАВЗУГА ОИД

ЮРИШНИНГ СОҒЛИҚ УЧУН ФОЙДАЛАРИ

admin

РАХИТ КАСАЛЛИГИ

admin

БОЛАЛАРНИ ГИЖЖА КАСАЛЛИКЛАРИДАН АСРАНГ!

admin

ҚОВУН ПАШШАСИ -ПОЛИЗ ЭКИНЛАРИНИНГ АСОСИЙ КУШАНДАСИ!

admin