Image default
Спорт

ЁМҒИР ОСТИДАГИ ГОЛЛАР «ЁМҒИРИ»ДА ОКМК ФК «СЎҒДИЁНА»НИ ТАСЛИМ ЭТДИ

19 май куни Ўзбекистон Суперлигаси 8-тур доирасида ОКМК ФК ўз майдонида Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубини қабул қилди.

Турнир жадвалида иккала клуб ҳам очколар бўйича ёнма-ён жойлашганлиги ҳамда муҳим ғалабани қўлга киритиш илинжида очиқ футбол намойиш этган ҳолда ўйинни «ёндиришди». Ҳаттоки, бу шиддатли ўйин оловини тўхтовсиз ёғган ёмғир томчилари ҳам ўчира олмади!
Учрашувга старт берилиши биланоқ иккала жамоа ҳам кескин равишда ҳужумлар ташкил қилишди. Натижада ноқулай об-ҳавога қарамасдан стадионга келган мухлислар биринчи таймда 4 та гол гувоҳига айланишди.
Баҳснинг 10-дақиқасида жамоамизнинг япониялик легионери Ариҳиро Сентоку фаол ҳаракат қилиб узатмаси билан рақиб футболчисини хато қилишга мажбур этди ва натижада «Сўғдиёна» аъзоси Сардор Қулматов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди — 1:0.
Орадан 5 дақиқа ўтиб, Азиз Холмуродовга нисбатан қўполлик ишлатилди. Хуршид Ғиёсов эса рақиб дарвозасидан чамаси 17-18 метр масофа узоқликда белгиланган жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, дарвозабонни доғда қолдирди. Супергол — 2:0!
Ушбу голдан сўнг «Сўғдиёна» клуби ҳужумга зўр берган ОКМК ФК жамоасини қарши ҳужум орқали «ушлаб қолишга» интилишди. Ва улар ўз мақсадига 21-дақиқага келиб эришишди. Аввалига Люпчо Дориев ерлатиб берилган кучли зарбаси орқали ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, 41-дақиқада баланд бўйли Зоран Петрович бурчак тўпидан сўнг боши билан зарба йўллаб, мувозанатни тиклади. Ҳисоб — 2:2.
Ёмғирли таймнинг дастлабки 45-дақиқалигида жамоалар шу тариқа дуранг билан танаффусга йўл олишди.
Иккинчи таймда ҳам жамоамиз футболчилари рақиб дарвозасига бир неча бор рейдларни амалга оширишди. Аммо якунда омад рақиб футболчиларига кулиб боқди. Яъни, 71-дақиқада ҳакам Ислом Тўхтахўжаевни жарима майдончамиз ичида «Сўғдиёна» ўйинчисига қўполлик ишлатди деб топди ва дарвозамизга пеналти белгилади. Тўп ёнига яқинлашган Люпчо Дориев нуқтадан адашмади. «Камбек» — 2:3.
Бу гол ОКМК ФК режасини тубдан ўзгартириб юборди ва таблодаги ҳисоб сабаб Миржалол Қосимов шогирдларига муҳим тактик кўрсатмаларни бериб борди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, бу ўз самарасини бера бошлади.
75-дақиқада «кончилар» аъзоси Али Абдураҳмонов «Сўғдиёна» ҳимоясидаги  пала-партишликдан унумли фойдаланиб, бир уриниш билан рақиб дарвозабонини доғда қолдирди — 3:3.
84-дақиқада эса яна Али Абдураҳмонов катта саҳнага чиқди. Бу вазиятда Нодир Абдураззоқов — Акромжон Комилов — Иракле Рухадзелар чап қанот орқали ажойиб комбинатцияни амалга оширишди. Али Абдураҳмонов эса ушбу рейдга тезда қўшилиб, сўнгги палладаги фаоллик эвазига ҳужумни гол билан якунлади ҳамда дублга эришди — 4:3.
Ўйиннинг иккинчи таймига қўшиб берилган дақиқаларида эса яна пеналти белгиланди. Бу сафар «Сўғдиёна» дарвозасига! ОКМК ФКнинг грузиялик футболчиси Иракле Рухадзе 11 метрли масофадан тепган тўпини жиззахликлар дарвозабони Милан Митрович қайтарди. Аммо рақиб посбонидан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Рухадзе иккинчи уринишда «Сўғдиёна» дарвозасини ишғол қилди — 5:3.
Шу тариқа, «камбек»ка «камбек» билан жавоб берган Миржалол Қосимов шогирдлари муҳим 3 очкони қўлга киритиш билан биргаликда Ўзбекистон Суперлигаси турнир жадвалидаги мавқеини янада яхшилаб олишди.
Маълумот учун, «кончилар» навбатдаги тур ўйинида Фарғонага сафар уюштириб, «Нефтчи» жамоаси меҳмони бўлади. Фарғонадаги 9-турдан ўрин олган «Нефтчи» — ОКМК ФК баҳси 26-май куни соат 19:00да бошланади.
Шунингдек, ОКМК ФК навбатдаги уй учрашуви 10-турга тўғри келади. Бунда Миржалол Қосимов шогирдлари ўз майдонида Бекободнинг «Металлург» клубини қабул қилади ва бу тўқнашув Тошкент вилояти дербиси мақомида бўлиб ўтади. Олмалиқдаги бўлажак учрашув 31 май куни соат 19:30да старт олади.

Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот
хизмати медиа муҳаррири.

МАВЗУГА ОИД

ЎЗБЕК ВУНДЕРКИНДЛАРИ ЖАҲОННИ ЛОЛ ҚОЛДИРИШДИ

admin

ОКМК МАВСУМДАГИ ИЛК ҒАЛАБАСИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

admin

Ота ва бола

admin

КРИШТИАНО РОНАЛДО ОЛМАЛИҚҚА КЕЛАДИ(МИ?)

admin