Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Central Asia – 2024”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVII Халқаро конференцияси доирасида маҳаллий ва хорижий ахборот-кутубхона соҳаси вакиллари иштирокида ялпи мажлис бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда ҳар бир давлат вакили фаолиятлари юзасидан тақдимотлар ўтказди.
Хусусан, тизимда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, кутубхоначи кадрларни тайёрлашда таълим муассасалари билан ҳамкорлик масалалари, виртуал ўқув залларининг афзалликлари бўйича маърузалар тақдим этилди.
Халқаро конференциянинг биринчи иш куни якунида соҳада самарали фаолият олиб борган, устоз-шогирд анъаналари бўйича кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишда жонбозлик кўрсатган, аҳоли, шу жумладан, ёш китобхонларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини оширишда меҳнатлари синган қатор фаол ходимлар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони ҳамда рағбатлантирувчи пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоб мутолаасини кенгайтиришда муносиб ҳисса қўшаётган хусусий кутубхона ташаббускорларига сертификат ва китоблар тўплами совға қилинди.
Қувонарлиси, улар орасида шаҳримизда жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Азимжонов Ғолибжон Маъруфжон ўғли «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирланди.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, Ғолибжон Азимжонов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги куч-тузилмалари орасидаги минглаб китобхон номзодлар орасида сараланган ягона совриндор сифатида ушбу кўкрак-нишонига сазовор бўлди.
Ғолибжон 1996 йил Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. Ҳозирда Олмалиқ шаҳри Увайсий МФЙда оиласи билан истиқомат қилиб, 2018 йил август ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Хизмат фаолияти давомида кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришган.
Жумладан, шаҳримизда ўтказилган «Энг яхши ёш китобхон» кўрик-танловида бир неча бор ғолибликни қўлга киритган. «Темур тузуклари билимдони» кўрик-танловининг республика босқичида фахрли ўрин соҳиби, «Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони» танловининг республика босқичи ғолиби, Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган «Энг яхши ёш китобхон» кўрик-танлови республика босқичи ғолиби ва Мудофаа вазирлиги 2022-2023 ўқув йили ғолиби, Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган «Энг яхши кутубхоначи» кўрик-танлови республика босқичи ғолиби.
Ўз мухбиримиз.