Image default
Суд амалиётидан

ДАЪВО МУДДАТИ ВАДАЪВО МУДДАТИ ЖОРИЙ ҚИЛИНМАЙДИГАН ТАЛАБЛАР

Даъво муддати шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Судга унинг тугаганидан кейин ҳам мурожаат қилиш мумкин (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 153-моддаси биринчи қисми). Бу муддатнинг тугаши ҳуқуқнинг ўзини тугашига ҳам олиб келмайди. Умумий даъво муддати уч йил.

Турли давлатлар қонунчилигида турли умумий даъво муддатлари кўрсатилган. Аксарият МДҲ давлатларида умумий муддат – 3 йил. Уч йиллик даъво муддати қонун чиқарувчи томонидан умумий деб номланишига сабаб шуки, у Қонунда махсус деб аталган бошқа муддатлар белгиланганидан ташқари барча ҳолатларда қўлланиши лозим.
Айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу ФК 152–162-моддаларининг қоидалари махсус даъво муддатларига ҳам жорий қилинади.
Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Томоннинг даъво муддати ўтиши тўғрисидаги низо тўғрисидаги аризаси ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклда бевосита суд муҳокамаси жараёнида тақдим этилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 153-моддаси 2-қисмида томоннинг даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги аризадан фойдаланиш имконияти чегараси ўрнатилган. Бундай ариза фақат иш бўйича қарор чиқарилгунга қадар берилиши мумкин.
ФК 154-моддасига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.
Муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.
Мисол тариқасида “М” исмли шахс “А” исмли шахсдан 2024 йил 1 феврал куни 10.000.00 сўм қарз олиб, қарзни 2024 йил 31 март куни қайтариши ҳақида тилхат ёзиб берди, ушбу холатда “А” исмли шахснинг “М” исмли шахсга нисбатан судга даъво қилиш муддати 2024 йил 1 апрель кунидан ўта бошлайди.
Ижро этиш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти ижро этиш муддати билан белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддати кредиторда мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан ўта бошлайди, борди-ю, қарздорга бундай талабни бажариш учун имтиёзли муддат берилса, даъво муддати имтиёзли муддат тамом бўлганидан кейин ҳисоблана бошлайди.
Регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди.
Даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;
2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;
3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;
4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;
5) тегишли муносабатни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатининг амал қилиши тўхтатилган бўлса.
6) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилган тақдирда.
Даъво муддати қуйидаги талабларга жорий қилинмайди:

  • шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;
  • фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга.
  • Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;
  • жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;
  • мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бу бузишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (ФКнинг 231-моддаси), бартараф этиш ҳақидаги талабларига;
  • мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;
  • қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.
    Шунингдек, даъво муддати маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан ҳам тадбиқ этилмайди, чунки улар шахсий номулкий ҳуқуқлар бузилиши ва бошқа номоддий бойликлардан келиб чиқади.
    Даъво муддатининг узирсиз сабабларга кўра ўтказилиб судга даъво тақдим қилинса ва суддаги тарафларнинг даъво муддаттини қўлланиш тўғрисида ёзма ёки оғзаки мурожат қилишса, суд томонидан даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлиши мумкин.

Хотамжон Маткаримов,
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди раиси.

МАВЗУГА ОИД

“ТИЛЛАЧИ”НИТАЛОН-ТАРОЖ ҚИЛГАНУЧОВЛОН ҚАМОҚҚА РАВОНА БЎЛДИ

admin

“ИШСИЗЛАР”НИНГ “ИШИ”НИ ҚИЛИБ, СЎНГ…

admin

ТЕЛЕФОННИ ОНАМГА КЎРСАТАМАН, ДЕБ…

admin

АВВАЛ БИЛИШ, КЕЙИН “ШИЛИШ” ОПЕРАЦИЯСИ

admin