31-май куни Ўзбекистон Суперлигаси 10-туридан ўрин олган ОКМК ФК — «Металлург» жамоасини ўртасидаги қарама-қаршилик кутилганидек муросасиз, кескин курашларга бой бўлди.
Олмалиқда бўлиб ўтган учрашувда жамоамиз биринчи таймнинг дастлабки дақиқаларида тезкор гол уриш илинжида «Металлург» дарвозаси олдида хавфли вазиятларни яратди. 10-дақиқада Хуршид Ғиёсов ва Ариҳиро Сентокуни «кончилар»нинг навбатдаги комбинациясини ташкиллаштириши оқибатида ўнг қанотдан рақиб жамоасининг ҳимоя қўрғони ёриб ўтилди ва жарима майдончаси марказига япониялик футболчимиз томонидан узатма берилди. Аммо Сентокунинг сўнгги палладаги узатмасига Иракле Рухадзе бироз кеч қолди ва ҳисоб ўзгармай қолди.
Шундан сўнг, фаолликни оширган жамоамиз аъзолари ўнг қанотдан яна рейдларни уюштиришда давом этди ва 45-дақиқага келиб бу ўз самарасини берди. Бу сафар Иракли Рухадзенинг узатмасини қабул қилиб олган Хуршид Ғиёсов яна рақиб ҳимоячиларидан ўтиб кетиб, Азиз Холмуродовни пас билан таъминлади. Холмуродов эса якуний зарбани аъло даражада бажарди ва ОКМК ФКни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0!
Шу тарзда Миржалол Қосимов шогирдлари минимал ҳисобдаги устунлик билан танаффусга йўл олишди.
Иккинчи таймда ҳам олмалиқликлар ҳисобдаги устунликни ўйинда ҳам намоён этишди. Хусусан, 54-дақиқада ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турган Азиз Холмуродов моҳирона узатмаси орқали Хуршид Ғиёсовни рақиб дарвозабони билан бирга бир вазиятга олиб чиқди. Хуршид ва «Металлург» посбони ўртасидаги дуэлда вакилимиз бекободлик «голкипер»ни доғда қолдирди. Афсуски, гол урилган вазият ВАР орқали кўриб чиқилганда Ғиёсов офсайдда қолиб кетганлиги маълум бўлди ва ОКМК ФКнинг иккинчи голи ҳисобга олинмади.
Учрашув давомида «кончилар» яна рақиб дарвозасига кетма-кет штурмлар уюштириб, «Металлург» дарвозабонини тез-тез безовта қилиб туришди. 67-дақиқада чап қанотдан Нодирбек Абдураззоқов Азиз Холмуродовга узатма берди. Тўпни қабул қилиб олган Холмуродов фурсатни бой бермай дарҳол дарвоза томон зарба йўллади. Ушбу зарбани эса «Металлург» посбони жонбозлик кўрсатиб қайтаришга эришган бўлса, қайтган тўпга биринчилардан бўлиб етиб борган Ойбек Рустамов дарвоза тўсини нишонга олди.
Орадан 3 дақиқа ўтиб, чамаси 17-18 метрлардан Миржамол Қосимов кучли зарбаси орқали бекободликлар дарвозасини қўриқлаётган Раҳимжон Давроновни яна бир бор синовдан ўтказди. Аммо бу сафар ҳам рақибимиз дарвозабони хавфли зарбани қийинчилик билан қайтаришга эришди.
Шу тариқа, ўйин якунигача Миржалол Қосимов шогирдларининг катта устунлиги остида ўтган Тошкент вилояти дербисида бошқа гол урилмади ва жамоамиз ғалабани тантана қилиб, 3 очкога эга бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ жамоасининг кейинги ўйини сафарда, яъни Тошкентнинг «Олимпик» клубига қарши Суперлиганинг 11-тур доирасида бўлиб ўтади. «Кончилар» ва Темур Кападзе бошчилигидаги олимпиячилар ўртасидаги баҳс 17 июнь куни соат 20:00да бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шунингдек, Миржалол Қосимов шогирдлари Ўзбекистон чемпионатининг 12-тур доирасида Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Пахтакор»га қарши тўқнаш келади. Ушбу турда ОКМК ФК пойтахт клубини ўз майдонида меҳмон қилади. 12-турнинг марказий учрашуви сифатида қаралаётган ОКМК ФК — «Пахтакор» қарама қаршилиги Олмалиқда «ОКМК спорт мажмуаси» майдонида 21-июнь куни соат 20:00да старт олади.
Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот
хизмати медиа муҳаррири.