Биргина тоза чиннини қўлга киритиш учун эвазига бутун бошли ҳарбий роталарни бериб юборган қироллар ҳақида эшитганмисиз? “Chicken cup” деб номланган кичкина пиёла Гонгконгдаги кимошди савдосида 36 миллион долларга сотилганини дунё жамоатчилигини жуда катта ҳайрат билан қабул қилганди ўшанда.
XV асрда яшаган Мин сулоласидан бўлган Хитой императори-Чжу Сз Яншенга тегишли эди. Чжу бисотидаги бу идиш дунёдаги энг хавфсиз ва энг экологик тоза идиш, деб тан олинган эди.
Биз сўзимизни бежизга чинни хақидаги фактлар билан бошламадик. Боиси навбатдаги қаҳрамонимиз ҳали ёш бўлишига қарамай чинничилик соҳасида маълум бир тажрибани тўплаб бу соҳада ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлардан. 20 ёшли Авазжон Муҳаммаджонов отаси Солижон Муҳаммаджонов етакчилигида чинни ишлаб чиқариш корхонасига асос солишди. Бугунги кунга келиб тадбиркор 20 нафар ишсиз ёшларни иш билан таъминлашга муваффақ бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
2021 йилда асос солинган корхона фаолияти учун дастлаб “Халқ банки”нинг шаҳар филиалидан 210 миллионлик кредит олинган эди. Тадбиркор ойига 1 5 миллион атрофида кредитни тўлаб, бугунги кунга келиб 150-200 миллионлик соф даромадга чиқди.
- “Ҳунарманд” уюшмаси кўмагида ўз фаолиятимизни юритиб келарканмиз, кунига 3 минг дона, ойига 70 минг дона чинни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришдик. Айтиш керакки, катта коса, катта, ўртача пиёла ҳамда қаймоқ пиёла ишлаб чиқарилмоқда. Режа бўйича ойига 70 минг дона чинни ишлаб чиқарилиши белгиланган. Келгусида 36 хил чинни маҳсулоти ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз-,дейди тадбиркор Авазжон Муҳаммаджонов.
Ютуқлар ўзимизники бўлгани каби камчиликлар ҳам ўзимизники, унга очиқ муносабатда бўлсаккина ечим топилади. Шу ўринда бугун ойига 150-200 миллион сўм соф фойдага чиққан, 20 та ишчи ўрнини яратган корхонанинг муаммоларидан кўз юмиб бўлмайди. Муаммо табиий газ билан боғлиқ.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур корхонанинг ишлаб чиқарилиши бардавом бўлиши учун ойига 30 минг кубометр газ истеъмол қилинади. Тарифлар аҳоли учун белгиланган тарифлар асосида. Халқчилроқ тушунтирадиган бўлсак, аҳоли бир йилда сарфлайдиган табиий газ корхонада бир кунда сарфланиши мумкин. Бу эса тадбиркорни ҳамёнига зарар эканлиги кундек равшан…
Сўзимизни мухтасар қилиб айтганда, тадбиркор истиқболда янги лойиҳалар устида иш бориши учун унга соғлом рақобат муҳитини яратиш, уни қийнаётган муаммоларга ечим топилишига эришишда мутассадиларнинг эътибори жуда МУҲИМ!
Дилафрўз Эгамбердиева.