Image default
Жамият

Тошкент вилоятининг халқ депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерларнинг вилоят аҳолисигаМУРОЖААТИ

Азиз Тошкент вилояти аҳолиси!

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган сўнги йиғилишлар давомида белгилаб берилган устувор вазифалар Тошкент вилоятининг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегияларини ўзида мужассам этади.
Хусусан, Давлатимиз раҳбари ҳудудни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда “Тошкент тажрибаси”ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб бердилар.
Ўтган йилларда Тошкент вилоятида бошланган “беш ташаббус”, “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”, “маҳалла еттилиги”, ҳудудларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича “Сайхунобод тажрибаси” каби замон талабларидан келиб чиққан илғор ғоялар Президентимиз томонидан қўллаб-қувватлангани, бутун мамлакатга ёйилгани, улар асносида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани барчамизга сир эмас.
Шу нуқтаи-назардан, ҳурматли Президентимиз белгилаб берган соҳалар бўйича “Тошкент вилояти тажрибаси”ни яратиш – садоқат намунаси” эканлигини амалда таъминлашда нафақат масъул раҳбарлар, балки барча Тошкент вилоятликлар бир ёқадан бош чиқариб фидойилик ва фаоллик кўрсатиши инсоний бурчимиздир.

Қадрли ватандошлар!

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, вилоятда расман 90,5 минг нафар фуқаро ишсиз деб қайд этилган бўлса, бу ойда яна 15,1 минг (таълимнинг кейинги босқичида қамраб олинмаган) битирувчилар меҳнат бозорига кириб келади.
2024 йил бошида ҳудудимиздаги 310,8 минг аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 10,2 фоизни ташкил этган.
Хусусан, йил бошида 70,6 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, шу даврга қадар амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида уларнинг 10,0 мингга яқинини камбағаллик даражасидан чиқаришга эришилди.
Бу борада қолган 60,6 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларни ҳам камбағалликдан чиқариш вилоятимизни камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга хизмат қилиши барчамизга маълум.
Бинобарин, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш, шунингдек мутасадди ташкилотлар ва тизимлар ходимлари, тадбиркор ҳамда фермерлар, бир сўз билан айтганда “жонажон Ватанимизнинг ривожига ҳисса қўшаман”, деган ҳар бир юртдошимизнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Негаки, киши қачон меҳнатга банд бўлиб, барқарор иш фаолияти билан шуғулланса, оиласи фаровон бўлса, ўшанда ўзига нисбатан ишончи ортади, давлатимизнинг тараққий этишига умид билан қарайди, жамиятимиздаги кечаётган жараёнларга, кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ошади.
Қолаверса, бандлиги ортидан келган даромадига оиласи эҳтиёжларини қондиради, турмуши фаровон бўлади, орзу-ҳавасларига эришади.
Бу борада вилоятда 710,8 мингта янги иш ўринларини яратиш бўйича ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар кенгашлари сессияларида тасдиқланган режаларнинг ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, вилоятимиздаги 1 025 та маҳалланинг драйверидан келиб чиқиб, шакллантирилган 10,3 мингта лойиҳаларни ишга тушириш, саноат корхоналари томонидан 122,1 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспортни ҳозирги 1,1 млрд. доллардан 1,5 млрд. долларга ошириш устувор вазифамиздир.
Ўйлаймизки, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари асосида аҳоли даромадларини ошириш бўйича яратилган “Сайхунобод тажрибаси”, “Уйчи тажрибаси”ни жорий этишда бандлик ва банк тизими ходимлари, ҳар бир маҳалланинг “еттилиги”, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерлар жонбозлик кўрсатадилар.
Бунда, ҳудуддаги етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лаёқатига мос равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик каби тармоқлар билан бирга томорқа хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг натижасида намунали оилаларни бир йилда 50-70 миллион сўмдан ошириб даромад топишига кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилади.
Шунингдек, маҳаллаларга бириктирилаётган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, кўчат ўтказиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қолаверса, аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ишларига кўмаклашиб келмоқда.
“Сайхунобод тажрибаси” ерлардан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олди.

Ҳурматли маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари!

Йил бошида вилоятимизда доимий яшаш манзилларидан 111,9 минг нафарга яқин юртдошимиз узоқ муддатга хорижий давлатларга кетган бўлиб, сизларнинг секторлар раҳбарлари, прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари ҳамда касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда олиб борилган кенг кўламли тарғибот ишларингиз натижасида уларнинг 16,8 мингдан ортиғи ўз оилалари бағрига қайтиб келди.
Бу борада секторлар рахбарлари, 1025 та маҳалланинг ҳар биридаги “еттилик” томонидан ташқи миграцияда юрган ватандошларимиз билан доимий тарзда онлайн мулоқотлар ўтказиб борилмоқда ҳамда қайтиб келган фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Қадрли депутатлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар!

Халқимизнинг “Боланинг бегонаси бўлмайди!”, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” каби чуқурмаъно мақоллари ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак.
Айни пайтда, азиз дилбандларимизнинг камолоти, уларнинг яхши ўқиб, халққа нафи етадиган касб-ҳунарларнинг эгалари бўлиб вояга етишлари ҳар бир ота-она, маҳалла ва бутун жамиятимиз учун олий мақсадлардан бири эканлигини яхши тушунамиз.
Бу борада ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан илк маротаба жорий йилдан бошлаб вилоятимизда 22 та умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўрганиш ҳамда ойлик иш ҳақи эвазига ишлаш амалиёти жорий этилади.

Бу эса “Тошкент вилояти тажрибаси” бўлади, албатта!

Бинобарин, ҳар бир ўқувчининг ўқиш давридаёқ мустақил равишда ўзи қизиққан касб-ҳунарнинг ҳақиқий эгаси бўлишини таъминлашга кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Шундагина, бола мактаб остонасидан ўзига ишонч билан мустақил ҳаётга қадам қўяди, ўзи шуғулланадиган касби-иш жойи мавжуд бўлади.
Энг муҳими, ёшларимизни барқарор иш ўринлари билан банд қилсак, улар онгида турли бузғунчи ғояларга жой қолмайди, жамиятимизнинг ижтимоий фаол аъзосига айланади.
Барчамизга маълумки, ҳар қандай жиноят, зўравонлик – бу адолатнинг бузилиши, ҳақиқатнинг синишига олиб келади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздаги 1025 та маҳалланинг 530 тасида жиноят содир этилганлиги, 117 тасида эса жиноят ошганлиги барчамизни чуқур ташвишга солиши, табиий.
Жиноятчиликнинг асл илдизи кўп ҳолларда бекорчиликдан келиб чиқади.
Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак ҳамда “Менинг маҳаллам, менинг кўчам тинч ва тоза, жиноятчиликдан холи маҳалла, кўча!”, “Мен маҳалламга бефарқ эмасман!” деган эзгу ғояларни амалда татбиқ қилсак, шундагина вилоятимизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришга эришамиз.

Азиз Тошкент вилояти аҳолиси!

Барчангизни жонажон вилоятимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни мажбурият эмас, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият сифатида қабул қилишга чақирамиз!
Қолаверса, юртимизда улкан янгиланишлар ва бунёдкорликлар шиддатли кечаётган ушбу дамларда ҳар биримиз ўз хонадонимизни, маҳалламизни обод қилишимиз нафақат қут-барака, балки фарзандларимиз ва невараларининг дунёқараши, маънавияти ва маърифатига ижобий таъсир қилишини унутмайлик!
Ҳар биримиз муқаддас масканда истиқомат қилиш масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда, “Тошкент вилояти тажрибаси” — садоқат намунаси” тамойилини эзгу мақсад сифатида амалда намоён этайлик!
Шундагина кўзланган олий мақсадга – Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс, Янги Тошкент вилоятимизнинг тараққий топиши ва гуллаб яшнашига эришамиз.
Асло унутманг, сизнинг ҳиссангиз – бу оилангиз, маҳаллангиз ва бутун вилоятимиз аҳолисининг фаровонлиги учун хизмат қилади.

МАВЗУГА ОИД

Ўзбекистон Республикaси Президенти сaйловини ўткaзувчи 10-Тошкент вилояти округ сaйлов комиссиясиҚ А Р О Р ИЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИСАЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ САЙЛОВУЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДАЎзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-, 22-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сай лов комиссиясиҚ А Р О Р Қ И Л А Д И :

admin

УРУШ ФАХРИЙЛАРИ ЭЪТИРОФДА

admin

«ЙИЛ АЁЛИ» ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

admin

ШАҲАР КЕНГАШИ ДЕПУТАТЛИГИГА БЎШАБ ҚОЛГАН ЎРИНЛАР УЧУН
БЎЛИБ ЎТГАН САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИ

admin