…16 қаватли бинодан ўзини ташлаган қиз воқеаси…Тармоқлар “ЁНДИ”… Шарҳлар, турли изоҳлар, деярли ҳамма билдирди ўз фикрини… Очиғи, биз бунақа пайтларда фаоллашамиз. Алам қилгани қизни асраб қолиш мумкин эди деган ўй… Кимни айблай?! Уни шу даражагача олиб борган муҳитними? Ё “Ўзини ташлаши билан носилкага ортамиз” деб кутиб турган баъзи бир “тезкор” хизматларни айтайми? Ё пастдан туриб унга ваъз айтганларними? Четдан қараб бу ташкилотлар аслида қоғоздаги “ўз вазифаларини адо этишган”лигини англайман. Қоғозда беш бу ишлар, аммо бу беш ишлар асролмади ёш бир қиз умрини… Гувоҳларнинг айтишича, қиз суиқасд қарорини тезда амалга оширмаган. Вақт ўтган. Нимадир амалий ҳаракат қилиш мумкинмиди? Беихтиёр шу хаёл келган кўпчилигимизга. Айнан шундай қалтис вазиятларда ёрдами ниҳоятда зарур бўладиган ташкилотларнинг фаолиятини ислоҳ қилишни вазиятнинг ўзи кўрсатиб турибди…
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, ўз жонига қасд килиб ҳалок бўлганлар сони йилига ўртача 800 минг нафарни ташкил этмоқда. 15 миллиондан ортиқ одам турли сабабларга кўра, ўз ҳаётини тугатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга оширади. Ҳар йили ўз жонига қасд қилиш оқибатидаги ўлим барча қайд этилган ўлимларнинг тахминан 1% ни ташкил қилади. Ҳар 40 сонияда сайёрамизнинг турли бурчакларида ҳалокатли (тугалланган) ўз жонига қасд қилиш ҳаракати содир бўлиши маълумотларда исботланган…
Одатда суицид ҳақида матбуотда кам гапирилади, кам ёзилади. Аммо бу сафар соҳа мутахассиси билан интервью ташкиллаштиришни шаҳримизда юз берган фожеали воқеанинг ўзи тақозо этаяпти. Шу мақсадда Олмалиқ шаҳар Тиббиёт Бирлашмаси Кўп тармоқли Марказий поликлиника, Руҳий касалликлар бўлими шифокори, олий тоифали психиатр Шерзод Хасановга юзланамиз.
- Социологларнинг маълумотига кўра, кўпинча ўз жонига қасд қилиш қурбонлари 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлардир. Иккинчи чўққи — 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган даврга тўғри келади. Нашр этилган маълумотларга кўра, ўз жонига қасд қилган эркаклар ва аёллар нисбати 2:1 ни ташкил қилади.
ТУРЛИ ТАДҚИҚОТЧИЛАРЛАР ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШНИ ТУРЛАРГА
АЖРАТИШАДИ:
♠ Худбин – хулқ ижтимоий талаблари ва жамият меъёрларининг индивид учун номақбуллиги билан чақирилган.
♠ аномик — шахснинг ахлоқий ва қадриятлар тизимининг тўлиқ қулаши натижасида юзага келган.
♠ Алтруистик — юксак мақсадга эришиш ёки бошқа одамларнинг фаровонлиги ва манфаати учун амалга ошириладиган;
♠ Фаталистик — шахс устидан ортиқча назоратдан келиб чиққан, масалан: ахлоқ тузатиш колонияларида;
♠ инсоннинг ўзини айблаш ғоялари натижаси бўлган қутқарувчи;
♠ бутун дунёга ўз нуқтаи-назарини исботлаш ва мавжуд асосларнинг нотўғрилигини кўрсатиш учун мўлжалланган норозилик намойишлари;
- Келинг, шу ўринда ўз жонига қасд қилиш ҳақида халқ орасида кўп учрайдиган сохта тасаввурлар хақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Бунда сохта тасаввурларнинг энг биринчиси сифатида “Руҳий соғлом одамлар ўз жонига суиқасд қилмайди. Суиқасд қилганларнинг барчаси руҳий беморлар” деган тасаввурни айтган бўлардим. Бу нотўғри. Аслида суиқасд қилган шахслар орасида руҳий беморлар 30 фоиздан ошмайди.
Кимда-ким ўз жонига қасд килиш ҳақида кўп гапирса, одатда бу ишни қилмайдилар. Аслида ўз жонига қасд қилганлар ўлими олдидан ўз мақсадлари ва кечинмалари билан ўртоқлашадилар.
Ўз жонига қасд қилишга мойиллик наслдан-наслга ўтади. Ҳақиқатдан ҳам оиласида шундай ҳолат кузатилган ёки яқин дўстларидан кимдир ўз жонига қасд қилган бўлса, шу оила аъзолари ўртасида қасд килиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ учраши мумкин, лекин суиқасд қилишга мойиллик наслдан-наслга ўтмайди ва феъл –атвор қирраси бўлиб ҳисобланмайди. Ўз жонига қасд қилиш тўсатдан бажариладиган импульсив жараён, деб қаралади. Аслида ўз жонига қасд қилишнинг кўпгина юқори хавф белгилари мавжуд. Кўпинча суиқасд узоқ тайёргарликдан сўнг амалга оширилади.
Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган шахс камдан – кам ҳолларда иккиланади. Аслида ўз жонига қасд қилишдан олдин шахс иккиланади, таскин ва ёрдам топиш ҳаракатларини амалга оширади.
Ўз жонига қасд қилиш хавфи қисқа вақтли хусусиятга эга ва инқирозли вазият ўтиб кетганидан сўнг одатда суиқасд такрорланмайди. Аслида яхшиланиш алдамчи бўлиши мумкин, ташқи хотиржамлик остида қатъий қабул қилинган ечим ётиши мумкин ва суиқасд такрорланиши мумкин. - Суицидларни тасниф қиларканмиз, уларнинг қандай тоифалари бор, шулар хақида ҳам гапириб ўтсангиз.
- ОЛИМЛАР ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ТУРЛАРИНИ УЧ ТОИФАГА АЖРАТАДИЛАР:
♠ кўргазмали ҳаракатлар — псевдосуицидлар;
♠ ҳақиқий ўз жонига қасд қилиш;
♠ яширин ўз жонига қасд қилиш (билвосита ўз жонига қасд қилиш, билвосита ўз-ўзини йўқ қилиш).
Биринчи тур — кўргазмали ўз жонига қасд қилиш.
Бу кўпинча қисқа муддатли, тўсатдан кучли таъсир сабабли содир бўлади. Псевдосуицид — бу гипертрофияланган истерик реакцияларнинг намоён бўлиши. Бунда шахс ўз ҳаётини тугатиш мақсади билан эмас, балки бошқаларнинг эътиборини ўз шахсига жалб қилиш ниятида ўз жонига қасд қилиш хатти – ҳаракатларини намойиш этади. Бундан кўзланган мақсад ўзини жамиятга эълон қилиш ёки ундан керакли фойда олишга уриниш. Кўргазмали ўз жонига қасд қилиш бу — шантажнинг бир тури. Шундай булса-да бу хатти – ҳаракатларга эътиборсиз бўлиш ярамайди. Ҳалокатли тасодиф туфайли ўлим содир бўлиши мумкин. Масалан, узилиб кетишига ишониб бўйинга тортилган арқон узилмай қолиши.
♠ Иккинчи тур — ҳақиқий ўз жонига қасд қилиш.
Ҳақиқий ўз жонига қасд қилиш — шахснинг ўз ҳаётини тугатиш тўғрисидаги сўзсиз қарорни, дастлабки тайёргарликни ва аниқ режа тузишни ўз ичига олади. Ҳақиқий турдаги ўз жонига қасд қилишдан мақсад, шахснинг ер юзида қолишни истамаслиги ва ҳар қандай усул билан бўлса-да ҳаётини тугатиш. Бундай ҳолда, суиқасд яқинларининг фикрларини тингламасдан, уларга эътибор бермасдан, фақат ўз қарори билан бошқарилади.
♠ Учинчи тур — билвосита ўз жонига қасд қилиш.
Бу зудлик билан ўлимга олиб келмайдиган хатти-ҳаракатлар моделидир, лекин субъектнинг барча ҳаракатлари ўлимнинг юқори эҳтимоли билан бирга келади.
Яширин ўз жонига қасд қилишнинг шакллари сифатида алкоголизм ва гиёҳвандликни мисол қилиш мумкин. Шу билан бирга ўз жонига қасд қилишнинг билвосита турига мисол бўладиган ҳолат — агар шахсда жиддий касаллик бўлса-да ва у тиббий ёрдамдан онгли равишда воз кечса. Ўз жонига қасд қилиш ҳаракатларининг яширин турларига хавфли ҳайдаш, йўл ҳаракати қоидаларига қасддан эътибор бермаслик ва хавфсизлик чораларига кўргазмали равишда эътибор бермаслик ҳам мисол бўла олади. Шу жумладан, тегишли тайёргарликсиз ва зарур жиҳозлар бўлмаганда экстремал спорт турлари билан шуғулланиш ҳам киради. - Ўз жонига қасд қилишга мойил шахс ривожланишига сабаб бўлувчи факторлар сифатида нималарни айтган бўлардингиз?
- Боланинг ижтимоий носоғлом, ассоциал муҳитда вояга етиши. Ҳаддан ташқари зўравонликда тарбияланиши. Болалигидан инсоний эҳтиёжлари эътиборга олинмаслиги, унинг ҳуқуқлари поймол қилиниши, қадр-қимматининг камситилиши. Кичкина одам мунтазам равишда катталар томонидан зўравонликка дучор бўлиши, ота-онаси томонидан меҳр кўрмаганлиги ва эътиборни ҳис қилмаганлиги. Муаммоли муҳитда вояга етган инсонда турли хил камчилик ва комплекслардан азият чекадиган шахс шаклланади. Бу эса ўз навбатида ўз жонига қасд қилиш хатти – ҳаракатларининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Aниқланишича, ўз жонига қасд қилиш, ҳеч қачон турмуш қурмаган одамлар томонидан кўпроқ содир этилади.
Ўз жонига қасд қилишга уринишларнинг асосий сабаблари орасида мутахассислар қуйидаги «оилавий» омилларни келтиришади:
♣Оилада йиллар давомида ўзаро тушунмовчиликларнинг мавжудлиги;
♣қариндошлар билан тез-тез жанжаллашиш ва ўзаро низолар кузатилиши;
♣турмуш ўртоғининг ахлоқсиз одатлари;
♣яқин инсонига хиёнат қилиш ҳолатлари;
♣фарзандлари билан боғлиқ, узоқ вақт ечими топилмаётган муаммоларнинг мавжудлиги;
♣оғир ақлий нуқсонлари ёки даволаб бўлмайдиган соматик касаллиги бўлган кекса одамлар билан мажбурий бирга яшаш;
♣турмуш ўртоғи томонидан нафратланган муносабат, шахснинг қўрқувда яшаши, маънавий босим ўтказилиши;
♣турмушнинг бекор қилиниши, ажрашиш;
яқин қариндошининг фожиали ўлими;
♣турмуш ўртоғи ёки болаларининг жиддий касаллиги;
♣ижтимоий изоляция ва ёлғизлик ҳисси;
Таълим фаолияти ва ижодий лойиҳалардаги муваффақиятсизликлар, касбий соҳадаги қийинчиликлар ҳам одамни ўз жонига қасд қилишга ундаши мумкин.
Ўз жонига қасд қилишнинг сабаби, шунингдек, инсоннинг молиявий муаммолари ҳам бўлиши мумкин: корхонанинг банкротлиги, ишни йўқотиш, иш топа олмаслик, даромад манбасини йўқотиш. Ижтимоий мақомнинг кескин ўзгариши ва жамиятдаги обрў-эътиборнинг йўқолиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Суиқасдга сабабчи жиддий соматик касаллик бўлиши мумкин, айниқса, кучли оғриқли даволаб бўлмайдиган саратон касалликлари.
Ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилишнинг тарқалганлиги сабабларидан, бу ўзларининг «етуклигини» намойиш этиш ва тенгдошлари орасида машҳурликка эришиш истаги. Бундан ташқари ўсмирлик даврига хос булган хусусият, ўзини-ўзи сақлаш инстинктининг паст бўлиши. Вояга етмаганлар ўз хатти- ҳаракатларида кўпроқ мантиққа эмас, балки эмоцияларга берилиб иш юритишга мойил бўладилар. Вояга етмаганлар орасида суиқасдга туртки бўлувчи ташқи омиллар арзимас сабаблар бўлиши мумкин. Масалан: ота-онаси ўспириннинг телефонини олиб қўйиши, таълим муассасасида танбеҳ ёки паст баҳо олганлиги, тенгдошлари ўртасидаги можаро.
Ўз жонига қасд қилиш ҳаракатларининг олдини олишнинг асосий чораси шахсниг психотик реакцияларга мойиллигини ўз вақтида аниқлаш ва руҳий касалликларни комплекс даволанишини таъминлаш. Aгар ўз жонига қасд қилиш ҳаракатларининг элементлари мавжуд бўлса, психотерапевтик даволаш курсини ўтказиш тавсия этилади. Кўпинча профилактика сифатида когнитив-хулқ-атворли психотерапия усуллари қўлланилади. Даволаш жараёнида умидсизлик ҳисси пайдо бўлишининг сабаблари аниқланади, шахс онгининг бу ҳалокатли элементларини йўқ қилиш бўйича ишлар олиб борилади.
Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш воситаларидан бири бу ишонч телефони орқали психологлар томонидан бериладиган маслаҳатлар. Бироқ, кўпчилик юртдошларимиз руҳий муаммолари билан шифокорларга мурожаат килишга нотўғри муносабат билдиришади. Шунинг учун ҳам профилактика тадбирларидаги асосий вазифаларидан бири, бу аҳолининг психологик саводхонлигини ошириш, ўз руҳий саломатлигига ўз вақтида ғамхўрлик қилиш лозимлигини халкка тушунтириш, тиббий маданиятини ошириш, психиатрия хизматларига мурожаат қилиш қўрқувини йўқ қилишдан иборат.
Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш чора-тадбирлари фуқароларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган давлат даражасида ўтказилаётган глобал тадбирларниг аҳамияти катта. Жисмоний тарбия ва спортнинг оммалаштирилиши, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши устидан назоратнинг кучайтирилиши, алкоголизмга қарши кураш тадбирлари ўз жонига қасд қилиш кайфиятининг олдини олувчи зарур чора-тадбирлардан бири бўлмоқда. - Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Суҳбатдош Дилафрўз Эгамбердиева.