Image default
Жамият

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ-МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

Қурбонлик Ислом динида молиявий ибодатлардан бири бўлиб, луғатда “яқинлашмоқ” маъносини билдирса, шариатда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсадида ҳайвон (жонлиқ) сўйиб муҳтожларга тарқатиш тушунилади.

Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасида марҳамат қилиб айтади:

“Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй”.

Оятда аввал ҳайит номозини ўқишга буюрилиб, сўнг қурбонлик қилишга амр қилинмоқда. Шунингдек, “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хутба айтиб туриб: “Албатта, бугун (ҳайит куни) биринчи бўлиб қиладиган ишимиз — намоз ўқимоқ, кейин эрса, бориб қурбонлик қилмоқдир. Кимки шундай қилса, бизнинг суннатимизни бажо келтирибди!” – деганлар”.
Мусулмон, озод ва муқим ҳамда нисоб миқдордаги молга эга бўлган кишига қурбонлик қилиш вожиб. Аммо Имом Муҳаммадга кўра, киши ақлли ва балоғатга етган бўлиши шарт. Фатво мана шу қавлга кўра берилган (“Фатовойи Ҳиндия”). Улуғларимиз қурбонлик қилишда савоб кўплиги ва фазилати зиёдалигидан вожиб бўлмаса ҳам, киши бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб айтишган.
Бу амалнинг фазилати ҳақида бошқа ҳадисларда қурбонликнинг қони ерга тушиб улгурмасдан қурбонлик қилаётган кишининг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳамда қурбонлик қилинган ҳайвоннинг жунлари миқдорича эгаси савобланиши башорат қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Туринг ва бориб қурбонлигингизга гувоҳ бўлинг. Унинг қонини биринчи томчиси томиши билан сизнинг ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинур”, дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу (қурбонликнинг қонини биринчи томчиси томиши билан гуноҳларни мағфират қилиниши) биз – аҳли байтга хосми ёки биз ва мусулмонларга умумийми?”, — деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Барча мусулмонларга умумийдир”, дедилар.

Қурбонлик учун сўйишга беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, олти ойликдан ошган қўй ва бир ёшли эчки ярайди.

Хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик учун сўйилмайди.
Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти, ёғи, териси ва бошқа нарсалари сотилмайди. Аммо киши уларни ихтиёрий равишда бировларга бериши ёки оиласи учун ишлатиши мумкин. Агар тери сотилса, қиймати садақа қилинади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар тўрига қўй, эчки, мол ва туя киради. Қўй ва эчкиларнинг бир ёши қурбонлик қилинади. Агар олти ойлик қўзи онаси билан гавдаси тенг ва семиз бўлса, уни ҳам сўйиш жоиз. Аммо бу ҳукм улоқча (эчки боласи) учун тегишли эмас (Сарахсий, “Ал-Мабсут”).
Шунингдек, қўй ва эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилинади. Мол билан туяга эса етти нафаргача шахс шерик бўлиши мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши керак. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак (Алоуддин Косоний. “Бадоеус Саное”).
Қурбонлик қилиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Ўнинчи куни сўйишнинг фазилати кўпроқ. Шу кунлар орасида кечаю кундуз қурбонлик сўйиш мумкин. Аммо кечаси сўйиш макруҳ. Ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан қурбонликнинг вақти ўтган ҳисобланади ва бундай ҳолда қурбонликка аталган, аммо бирор сабаб билан сўйилмай қолган ҳайвон тириклигича садақа қилиб юборилади (“Фатовойи Ҳиндия”)
Қурбонлик учун танланган жонлиқ ўта озғин, сўйиш жойигача юриб бора олмайдиган ҳолдаги чўлоқ, кўзи кўр, қулоғи, шохи ёки думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган бўлса қурбонликка ярамайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас — ғилайлиги, беморлиги, чўлоқлиги очиқ-ойдин бўлган ҳайвон ва мияси айланиб қолган ҳайвон” — деб марҳамат қилганлар.

Қурбон ҳайити куни ҳайит намозининг ўқиб бўлиниши қурбонлик сўйиш вақтининг бошланишидир.

Қурбонликни Ҳайит намозини ўқиб бўлингандан бошлаб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар сўйиш мумкин. Бироқ, ҳайитнинг биринчи куни сўйган афзал. Агар қурбонликни сўйиш қўлидан келса, қурбонлик қилаётган кишининг ўзи сўяди. Қўлидан келмаса, биладиган кишига сўйдиради ва ўзи ёнида қурбонлик қилинаётган ҳайвонга қўлини текизиб қурбонлигини қабул бўлишини сўраб дуо қилиб туради. Сўйган кишига хизмат ҳақи сифатида қурбонлик гўштидан (териси ва бошқа нарсаларидан) бериш жоиз эмас. Унга пул бериб, рози қилинади.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини келган мехмонларга пишириб бериш ва учдан бирини кейинчалик ейишга олиб қолиш мустаҳабдир. Агар қурбонлик қилувчи серфарзанд бўлса, садақа қилиш ўрнига ҳаммасини оиласи эҳтиёжи учун қолдирса ҳам бўлади.

Суннатиллоҳ домла Эрназаров,
«Рамазони шариф» жоме масжиди бош имом-хатиби.

МАВЗУГА ОИД

«Теракли» ва «Дўстлик» учун муҳим янгилик

admin

«САЙХУНОБОД», «УЙЧИ», «ҒИЖДУВОН» ВА «ЗАРБДОР» ТАЖРИБАСИ БЎЙИЧА ОЛМАЛИҚДА ҚАНДАЙ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ?

admin

ШАҲАР ПРОКУРОРИ АБДУМАЛИК КУЛДАШЕВНИНГ ШАҲРИМИЗ АҲОЛИСИГАМУРОЖААТИ

admin

КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИДАГИ БЕШ ЙИЛЛИК САРҲИСОБ ВА НАВБАТДАГИ САЙЛОВ

admin