…Кўзи ожиз одам «КЎРЛАРГА ЁРДАМ БЕРИНГ» деган белги билан ўтирарди, лекин унинг қутиси бўм-бўш эди.
Ўтиб кетаётганлардан бири журналист аёл эди. У сўқир одамга яқинроқ келиб,
“Сизда нотўғри белги бор. Бошқа матн ёзинг, ёзганларингиз таъсирли чиқиши керак” деди. Йўқ, бундай қилолмайман. Ёлғон гапиролмайман ахир. Ва ёлғон гапирманг ҳам. Мени тингланг, сизга ўзим матн ёзиб бераман… Журналист аёл ёзиб қолдириб кетган тахтачани ушлаб ўтирган сўқирга пул ёғила бошлади. У чинакамига ҳайратда эди. Аёлнинг нима ёзганлигига жуда қизиқарди. Ва ниҳоят йўлдан ўтиб кетаётганлардан бири тахтачадаги ёзувни унга ўқиб берди:
«ЯҚИНДА БАҲОР КЕЛАДИ. ЛЕКИН МЕН УНИ КЎРМАЯПМАН!!!»
Мана сизга журналистиканинг беқиёс кучи!
Биламизки, ҳар йили 27 июнь санаси юртимизда Оммавий ахборот ходимлари куни сифатида нишонланади. Шу сана муносабати билан нафақат шаҳримиз ва ёки вилоят ҳаётида, балки республика миқёсида ҳам эътироф этиб келинаётган шаҳримиз журналистлари билан ҳамсуҳбат-у ҳамнафас бўлдик.

БИЗНИ ЭЛДА АЗИЗ ҚИЛГАН СОҲА
Шоира Матмуродова — ОКМК Ахборот хизмати телеканали бош муҳаррири:
- Ҳаётимда нимаики ёрқин, қизиқарли бўлган бўлса кўпчилиги шу соҳамиз билан боғлиқлигини айта оламан. Ўшанда тиббиётчилар куни билан ташкил этилган байрам тадбирига оператор билан боргандик. Ҳамма “телевидение келади” деган тадорик билан бизни кутяпти… Тадбир бўлаётган банкет залига киришим билан менда тўлғоқ бошланиб қолишини ким ўйлабди денг, ахир қизалоғимни дунёга келтиришимгача ҳали вақт бор эди-да… Мен ҳамон кулиб эслайдиган шу воқеага ҳам 14 йил бўлибди…
Касбимизни, ишимизни яхши кўрганимиздан баъзан саломатлигимиз билан боғлиқ ҳолатлар ҳам иккинчи даражага тушиб қолган пайтларимизни эслаб пўлат қироли Эндрю Карнегининг бир гапини ёдга оламан: “Ҳар куни байрамга боришни истайсанми, унда ўзинг севган касбни танла!” 20 йиллик журналистик фаолиятимга назар ташлаб иш вақтидан ташқари бўлган съёмкалар, интервьюлар, умуман, соҳанинг машаққатларига қарамасдан биз бу соҳани эъзозладик, соҳа эса бизни элда азиз қилди, дея оламан!
Яқинда Хитойнинг энг машҳур телеканалларидан бирида бўлишга мушарраф бўлдим. Гуанчжоу провинциясининг “Гуанчжоу ТВ” телеканалида бўлганимизда улардан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатларни ўзим учун қайд қилиб қўйдим. Лекин яна бир нарсани айтиб ўтишим керакки, бизнинг журналистларимизнинг бохабарлик даражаси анча баландроқ, қайси соҳадан гапирсангиз давом эттириб кета олишади фикримча. Мана шу жиҳатлар уларнинг устунлигини таъминлайди, деб ўйлайман. Хитойлик ҳамкасбларимизда ўзлари бажарган ишни чиройли равишда кўрсатиб бера олиш, яъни тақдимот қила олиш қобилиятини яхши ўзлаштиришган. Улар ғояни, фикрни жуда ҳурмат қилишади. Буларни кўриб Стив Жобс айтган гаплар нақадар билиб айтилган ва тўғри гаплар экан деб қолдим. “Дунёдаги энг қиммат нарса бу — ғоядир”.

НОНИ ҚАТТИҚ ЖУРНАЛИСТИКА
Ойсара Дадаева — ОКМК ТВ нинг фахрий журналисти:
- Журналистика мактабининг нони қаттиқ десам муболаға қилган бўлмайман, сабаби бу соҳа вакиллари чиндан метин ирода соҳибларидир. Бир қарашда оддий, одми инсонлар, лекин юраклари оташ, айтмаган айтолмаган гаплари, юрак туби исёнлари бисёр. Очиқлик, ошкоралик дейишади. Лекин ўзбек журналистлари оилам дейди, фарзандим дейди, ўзбекчилик, юз-хотирчилик қилишади. Фаолиятим давомида эсда қоларли хотираларим кўп, ёзса китоб бўлгулик. Лекин кўнгилни ғаш қилгувчи ҳолатлар, айтгим келган, аммо айтолмаган вазиятларим кўп бўлган.
Аёл журналистларга осон эмас. Уларнинг машаққати эркак журналистларга нисбатан икки карра кўпроқ. Ҳам фарзандини, ҳам уй-жой, ҳам ишини уддалаши керак. Бир қарашда осон, лекин бир қатор сўз битиш учун ҳам истеъдод ва энг муҳими ижодий муҳит даркор, деб ўйлайман…
Бир куни Сурхондарёга хизмат сафари билан кетдик. Ҳамроҳлар ичида менга жуда бир хокисор, камтарин, мулойим аёл ҳамкасбим ҳамроҳлик қиларди.. Ҳамкасбимнинг турмуш ўртоғи ҳам бор жамоада. У жуда рашкчи бўлганидан аёлига ҳамроҳлик қилиб келаётганди. Кечки пайт дастурхон устида озгина ширакайф ҳайдовчимиз “аёл киши уйида ўтирсада, болаларига бош бўлиб” деган гапни зарда аралаш гапирганидан кейинги вазиятни кўрсангиз эди. Бу гап ўзи паймонаси тўлиб турган бояги рашкчи эрга жуда қаттиқ таъсир қилганлигини аёллик қалбим билан сезиб турардим… Нима қилиш керак? Вазиятдан чиқмасак бўлмайди. Ҳозир шу дақиқада бу гапга жавоб бўлмаса мен ҳамкасбимдан айриламан, турмуш ўртоғи уни бошқа бу соҳада ишлатмаслиги мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг “Майиз емаган хотин” ҳикояси жонимга оро кирди. Ҳикояни айтиб бердим: рашкчи эркак сал ўзига келди, юзларига қон югурганини ҳис қилдим. Ҳикоя қаҳрамони хотинининг уйда ўтирганидан хотиржам, кўчага чиқиб мақтанади: хотиним жуда иболи, паранжини ечмайди, кўчага ҳам чиқмайди, олдига фақат бир дугонаси келиб туради. Ҳикоя сўнгида аёлнинг паранжи остидаги “дугонаси” эркак бўлиб чиқади. Қиссадан ҳиссани барча тушунди, деб ўйлаб сўзимни якунладим…
Мана шундай мураккаб вазиятларга кўп рўбарў бўлганим учун “Журналистиканинг нони қаттиқ” деган гапни кўп бора тилга оламан…

СОҲАНИНГ ЖОЗИБАСИ НИМАДА?
Муяссар Жўрабекова — ОКМК ТВ телеканали етакчи мухбири:
- Бир кун флотатор билан гаплашасиз, яна бир кун ўқитувчи. Аслида журналистика режаларни қабул қилмайди. Блокнотдаги қайд ва режаларингиздан ташқари воқеалар, тадбирлар бўлиб қолади. Бора-бора бу нарсалар сингиб кетади ҳаётингизга. Соҳанинг жозибаси ҳам шунда бўлса керак… Журналистика шунчаки янгиликлар эмас, балки тасодифий воқеалар, турли нохуш вазиятлар ҳам дейиш мумкин. Бунақа вазиятга тушмаган бирорта журналист бўлмаса керак. Мураккаб вазиятларда ота-онамиздан олган тарбиямиз, ахлоқий қадриятларимизга таянган ҳолда вазиятга ёндашамиз.
Панжара ортида жазо муддатини ўтаётган одамларнинг қисматидан ҳикоя қиладиган кўрсатувлар қилиш орзуларимдан биридир.
…Мен олам юрагига энг яқин одам бўлиш учун журналистикани танладим. (Льюс, америкалик журналист)
…Америкада президентлар давлатни 4 йил бошқарадилар, дунё журналистлари эса дунёни бутун умр бошқарадилар. (Оскар Уайлд, инглиз ёзувчиси)
Дарвоқе, журналистлар — дунё кўчаларини қўлларидаги қалам билан тоза қилувчи одамлардир, дейилганида хақ гап айтилганди дейиш мумкин. Ҳақ гапни айта олиш журналистнинг виждонидан дарак. Бу шундай виждонки, унда халқнинг нафаси яшайди. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан халқ нафаси билан “нафас олаётган”, сўзи ва қалами билан оламнинг эзгу қиёфасини яратишда ўзларининг беқиёс кучини кўрсатиб келаётган ОКМК ТВнинг ижодий жамоасини, умуман барча оммавий ахборот воситалари ходимларини, ўз ишининг профессионал усталарини байрам билан самимий табриклаб қоламиз!
Дилафрўз Эгамбердиева.