21 июнь куни Миржалол Қосимов шогирдлари Суперлиганинг 12-тур ўйинида Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони — Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан тўқнаш келди ва супер «cоме ваcк» эвазига ғалабани тантана қилишди.
12-турнинг марказий учрашуви сифатида ўтган ОКМК ФК — «Пахтакор» қарама қаршилиги дастлаб тенг курашлар остида бошланди. Учрашувнинг дастлабки хавфли вазиятини 11-дақиқада пойтахт жамоаси юзага келтирди ва натижада пеналти ишлашга муваффақ бўлишди. «Пахтакор» жамоаси сардори Драган Черан эса нуқтадан адашмади — 0:1.
Аммо кўп ўтмай, ҳужумга ҳужумлари билан жавоб берган «кончилар» 34-дақиқада келиб мувозанатни тиклашди. Футболчимиз Акрамжон Комилов чап қанотдан Азиз Холмуродовни, Холмуродов эса Ариҳиро Сентокуни тўп билан таъминлади ва япониялик легионеримиз комбинатсияни ажойиб тарзда якунлади — 1:1.
Афсуски, биринчи таймнинг сўнгги дақиқаларида «шерлар» стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Гол муаллифи — Муҳаммадрасул Абдумажидов — 1:2.
Танаффусда Миржалол Қосимовдан керакли кўрсатмаларни олган вакилларимиз иккинчи таймда рақибларига қарши янада тажовузкор футбол намойиш этишни бошлади. 76-дақиқада ОКМК ФКнинг кетма-кет рейдларидан сўнг «шерлар» ўйинчиси Шаҳзод Азмиддинов ўз жарима майдончаси ичида Хуршид Ғиёсовга нисбатан қўполлик ишлатишга мажбур бўлди ва «Пахтакор» дарвозасига пеналти белгиланди. Хуршид Ғиёсов ўзи ишлаган пеналтини ўзи амалга оширди ва унинг йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди! Қайтган тўпни аниқ дарвозага йўллаган Хуршид Ғиёсов ҳисобни тенглаштирди — 2:2!
Шундан сўнг, руҳий тушкунликни руҳий устунликка айлантира олган «кончилар» яна рақиб жамоанинг ҳимоя қўрғонини хавфли ҳужумлар билан қамал қилишда давом этди. Бунинг натижасида олмалиқликлар ўйиннинг сўнги дақиқаларида икки бор «Пахтакор» дарвозасини ишғол қилди.
Сўнгги дақиқалардаги футболчиларни алмаштиришдаги Миржалол Қосимовнинг топқирлиги жамоамизни ғалаба томон етаклади! Учрашув якунланишига оз қолганда захирадан майдонга тушган икки Грузиялик футболчиларимиз «cоме баcк» амалга оширишди. 90-дақиқада севимли жамоамизнинг ажойиб қарши ҳужумини Гиорги Папава чиройли тарзда якунлаган бўлса, 90+7-дақиқада «Пахтакор» аъзоларининг ҳимоядаги ўта қўпол хатосини Иракли Руҳадзе кечиришни истамади ва ҳисобни ишончли кўринишга келтирди — 4:2!
Шу тариқа, ОКМК ФК икки бор ҳисобда орқада бориб, якунда супер «cоме баcк» эвазига амалдаги чемпионлардан ғалабани тортиб олди ва муҳим 3 очкони қўлга киритди. «Шунингдек, «кончилар» ушбу ғалаба орқали умумий ҳисобда 23 очкога эга бўлган ҳолда яна Суперлига пешқадамлигини ўз қўлларига олишди.
Маълумот учун, ОКМК ФК Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давра якунида, яъни Суперлиганинг 13-тур доирасасида Қаршига сафар уюштириб, «Қизилқум» жамоаси меҳмони бўлади.
Айни дамда жамоамиз турнир жадвалида 12 ўйинда 23 очко жамғарган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. «Қизилқум» клуби эса 12 очко билан 11-ўринни банд этган.
Мазкур баҳс 28 июнь куни, Қаршидаги «Марказий» стадионида соат 20:00да бошланади.




Али Абдуаҳадов,
ОКМК футбол клуби Ахборот хизмати медиа муҳаррири