Image default
Жамият

ФЛОТАЦИЯ МАЛИКАСИ

Биламан, сарлавҳа машҳур, уни ёздиму ўйга чўмдим. Мудом кўпикланиб турувчи флотация деган тушунчалар қачон ва қандай қилиб пайдо бўлган? Унинг келиб чиқишига қизиқа бошладим.

Америкалик бир аёл рудадан бўшаган қопларни ювиш учун уларни совунли сувга солади. Рудалардан бўшатилган қопларни ювишда совун қўлланилгани эвазига рух ва қўрғошин кўпик билан бирга юқорига кўтарилган. Мана шундай қилиб флотация жараёнлари пайдо бўлган ва у саноатга кириб келган экан.
Бежизга бу мавзуга қўл урмадик, боиси бугунги қаҳрамонимиз флотатор аёллардан бири бўлган — Фотима Ўрозбоева бўлади. 10 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Фотима коллежни битириб, илк фаолиятини комбинат жабҳасида бошлаган ёшлардан.
2-Мис бойитиш фабрикаси (СОФ)Янчиш ва флотация бўлимининг тахта йўлаклари бўйлаб кетарканман, кўпикли флотация мени ўзига ром этиб борарди. Шундай қилиб Фотима ишлаётган жойга келиб қолибмиз. Қарашлари теран ва жиддий бўлган бу флотатор қизни кузатарканман, ҳеч қандай лаб бўёғининг изини сезмайман. Аммо каска кийган, бошини ҳар томонга бурганида унга табиат бетакрор, ҳаммада ҳам учрайвермайдиган аёллик латофатини туҳфа этганини дилдан туяман. Шу ўйлар оғушида Квинт Горацийнинг ўша машҳур гапини эслайман:
“Ҳаёт сенга нимадир берса ва бермоқчи бўлса, эвазига сендан сўрайдигани бу — МЕҲНАТДИР”!
…Ҳар гал комбинат меҳнат жабҳасида жавлон уриб меҳнат қилаётган, оддий, самимий ва албатта ўз тиришқоқлиги, саботи, йиллар давомида тўплаган тажрибаси орқали бахт топган аёллар ҳақида ёзарканман Горацийнинг шу гапларига кўп маротаба амин бўламан. Мана бу гал ҳам шундай бўлди.

  • Асосий вазифамиз маъданларни таркиблаш, молекуляр боғлиқликларни парчалаш каби ишларни қамраб олади. Шу ўринда ушбу мураккаб жараёнларни ипидан игнасигача ўргатган устозларим, флотация усталари — Назар Собиров, Пўлат Саидов каби фидокор инсонларнинг номини эътироф этиб ўтишни лозим деб биламан, — дейди қаҳрамонимиз.
    …161 тонна олтин… Олтин кашф этилганидан буён шу кунга қадар қазиб олинган мазкур металл шунча тоннани ташкил этиши албатта, ҳаммамизга қизиқ бўлса керак. Айтишларича бир унция олтинни 80 километр масофага чўзиш мумкин бўларкан. Қадимги греклар қуёш нури ва сувнинг мукаммал қоришмаси деб билган олтин ҳақида қизиқ фактларни бежизга тилга олмадик. Боиси унинг мукаммал ҳолатга келгунича Фотимага ўхшаган флотаторларнинг ҳиссаси беқиёс бўлади ва ҳамиша эътирофга лойиқ бўлиб қолаверади!

ОТАХОН КОРХОНАНИНГ ШОНЛИ ЙЎЛИ


Ўзининг 70 йиллигини нишонлаётган отахон корхона — 2-Мис бойитиш фабрикаси Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг тарихий солномасида ўзининг залворли одимларига эга, деб бемалол айта оламиз. Ўтган асрнинг 50-йилларида лойиҳаси ишлаб чиқилган фабрика (аввалги Қўрғошин-рух фабрикаси)да лойиҳага кўра 2 миллион тонна миқдоридаги руда қайта ишлаш кўзда тутилган эди. Қўрғошин кони ва Олтинтопган конлари ўша даврда бунёд этилиши назарда тутилаётган фабрика учун руда базаси сифатида кўрилди.
Орадан 20 йил ўтиб, 1971 йилга келиб фабрика ўзининг янги ривожланиш маррасига чиқиб олди: унинг иш қуввати йилига 4 млн. тонна рудаларни қайта ишлашга етказилди. Шарли тегирмонларнинг фойдали иш коэффиценти режадаги 93,5% ўрнига қатор йиллар давомида 95-96% даражада сақлаб борилди. Бу мамлакат бойитиш фабрикалари орасида энг юқори кўрсаткич бўлиб қолди. Ускуналардан самарали фойдаланишнинг бу каби даражасига чиқилиши фабрика жамоаси 1976 йилда корхонанинг лойиҳа қувватини яна 10 фоизга ошириш имконини берди.
Рудаларни қазиб олиш ва қўрғошин-рух концентратларини олишни ошириш ва янги технологияларни ўзлаштириш йўналишларидаги ютуқлари учун 1966 йилнинг 13 майида Олтинтопкан қўрғошин-рух комбинати мамлакатнинг энг юқори орденлари билан тақдирланди…


Ҳозирги кунга келиб йилига 4,0 миллион тонна руда ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган фабрикада 600 нафарга яқин бойитувчи меҳнат қилар экан, уларнинг бир тизимли, узлуксиз иши туфайли “Қалмоққир” ва “Сариқ-чўққи” кон майдонларининг сульфидли мис-молибден маъданларини қайта ишлаган ҳолда жамоавий мис-молибден концентратлари олиниб, Мис эритиши заводига юборилмоқда.
Фабриканинг 70 йиллик фаолияти давомида фабрикада, қўрғошин-рух маъдани — 139,2 миллион тонна; мис-молибден маъдани – 46,5 миллион тонна қайта ишланди. Мамлакатимизга бойитма таркибида: қўрғошин — 1338 минг тонна; рух — 1352 минг тонна; мис — 432,8 минг тонна металлар ишлаб чиқарилди.


Айни шу кунга келиб 2-МБФда 635 нафар ходим меҳнат қилиб келаётган бўлса, шундан 125 нафари аёллар, 175 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, жами ходимлар сонининг 28% ёки 110 нафарини олий маълумотли мутахассислар ташкил этиши цехлар ва ишлаб чиқариш участкаларида шаклланган анъаналар бардавом этиши билан бирга айнан ана шу муҳандис-техник ходимлар корхонанинг эртанги истиқболларини белгиловчи куч ҳамдир.
Отахон корхонанинг 70 йиллиги муносабати билан меҳнат жамоасини самимий табриклаб, ишларига равнақ ва ривож, оилавий хотиржамлик тилаб қоламиз!

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

Ҳужжат йўқолса жазоси жаримами ёхуд..?

admin

«ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ»НИНГ 2024 ЙИЛ 1-МАВСУМИ ҒОЛИБ ЛОЙИҲАЛАРИ АНИҚЛАНДИ

admin

ҚУРАМАТОҒ БАҒРИДАГИ “ОЛТИН” ШАҲАР

admin

ҚИЗИҚИШ ВА ҲАЙРАТ НУҚТАСИ

admin