…Эркаклар киядиган кўйлакларнинг енг тугмаларини Наполеон ихтиро қилганлигини биласизми? Саркарда аскарлар ҳадеб бурунларини енг учлари билан артаверишларидан хуноб бўлганидан уларни бу одатдан қайтариш учун ўйлаб топган экан.
20 минг йил аввал пайдо бўлган тикувчилик ҳақида ёзарканман, бу касб эгалари иш қуроли бўлган игналарнинг пайдо бўлиш тарихига кизиқдим: Биринчи игналар тошдан, ёғочдан ва суякдан ясалган. Пўлатдан ясалган игналар фақат 14-асрда Хитойда қозиқ билан бирга пайдо бўлганлиги тарихий фактларда учрайди. Ҳозирги кўринишдаги қайчилар эса буюк рассом Леонардо да Винчи томонидан ихтиро қилинганлиги яна бир қизиқ маълумотлардан бири сифатида эътиборимни тортди.
Мен оилавий бизнесга асос яратган яна бир тикувчилик цехи хақида ёзарканман, шу маълумотларни келтириб ўтишни жоиз деб билдим.
Жорий йилнинг апрель ойида давлатдан 240 миллион сўмлик кредит олиб тикувчилик цехига асос солган қаҳрамонимиз — Дилором Раупова асосан эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечакларини тикиб оилавий бизнесга тамал тошини қўйди. Биз Дилором бошлаган ишни бежизга оилавий бизнес демадик. Боиси мазкур тикув цехида Дилоромнинг қайнонаси — Ҳалима Эрматова, қайнотаси — Шарофиддин Раупов ҳам фаолият юритиб келишмоқда.
- Аёлим, келиним бир неча йиллардан буён уйда тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келишарди. Аслида цех очиш фикри бир кунда пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ҳар бир янги жой очаётган одам ўз ишини ипидан игнасигача билиши энг муҳими эканлигини яхши билишади. Ва бу муваффақиятли бизнес йўлидаги энг биринчи қадам, деб биламан -, дейди Шарофиддин Раупов.
“Агар ишда сизнинг муаммоингиз бўлмаса, унда сизнинг ишингиз йўқ экан. Фақат севимли хобби бор сизда”…
“Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб, шу ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган қаҳрамонимиз — Дилором Раупованинг ишга бўлган муносабатини, у ишни иш деб эмас, севимли хобби сифатида қабул қилишини кўриб, айтилган гаплар ҳаётий эканлигига амин бўламиз.
…Агар интилиш бўлмаса ҳаёт чинаккам зулматдир. Илм бўлмаса, ҳар бир интилиш бекордир. Иш бўлмаса, барча билимлар беҳудадир. Ишга муҳаббат бўлмаса, ҳамма иш ҳам самарасиздир…
Ўз интилишларини ўзи ишлаётган меҳнат жамоасининг интилишлари билан муштарак тасаввур қиладиган Дилором каби ўзи яратган тизимни даромадли бизнесга олиб чиқа оладиган ёш ва ғайратли қаҳрамонларимиз бугун барча жабҳаларда топилади. Уларнинг ўз ишига максимал ёндашуви энг аъло қадрият аслида. Зеро, бу қадриятлар билан муваффақиятнинг янги уфқлари забт этилса, не ажаб.
Дилафрўз Эгамбердиева.